Уйғоқ фикр тарбияси ёхуд янги Ренессансни бунёд этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар

    Маънавий янгиланиш йўлидан боряпмиз. Юртимизда халқ орзусини рўёбга чиқариш, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш учун салмоқли ишлар бошланган. Бунинг учун уйғоқ фикр тарбияси жуда муҳим.

    Гап шу ҳақда борганида, Президентимиз шарқ донишмандлари фикрига асосланиб, “Энг катта бойлик — бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос — бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик — бу билимсизликдир”, деганида нақадар ҳақ экани яққол намоён бўлади. Янги Ўзбекистонни тараққиёт босқичига кўтаришда ана шундай билимли, иқтидорли, фикри уйғоқ, ватанпарвар, ҳар жиҳатдан комил ёшларга таянамиз.

    Президент таълим муассасалари агентлиги раҳбари Ҳилола УМАРОВА билан суҳбатимиз мамлакатимиз келажагига ҳисса қўшишга тайёр, билимли, салоҳиятли ёшларни тарбиялайдиган янги тизим, бугунги таълимдаги ислоҳотлар ҳақида бўлди.

    — Сўнгги йилларда “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган ғоя асосида таълим тизими тубдан ислоҳ қилиняпти. Бу борада Президентимизнинг қатор фармон ва қарорлари эълон қилинди. Шундан келиб чиқиб, истеъдодли болаларни танлаш, уларни тўғри йўналтириш, қобилиятини ривожлантириш, интеллектуал салоҳиятини намоён этишга кўмак берадиган таълим тизимини яратишга катта эътибор қаратилмоқда, — дейди Ҳ. Умарова. — Давлатимиз раҳбари 2018 йили Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида “Мамлакатимизни янги тараққиёт босқичига кўтаришни ўз олдимизга устувор вазифа қилиб қўйган эканмиз, буни амалга ошириш учун бизга, энг аввало, янги авлод кадрлари керак”, деган эди. Ана шу эзгу ният ва мақсадлар натижаси ўлароқ, тез суръатда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилди.

    Мақсад илғор халқаро тажриба ва технологиялардан фойдаланган ҳолда, ватанпарвар, билимли ёшларни тарбиялайдиган маскан яратиш эди. Шундай таълим муассасалари бугун юртимизнинг ҳар бир вилоятида фаолият юритмоқда. Ўтган йили Президент мактабларининг илк қалдирғочлари — 96 нафар битирувчисининг аксарияти дунёнинг нуфузли 100 талигига кирадиган олий ўқув юртларидан таклиф олди. Ўқувчиларимиз 17 миллион АҚШ долларига яқин грантни қўлга киритди. “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали 20 нафарга яқин ўқувчимиз айни пайтда дунёнинг нуфузли олий ўқув юртида таҳсил олмоқда. Битирувчиларимизнинг 65 фоизи агентлик тасарруфидаги “Янги Ўзбекистон” университетида таҳсилни давом эттиряпти. Бунинг негизида, албатта, салоҳиятли, уйғоқ фикрли кадрларни етиштириш мақсади ётибди.

    Президент мактабларида ўқитиш халқаро “STEAM — таълим” дастури асосида олиб борилади. Бундай дастурлар бўйича билим бериш инновацион янгиликларга йўл очади. Мактабда ўқувчиларнинг академик салоҳиятини, ижтимоий фаоллигини ва олган билимларини амалиётда қўллаш малакасини ошириш, етакчилик кўникмаси, нотиқлик санъатини ривожлантириш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, ҳаётга қатъий ишончни шакллантиришга эътибор қаратилмоқда. Бу, ўз навбатида, ҳар бир воқеликка огоҳлик билан қарайдиган, она юрти тараққиётига ўзини дахлдор сезадиган уйғоқ фикрли янги авлод камолга етишига хизмат қилади.

    — Тараққиёт стратегиясида ўқитувчиларга яхши шароит яратиш, янги мактаблар барпо этиш, мавжудларининг моддийтехник базасини мустаҳкамлаш, миллий таълим дастурини ишлаб чиқиш каби қатор вазифалар белгиланган. Ўтган давр мобайнида Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги таълим масканларида бу борада қандай ишлар амалга оширилди?

    — 2020/2021 ўқув йилида юртимиздаги умумтаълим мактаблари битирувчиларининг қарийб 30 фоизини олий таълимга қамраб олиш имконияти мавжуд бўлди. Ўтган ўқув йили якунларига кўра, агентлик тизимидаги 4 та Президент мактабини 96 нафар, 6 та ижод мактабини 160 нафар ва 3 та ихтисослаштирилган мактабни 165 нафар ўқувчи муваффақиятли тамомлади. Ўтган йили битирувчиларимиз 100 фоиз олий таълимга қамраб олинди. Бу ҳам барчамиз учун қувонарли кўрсаткич.

    Иқтидорли ўқувчиларга ўз салоҳиятини намоён қилиши учун барча шарт-шароит яратилмоқда. Мазкур ишлар доирасида олимлар, маҳаллий ва хорижий ўқитувчиларни жалб этган ҳолда ихтисослаштирилган мактабларнинг ихтисослик фанлари, жумладан, математика, информатика, физика, чет тилидан интеграциялашган таълим дастурлари ишлаб чиқилган бўлса, кимё, биология ҳамда ижод мактаблари учун она тили, адабиёт ва чет тили фанлари бўйича дастурлар устида иш олиб борилмоқда. Шу қаторда 7- ва 11-синфлар учун махсус адабиёт, 7-синф учун матншунослик дарсликлари тайёрланиб, ижод мактабларида тажриба-синовдан ўтказиляпти.

    Президентимизнинг ўтган йили 19 июлдаги “Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида қатор муҳим вазифалар белгиланди. Улардан бир қанчаси бугун ўз ижросини топган. Хусусан, ижод мактабларида маҳорат дарслари, замонавий ва миллий касб-ҳунарга йўналтирувчи тўгараклар йўлга қўйилиши, мактабларнинг нафақат маҳаллий, балки нуфузли хорижий кутубхона ва газета-журналларга бириктирилиши шулар жумласидандир.

    Шунингдек, ижод мактаби ўқувчиларининг ижодий ишлари тўплам сифатида, ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчиларининг кичик илмий изланишлари китоб шаклида мунтазам тарзда чоп этилиб, жамоатчиликка тақдим этилмоқда.

    Агентлик “Digital Generation Uzbekistan” нодавлат нотижорат муассасаси ҳамда “Zamin” халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда “Рақамли авлод” лойиҳасининг IТ йўналиши бўйича методика ишлаб чиқди ҳамда имконияти чекланган, алоҳида таълимга эҳтиёжманд 100 нафар бола учун инклюзив IТ таълим курслари ташкил этди.

    Юртимизда илк маротаба педагог кадрларни ишга қабул қилиш бўйича электрон тизим орқали очиқ танлов ўтказилди. Хусусан, агентлик тизимидаги мактабларга педагог кадрлар job.piima.uz сайти орқали ишга қабул қилинди. Жорий йилда фаолият бошлаган П резидент мактабларига 115 нафар хорижлик мутахассис, шунингдек, 357 нафар маҳаллий ўқитувчи танлов асосида ишга жалб этилди.

    Якунига етган ўқув йилида агентлик тизимидаги таълим муассасаларида малака тоифасига эга педагоглар улуши амалдаги 49 фоиздан 80,5 фоизга, халқаро сертификатга эга педагоглар улуши 12,1 фоиздан 50 фоизга етказилди. Мактабларимизнинг моддий-техник таъминоти бўйича ҳам анча ишлар бажарилди. Жумладан, 2022 йилнинг ўзида барча Президент мактабларининг лаборатория хоналари зарур жиҳозлар билан таъминланди. Фойдаланиш учун автобуслар берилди.

    Ибройим Юсупов, Муҳаммад Юсуф, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабларини капитал таъмирлаш ва қўшимча бинолар қуриш ишлари давом этмоқда. Натижада янги ўқув йилидан 100 ўринли ўқув биноси, 650 ўринли ўқувчилар турар жойи, 3 та ошхона, 2 та спорт зали, 1 та замонавий кутубхона биноси ўқувчилар ихтиёрига топширилади.

    Ўқувчиларга яратилаётган шарт-шароит билан бир қаторда, педагог кадрлар малакасини ошириш ҳам муҳим йўналишлардан. Бу йил Андижон вилоятида Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази филиали биноси ҳам фойдаланишга топширилади.

    Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабининг қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида мазкур ижод мактаби ўқувчилари учун кўплаб янгиликлар жорий этилди. Масалан, дизайн, драма, медиахоналар ташкил этилиб, замонавий техника билан жиҳозланди. Санасак, салмоқли натижаларимиз бисёр. Шу билан бирга, олдимизда ҳал этилиши зарур кўплаб масалалар мавжуд. Жумладан, бу ўқув йилида янги бунёд этиладиган ихтисослаштирилган мактаблар ҳисобига сафимиз янада кенгаяди, “Янги Ўзбекистон” университетида янги йўналишлар очилади.

    14 та Президент мактабига жами 41943 нафар, ижод мактабларига 4576 нафар талабгор ҳужжат топширган.

    Агентлик тизимида янги ташкил этилган ихтисослаштирилган мактабларга бугунги кунга қадар 279675 та ариза келиб тушган. Талабгорлар сонига эътибор қилинг. Қувонарлиси, мактабларимизда халқимизнинг юзлаб фарзандлари ўз билимини оширмоқда. Улар ўқишга қабул қилинмай қолган ҳолатда ҳам билими ортиши шубҳасиз. Шундай экан, энг зўр ўқувчиларни танлаб олганимиздан кейин уларга таълим бериш жараёнида ҳам бор куч-ғайратимизни сарфлашимиз, ҳалоллик, фидойилик, садоқат, ҳаракатчанлик билан ишлашимиз керак.

    — Давлатимиз раҳбарининг шу йил 14 апрелдаги “Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида”ги фармонида вилоятлар марказларида иккитадан, туман ва шаҳарларда биттадан ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилиб, уларда Президент мактабларида шаклланган замонавий ва илғор методиканинг жорий этилиши кўзда тутилган. Бу борада бажарилаётган ишлар хусусида тўхталсангиз.

    — 2019 йилда юртимизда 271 та ихтисослаштирилган мактаб бор эди. Президентимизнинг аниқ фанлар ва хорижий тилларни ўргатишга оид ташаббуси натижасида математика ва физика фанлари бўйича 126 та, кимёбиология бўйича 87 та, ахборот технологиялари йўналишида 99 та, хорижий тиллар бўйича 207 та ихтисослаштирилган мактаб ташкил қилинди. Айни пайтда биргина Президент таълим муассасалари агентлиги ҳузурида 14 та Президент мактаби, 3 та таянч ихтисослаштирилган мактаб ҳамда 9 та ижод мактаби фаолият юритмоқда. Шунингдек, 2022/2023 ўқув йилида агентлик тизимида янги ташкил этилган 168 та ихтисослаштирилган мактаб фаолиятини бошлаяпти. Яна 25 та мактаб қурилиш жараёнида. Шу йил 17 январда давлатимиз раҳбари ихтисослаштирилган таълим қамровини кенгайтириш ва сифатини ошириш бўйича ўтказилган йиғилишда: “Бу Агентликни фақат 14 та мактаб учун тузганимиз йўқ. У Президент мактабларидаги муҳитни, методикани бошқа мактабларга ҳам олиб кириши керак”, деди. Шу боис, янги ўқув йилидан бошлаб вилоятлар марказидаги, йирик шаҳар ва туманлардаги иккитадан, кичик туман ва шаҳарлардаги биттадан ихтисослаштирилган мактаб Халқ таълими вазирлигидан Президент таълим муассасалари агентлигига ўтказилиши ва агентлик тизимида фаолият кўрсатаётган ихтисослаштирилган мактаблар юртимиздаги бошқа шу каби таълим масканлари учун локомотив вазифасини бажариши белгилаб берилди.

    Бу мактабларни бир ташкилотдан бошқа ташкилотга ўтказиш билан ҳеч нарса ўзгармайди. Уларга малакали ўқитувчилар керак. Чекка ҳудудларга бориб ҳамма ҳам дарс бермайди. Ўша ердаги ўқитувчиларнинг энг салоҳиятлиларини саралаб олиб, уларга тренинглар ўтиб, агентлигимиз ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий марказида малакасини оширяпмиз.

    Бу мактабларда муайян фанлар ихтисослаштирилган ҳолда чуқур ўқитилади. Ўқув ишлари ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан уйғун олиб борилади. Бу эса юртимиз учун етук мутахассислар, илм-фанни юксалтиришга ҳисса қўшадиган иқтидорли олимлар етишиб чиқишига хизмат қилади.

    Агентлик томонидан хориж тажрибаси ўрганилган ҳолда, ихтисослаштирилган мактаблар учун интеграциялашган таълим дастурлари ишлаб чиқилди. Биз бу жараёнда АҚШ, Россия сингари давлатларнинг таълим дастурлари, International Baccalaureate, SAT каби имтиҳонлар, PISA, TIMSS, PIRLS халқаро баҳолаш дастурлари мазмунини таҳлил қилиб, миллий таълим дастурининг энг афзал жиҳатлари билан уйғунлаштирдик. Бугун мазкур таълим дастурлари халқаро даражада тан олиниши учун UK ENIC халқаро ташкилоти билан музокаралар ўтказяпмиз. Мазкур дастурлар янги ташкил этиладиган ихтисослаштирилган мактабларда жорий қилинади.

    — Қайси халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган? Бунинг самараси нималарда кўринмоқда?

    — Президент таълим муассасалари агентлиги кўплаб халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади. Жумладан, Президент мактабларида таълим ва имтиҳон жараёнларини ташкил этишда Cambridge Assessment International Education ташкилоти, инглиз тили ўқитувчилари малакасини ошириш доирасида Ноттингем Трент университети, “Янги Ўзбекистон” университетини жаҳоннинг етакчи университетлари қаторига киритиш с тратегиясини ишлаб чиқишда Times Higher Education ташкилоти, ўқитувчилар малакасини ошириш, семинартренинглар ўтказиш каби масалалар юзасидан Teamcoach International ташкилоти, ўқувчилар алмашинуви дастурлари, Kardеş оkullar доирасида ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида Туркия Миллий таълим вазирлиги билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

    Бундан ташқари, Нукус, Наманган, Хива, Тошкент, Гулистон, Самарқанд, Фарғона, Жиззах ва Термиз шаҳарларидаги Президент мактаблари Cambridge Assessment International Education ташкилоти аккредитациясидан ўтди. Айни пайтда қолган 5 та Президент мактаби аккредитациядан ўтиш жараёнида.

    Мазкур ташкилот ўқув жараёнида ҳамкорлик қилиш билан бирга, мактаб фаолияти ҳамда ўқитиш сифатли ташкил этилгани кўрсаткичлари асосида мактабларни халқаро аккредитациядан ўтказади. Ундан муваффақиятли ўтиш мактабларнинг ушбу ташкилот томонидан тан олинганини билдиради.

    Президент таълим муассасалари агентлиги ҳамда Cambridge University Press and Assessment ташкилоти ўртасида ўзаро ҳамкорлик ўрнатилди. Ноттингем Трент, Портсмут университетлари билан ҳамкорликда ихтисослаштирилган ва ижод мактабларининг инглиз тили ўқитувчилари малакасини ошириш, мактаб раҳбар кадрлари учун таълим бошқаруви соҳасида ўқув курсларини ташкил этишга келишилди. Буюк Британия, Италия, Туркия ва Ҳиндистон каби давлатларнинг таълим вазирликлари вакиллари билан ўзаро ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб борилди. Оксфорд ҳамда Глазго университетлари билан ўтказилган музокараларда ушбу олийгоҳларни “Янги Ўзбекистон” университети учун хорижий стратегик ҳамкор сифатида жалб қилиш имконияти муҳокама этилди.

    “Hallfield Inclusive SEND school” инклюзив таълимга йўналтирилган мактаб билан инклюзив таълим дастурлари, ўқув режалари, ўқитувчилар алмашинуви ҳамда ўқувчилар учун янги стандартдаги методик ёндашишлар борасида ҳамкорлик йўлга қўйилди.

    Шунингдек, Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги П резидент мактаблари Университетлар кенгаши (College Board) аъзосига айланди. Мазкур кенгашга аъзо бўлиш билан Президент мактаблари унинг дастурлари ва ахборот ресурсларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

    — Ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

    — Мактаб маъмурияти ва педагог ходимларнинг касбий маҳоратини ошириш мақсадида Cambridge Assessment ташкилоти билан Касбий ривожлантириш дастури имзоланди. Шунингдек, раҳбар ва педагог кадрлар учун узлуксиз малака ошириш курслари ҳамда методологик, ўқув семинарлари ташкил этилди.

    Агентлик ЮНЕСКО ҳамда International Development Research Centre халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда таълим тизимида мавжуд муаммоларни бартараф этиш мавзусида илмий-амалий тадқиқот ўтказди. Мазкур тадқиқот натижалари касбий маҳоратни ошириш дастурининг асосига айланди. 2021 йил 7 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Президент таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори имзолангани яна бир ютуғимиз бўлди. Мазкур марказ фаолияти йўлга қўйилиши агентлигимизга билдирилган юксак ишонч. Бошқа томондан, зиммамизга яна бир катта масъулият юклайди.

    Иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш жараёни ҳар биримиздан салоҳиятимизни ошириб боришни талаб қилади. Битирувчиларимизнинг нафақат олий таълим билан 100 фоиз қамраб олинишига эришишимиз, балки барчасини фақат давлат гранти талабига муносиб тайёрлашимиз ва бунга эришиш учун бор имкониятимизни, педагогик маҳоратимизни ишга солишимиз зарур.

    Юқорида қайд этганимиздек, энди “маҳорат маркази”миз ҳам бор. У ерга агентлик тизимидаги ва хорижлик халқаро экспертларни, мутахассисларни жалб этиш кўзда тутилган. Шундай экан, бор имкониятдан фойдаланиб, “ҳаёт давомида ўқиш” тамойилига таянган ҳолда малакамизни мунтазам ошириб боришимиз даркор. Жорий йилда малака тоифаси, илмий салоҳият бўйича кўрсаткичларни 80 фоизга етказишни мақсад қилганмиз.

    — Бугун Президент мактабларини битираётган ёшлар хорижнинг энг илғор олий ўқув юртларига грант асосида қабул қилинмоқда. Бу тизим қандай йўлга қўйилгани ҳақида маълумот берсангиз. Илгари ҳам шундай тизим бормиди?

    — Президент мактаби ва ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиларига ўз йўналишларини тўғри белгилаш, олийгоҳлар ҳақида маълумот бериш, ҳужжатларини расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатиш, маҳаллий ва хорижий олий ўқув юртларига ҳужжатларни тўғри юбориш мақсадида мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий этилди. Ўқувчиларга таълим йўналишлари бўйича индивидуал маслаҳатлар бериш, уларни дунёнинг энг ривожланган мамлакатларидаги нуфузли олий ўқув юртлари ҳақидаги маълумотлар билан таништириш, олийгоҳларга ҳужжат топшириш ва рўйхатдан ўтиш бўйича керакли тавсиялар бериш, эҳтиёж юқори касблар билан таништириш ва уларга йўналтиришда мактаб маслаҳатчиларининг аҳамияти катта. Шунингдек, ўқувчиларимизнинг дунёнинг энг нуфузли олий ўқув юртларидан таклиф олиши ва грант қўлга киритиши замирида малакали мактаб маслаҳатчисининг хизмати беқиёс. Мазкур дастур синовдан муваффақиятли ўтгач, ижобий тажриба умумтаълим мактабларига трансляция қилиниши кўзда тутилган. Бу ишлар эса ўқувчиларимизга келажакда ўз йўлини топишга катта имконият яратади.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Рисолат МАДИЕВА суҳбатлашди.