“Uzbekistan GTL”да ишлайдиган кадрларни тайёрлаш учун хорижий ОТМ филиали очилади

    Долзарб 1 феврал 2022 1437

    Ўзбекистонда Қозоғистоннинг Атирау университетининг филиалини очиш режалаштирилмоқда. Бу масала Оқтовда (Қозоғистон) Ўзбекистон бош консули Отабек Турсунбеков университет раҳбарияти ва ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинган.

    Отабек Турсунбековга кўра, Ўзбекистонда нефть-газ соҳасини ривожлантириш, жумладан, ўтган йили декабрь ойида Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида қиймати 3,42 миллиард АҚШ долларига тенг “Uzbekistan GTL” синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарувчи завод ишга туширилган.

    Мазкур корхонада ҳар йили умумий қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ импорт ўрнини босувчи нефть маҳсулотлари ва углеводород хомашёси маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилган.

    Шу сабабдан нефть-газ соҳасини профессионал кадрлар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон томони етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг филиалларини очиш масаласини кўриб чиқмоқда.

    Қозоғистон томони Қарши шаҳрида университет филиалини очишдан манфаатдор эканлигини билдирган. Томонлар бу борадаги ишларни бошлашга келишиб олдилар.