Шу боис, бизни доимий хавотирга соладиган масалалардан бири маънавий бўшлиқдир. Маънавий бўшлиқ жамиятни ичкаридан емирувчи сокин жараён. Бу бўшлиқни тўлдирадиган ягона куч эса ватанга муҳаббат, аждодлар қадриятига садоқат ҳамда ўзлигини англаш истагидир. Аждодларимиз ҳам таълим ва тарбиянинг энг муҳим омили сифатида маънавият ва маърифатга алоҳида аҳамият берган. Зеро, бундай авлод ҳеч қачон ёт ғояларга оғишиб, ўз ватанидан кечмайди.
Ватан шунчаки ер эмас, юрак қўридаги бетакрор туйғу. Кимдир ватанни фақат чегара, байроқ ёки паспортдаги ёзув, деб билиши мумкин. Аслида у она тилинг, волидангнинг дуоси, маҳаллангдаги кекса отахоннинг пурмаъно суҳбати, мактабдаги илк устозинг, болаликда отанг билан сайр қилган гўшанг, онанг бошингга қўндирган миллий дўппи, у пиширган таом ҳидидир. Агар ёш авлод онгида бу қадриятлар мустаҳкам ўрнашмаган бўлса, инсон нафақат ватанини, балки ўзлигини ҳам йўқотади.
Ватанга хизмат қилишнинг шакллари кўп. Аммо улар орасида илм билан хизмат қилиш алоҳида аҳамият касб этади, десак муболаға бўлмайди. Замонамизнинг бундай қаҳрамонлари лабораторияларда, дарсхоналарда, шифохоналарда ва бошқа кўплаб даргоҳларда улуғвор ният билан ишлаётган инсонлардир. Улар билак кучи билан эмас, билим ва фидойилик қуввати ила ватанни юксалтиришга ҳисса қўшмоқда.
Келинг, бир дақиқа ўйга толиб, ватанга муносабатимиз ҳақида ўйлайлик. Боболаримиз агар ватан юракда бўлса, ҳеч қачон йўлдан адашмайсан, деб бежиз айтмаган. Чунки айни туйғу сени доим тўғрилик сари етаклайди. Бу йўлда асосий йўлдош эса, шубҳасиз, маънавиятдир.
Маънавият инсоннинг ички дунёси, юраги, нияти, ахлоқи ва онгию эътиқодидир. Бу инсонни бошқа жонзотлардан фарқлаб турадиган асосий белги. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Маънавият жамиятдаги барча сиёсий-ижтимоий муносабатларнинг мазмуни ва сифатини белгилайдиган пойдевордир. Бу пойдевор қанча мустаҳкам бўлса, халқимиз ҳам, давлатимиз ҳам шунча кучли бўлади”.
Инсон техникани яратиши мумкин, илмда юксалиши мумкин, лекин агар у маърифат жиҳатидан ожиз бўлса, бу ютуқларнинг барчаси маъносиз бўлиб қолади. Бундай тафаккур яратган ихтиро ҳам вайронкорликка хизмат қилади. Тарих бизга кўп сабоқлар берган. Бу сабоқларнинг энг ачинарлиси шундаки, илм ва тафаккур юксак, аммо маънавиятга суянмаган бўлса, кашфиётлар ҳам инсониятга нур эмас, зулмат олиб келган. Демак, юксак ақл ва паст маънавият хавфли уйғунликдир.
Ёрқин келажакка йўл фақатгина комил тарбия кўмагида пайдо бўлади. Бугун ёшларни нафақат билимли, балки тўғриликка интилувчи, ахлоқли, фидойи ва маъсулиятли инсон сифатида тарбиялаш – жамият олдидаги энг муҳим вазифа. Маънавият бўлмаса, ўқитувчи устоз эмас, оддий мутахассис бўлиб қолади, муҳандис техникa яратади, лекин инсон ҳаётини енгиллаштирмайди.
Шунингдек, маънавий тарбия замон талаби ҳамдир. Кўплар бугунги ёшларнинг маънавиятсизлигидан нолийди. Аммо савол: ўзимиз уларга қандай муносабатда бўляпмиз? Уларга фақат “китоб ўқи”, деб айтиш етмайди. Улар ҳаммасини амалда кўриши керак – устоз насиҳатида, ота-она тарбиясида, телевидениеда, маҳаллада. Ҳар бир сўзимиз, ҳар бир ҳаракатимиз уларга ибрат бўлиши лозим.
Бугунги дунё кўплаб синовларни бошдан кечирмоқда: урушлар, ахлоқий инқирозлар, руҳий тушкунлик, ижтимоий адолатсизлик... Буларнинг аксариятини фақат моддий ресурслар эмас, балки маънавий куч енгади. Ёшларда ватанпарварлик, ҳалоллик, меҳр-шафқат, аждодларга ҳурмат, ўзлигига содиқлик сингари сифатларни уйғотсак, у жамиятни ҳеч қандай куч эголмайди.
Техника эскиради, замон алмашади. Аммо инсон қалбини ёритадиган камолот нури завол топмайди. У йўқ жойда зулмат, адашиш, бефарқлик ҳукм суради. Шунинг учун ҳар биримиз, энг аввало, ўз қалбимизни тозалаб, атрофимиздаги одамларга илм-маърифат нурларини улашишимиз лозим. Шундагина жамият сифатидаги улуғвор мақсадларимиз рўёби тезроқ содир бўлади.
Cадоқат СИДДИҚОВА,
Бухоро давлат техника университети ректори