USAID билан ҳамкорликда янги таълим стандартлари ишлаб чиқилади

    Таълим 14 январ 2021 543

    Ўзбeкистон Халқ таълими вазирлиги USAID билан ҳамкорликда янги таълим стандартларини ишлаб чиқади.

    Халқ таълими вазирлиги АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда мактаб ўқувчилари учун синфлар ва фанлар бўйича ўзлаштиришнинг янги стандартларини жорий этяпти.

    Хар бир синф даражасида ўқувчилар билимини аниқ талаблар асосида белгилаш вазирликка керакли кўникмаларни ўргатадиган ўқув дастурлари, дарсликлар ва ўқитувчилар учун қўлланмаларни ишлаб чиқиш имконини беради. Бу Ўзбекистон иқтисодиётида муваффақиятли бўлиши учун зарур бўлган танқидий фикрлаш, муаммоларни ҳал қилиш ва амалий кўникмаларга эга бўлган мактаб битирувчиларини етиштириб берадиган сифатли таълим тизимини яратишнинг фундаментал элементларидан биридир.

    Жорий йилнинг 14 январидан 1 февралгача бўлган даврида таълим соҳасининг 60 дан ортиқ мутахассислари Халқ таълими вазирлиги ва USAID томонидан молиялаштирилган «Ўзбекистонда баркамоллик учун таълим дастури» билан ҳамкорликда ўтказиладиган таълим стандартларини тақриз қилиш бўйича семинарда иштирок этади. Семинарнинг мақсади вазирлик ходимларини она тили ва математика фанларидан (1-4 синфлар учун) ҳамда информатика ва ахборот технологиялари фанидан (1-11 синфлар учун) таълим стандартларининг лойиҳасини тақриз қилишга тайёрлашдан иборат.

    Халқ таълими вазирлиги умумий ўрта таълим тизимини тизимли ва комплекс ислоҳ қилишнинг улкан дастурини амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. USAID вазирликни ислоҳотларни амалга оширишда қўллаб-қувватлаш учун 2019 йилнинг декабрь ойида тўрт йиллик «Ўзбекистонда баркамоллик учун таълим дастури» нинг ижросини бошлади. Дастур АҚШнинг Research Triangle Institute (RTI) ва унинг ҳамкорлари бўлган Флорида давлат университети ва Миссисипи давлат университети томонидан амалга оширилади, деб хабар беради АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати.