Урушда бедарак йўқолган ўзбек жангчисининг хоки ватанига келтирилди

    Ҳарбий 5 май 2021 10230

    1922 йил Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида туғилган Бобораҳим Абдуллаев 1941 йил Иккинчи жаҳон урушига кетган эди.

    Уруш тугагач, унинг бедарак йўқолганлиги тасдиқланганди. Бироқ 2020 йил октябрь ойида Санкт-Петербургнинг “Линия фронта” қидирув отряди томонидан Ленинград вилояти, Кировск тумани, Молодцово қишлоғи яқинида Иккинчи жаҳон урушида вафот этган аскарларни қидирув ишлари олиб борилиши натижасида бир аскарнинг жасади қолдиқлари ёнидан топилган ҳужжати ва медалонига кўра Бобораҳим Абдуллаев эканлиги тасдиқланди.

    Санкт-Петербург шаҳар ташқи алоқалар қўмитаси бошқармаси бошлиғи Е. Кассюранинг таъкидлашича Ленинград қамали пайтида урушдан, совуқдан ва очликдан 420 минг нафар аҳоли, шулардан 7 минг нафари ўзбекистонлик аскарлар вафот этган ва улар ҳаққига Санкт-Петербург шаҳридаги Пскаревский қабристонида ёдгорлик ўрнатилган.

    Ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва дипломатик ваколатхона номидан ўзбек қаҳрамонини топишда ва уни Ватанига қайтаришда зарур ишлар олиб борганлари учун уларга миннатдорчилик билдирилди.

    Она ватанига келтирилган ўзбек ўғлонининг хоки Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги бошчилигида ва Каттақўрғон туман ҳокимлиги, фахрийлар, ёшлар ва марҳумнинг яқинлари иштирокида ўзи туғилиб ўсган Энам яхши қишлоғининг халқ қабристонига мусулмонлар удумига кўра қайта дафн этилди.

    Маросимда марҳум ҳаққига қуръон тиловат қилиниб, яқинларига ҳамдардлик билдирилди.

    – Эндигина эсимни таниганимда, отам билан энам, “икки болам урушдан қайтмади-я”, дея хўрсиниб йиғлаганлари ҳамон ёдимда, – дейди Бобораҳим Абдуллаевнинг синглиси Ойсаҳат Исломова. – Акам энди йўқолган аскарлар қаторида эмас, балки ўзининг қаҳрамон сафдошлари билан ўзбек заминида абадий тинчлик топган аскар бўлди. Бунинг учун барча-барчага ўз минатдорчилигимни билдираман.

    Марҳумнинг ҳоки билан биргаликда келтирилган буюмлари эндликда, яқинларининг розилигига кўра, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Тошкент шаҳрида бунёд этилган “Шон-шараф” музейида сақланадиган бўлди.

    Лейтенант Отабек НОРБОЕВ, Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates