ЕТТБ — Ўзбекистон ҳамкорлиги узоқ муддатга мўлжалланган истиқболли шерикликни назарда тутади

    Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Бошқарувчилар кенгашининг Самарқанд саммити халқаро жамоатчилик ва ишбилармон доираларнинг диққатини яна мамлакатимизга қаратди.

    Аслида, бу нуфузли ташкилот билан ҳамкорлигимиз 1992 йилдан бошланган. Айнан шу йилнинг бошида Ўзбекистон ЕТТБга аъзо бўлди ва Тошкент шаҳрида ташкилотнинг ваколатхонаси очилди.

    Ўтган даврда банк инфратузилмасини ривожлантириш, энергетика мажмуи, туризмни ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, бозор инфратузилмасини шакллантириш, табиий ресурсларни ўзлаштириш, пахтани қайта ишлаш ва енгил саноатнинг бошқа тармоқларини тараққий эттириш каби йўналишларда ҳамкорлик қилинди.

    ЕТТБ билан муносабатлар охирги йилларда кескин ривожланиш босқичига кирди. Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 6 августдаги “Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан шерикликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим пойдевор вазифасини ўтади.

    Ўтган йили 7 декабрда давлатимиз раҳбарининг “Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида “Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида 118 та насос станциясини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Айни пайтда Ўзбекистонда ЕТТБ иштирокида бир қанча лойиҳалар молиялаштирилмоқда ва муайян йўналишларда олиб бориляпти.

    Биринчи йўналиш ЕТТБнинг Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш ва давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш учун нормативҳуқуқий базани яратишга қаратилган. Бунда давлат мулки ва корхоналарини хусусийлаштириш ҳамда монополиядан чиқариш, тадбиркорликни ривожлантириш, хизмат кўрсатиш ва молия секторига инвестицияларни жалб этиш, капитал бозорини шакллантириш каби масалаларни амалга оширишда молиявий ёрдам кўрсатиш ҳамда уларнинг жаҳон иқтисодий ҳамжамиятига тезроқ қўшилишига кўмаклашиш асосий ўрин тутади.

    Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун, энг аввало, норматив-ҳуқуқий базани яратишга киришилди ва шу асосда ўзаро муносабатлар йўлга қўйилмоқда. Иккинчи йўналиш иқтисодиёт тармоқларида таркибий ўзгаришларни чуқурлаштириш бўйича ҳамкорликни назарда тутади. Бунда асосий эътибор энергетика секторини ислоҳ қилиш учун мазкур соҳани ривожлантиришга қаратилган комплекс дастурини ишлаб чиқишга қаратилган эди. Б

    у борада тизимли ишлар давом эттирилмоқда. Ушбу йўналишда кўзда тутилган масалалардан бири сифатида корпоратив бошқарувни хусусийлаштириш ва такомиллаштириш соҳасида ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми тузилди. Яна бир муҳим масала шуки, банклараро пул бозори ҳамда миллий валютадаги маҳаллий капитал бозорини ривожлантириш соҳасида ҳам ҳамкорлик режалаштирилган.

    Мазкур саъй-ҳаракатларни мукаммал амалга ошириш учун Марказий банк ва бошқа манфаатдор давлат бошқаруви органларида макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаш комплекс тизими (FPAS) жорий этилади. Қолаверса, мамлакатимизда замонавий банк хизматлари кўрсатиш, лойиҳаларни молиялаштиришдаги хавфларни баҳолаш, банкларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш масалалари ҳам бугун ўта муҳим.

    Шу туфайли ЕТТБ кўмагида мазкур йўналишлар бўйича банк хизматчилари малакасини ошириш ҳам самарали бўлиши шубҳасиз. Учинчи йўналиш инфратузилмаларни ривожлантириш учун инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган. Бу бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, “Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тизими самарадорлигини ошириш” лойиҳасини рўёбга чиқариш кўзда тутилган эди. Бу борадаги муҳим ишлардан бири сифатида ЕТТБ билан қарз битимини имзолаш масаласи кўзда тутилганини таъкидлаш жоиз.

    Бунда лойиҳани бажариш ва харид қилиш тартиб-таомиллари келишиб олингани икки томонлама муносабатларнинг самарадорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. “Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимини тиклаш”, “Наманган шаҳрида сув таъминоти ва канализация тизимини тиклаш”, “Питнак шаҳрида сув тозалаш иншоотларини тиклаш ва Хоразм вилоятининг 6 та туманида ичимлик сув таъминотини яхшилаш” лойиҳалари ҳам шерикликдаги самарали ишлардан бўлди.

    “Тошкент шаҳрида сув таъминоти тизимини тиклаш” лойиҳасининг умумий қиймати 25 миллион АҚШ доллари бўлиб, бу маблағнинг ҳаммасини тўлиқ ўзлаштириш муддати келишиб олинган. Шунингдек, Толимаржон ИЭСни 900 мегаватт қувватга эга қўшимча буғгаз қурилмасини қуриш билан кенгайтириш” лойиҳасини молиялаштириш ҳам аҳамиятли келишувлардан биридир.

    Ушбу объектнинг умумий қиймати 225 миллион долларга баҳоланган. Молиялаштириш жараёни 2019 йилдан бошланиб, ҳар йили 60 миллион доллардан кам бўлмаган маблағни ўзлаштириш кўзда тутилган. Тўртинчи йўналиш молия секторида ҳамкорлик қилишни назарда тутади. Бунда асосий эътибор кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

    Жараёнда Ўзмиллийбанк учун кредит линиясини очиш масаласи ҳам устувор вазифалардан биридир. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 70 миллион долларни ташкил қилади. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда савдо соҳасини молиялаштиришга қаратилган дастур бўйича “Ҳамкорбанк” АТБ учун кредит линиясини очиш кўзда тутилган.

    Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 30 миллион доллар бўлиб, 2019 йилдан бошлаб 17,5 миллион доллардан кам бўлмаган ҳолда ажратилган маблағни ўзлаштириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, “Ипотека-банк” АТИБ, “Давр банк” ХАТБ, “Ипак йўли” АИТБ учун кредит линияси очилган. Бешинчи йўналишда давлат корхоналарини ислоҳ этиш ва хусусийлаштириш соҳасида ҳамкорлик қилиш ҳамда бошқарувнинг корпоратив усулларини жорий этиш режалаштирилган. Мазкур йўналиш бўйича ҳам бир қанча аниқ чора-тадбирлар кўзда тутилган.

    Хусусийлаштириш масалалари бўйича хорижлик мутахассисларни ваколатли давлат органларида ишлаш учун жалб этиш шулар жумласидан. Яна бир муҳим жиҳат шуки, давлат улушини кейинчалик хорижлик инвесторларга сотиш учун корхоналарни хусусийлаштиришдан олдин тайёрлаш масаласи ҳам кўзда тутилган. Мамлакатимизнинг ташкилот билан ҳамкорлиги истиқболли, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган йўналиш ва соҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

    Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг Самарқанд саммити мана шу ҳамкорликнинг миқёси ва кўламини янада кенгайтиришга, жараён иштирокчилари ва инвесторларни жалб этишга хизмат қилади.

    Мамаюнус Пардаев,

    Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори,

    иқтисодиёт фанлари доктори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates