Ватан тузин оқламоқ даркор

    ёҳуд Тоҳир Малик яратган мактаб

    Жорий йилнинг май ойида Тоҳир Малик номидаги нашриёт уйида “Тоҳир Малик – замондошлар хотирасида” номли китоб чоп этилди. Нашрга тайёрловчи Шеркон Қодирий, нашр учун масъул Шерзод Хабилов, масъул муҳаррир Орзиқул Эргаш ва бошқалар китобни чоп этишда иштирок этишди. Китоб уч қисм: “Замондошлар эътирофи”, “Замондошлар хотираси” ва “Адиб билан суҳбатлар”дан иборат бўлиб, сўнгги сўзни Шеркон Қодирий ёзган.

    Китобга ўз хотираларини ёзиб берган адибнинг дўстлари, маслакдошлари ва шогирдлари бўлган инсонлар қирққа яқин. Хотиралар Шеркон Қодирий ва адибнинг ўғли Шерзод Хабиловнинг илтимосига кўра тўпланган эди. Бу ҳақда улар адибнинг жанозаси чоғи хабар беришган. Мен ҳам ўз хотираларимни бир ҳафта ичида ёзиб бердим, кўпчилик шундай қилди, бироқ пандемия туфайли ушбу тўпламни вақтида чоп этишнинг иложи бўлмади. Ва ниҳоят, шу йилнинг 5 май куни тўплам олам юзини кўрди. Китоб чоп этилгач, албатта унинг тақдимотини ўтказилади. Адиб фаолият юритган ИИВ Академияси тақдимотни биринчи бўлиб ўтказар, деб ўйладим, чунки Тоҳир Малик бу ерда 21 йилдан зиёд меҳнат қилган.

    Тақдимотни Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида ўтказадиган бўлдик. Тақдимот ҳам китобнинг номида бўлди: “Тоҳир Малик — замондошлар хотирасида”. Тақдимотга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, танқидчи Шеркон Қодирий ва адибнинг шогирди Ҳасан Абдураззоқовлар таклиф этилди. Тадбир жуда қизиқарли ўтди. Тадбирга жалб этилган 3-курс курсантлари ва университет профессор-ўқитувчилари адиб ҳақида “теша тегмаган” маълумотларни эшитиб, улкан таассуротлар олишди. Тоҳир Малик яратган “устоз-шогирд” мактаби ҳақида маълумотлар бердик.

    Адибнинг мактабини ўтаган шогирдлари кейинчалик илмий тадқиқот изланишларида катта ютуқларга эришишди. Юридик фанлар докторлари ҳамда профессорлари Шуҳрат Ёқубов, Бахтиёр Муродов ва Ахроржон Худойбердиевлар шулар жумласидандир. Энг қизиғи шундаки, ҳозир Олий таълим тизимидаги масъул лавозимлардан бирида ишлаётган, адибнинг шогирди Шуҳрат Ёқубов ўз докторлик диссертацияси ҳимоясини устознинг таваллуд кунларига тўғрилади. Тоҳир аканинг хурсанд бўлганини кўрсангиз эди. Худди ўзлари ҳимояга чиққандек эдилар. Чиройли нутқ сўзлаб, йиғилганларнинг эътирофига сазовор бўлдилар.

    Садоқатли шогирд ўз устозининг таваллуд кунига ажойиб ҳимоясини совға қилган эди. Бундай муносабатни буюк Алишер Навоий устози Абдураҳмон Жомийга нисбатан қилган эди. Бетакрор шоир, атоқли давлат арбоби Абдураҳмон Жомийнинг ёш ўғилларига биринчи бўлиб салом берар, савол назари билан қараганларга: “Устоз Жомийнинг ўғиллари бўладилар”, — деб жавоб берарканлар. Мана, буюклар ўз устозларига қандай муносабатда бўлишган. Шуҳрат Ёқубов адиб умрининг охиригача у кишига нисбатан шундай муносабатда бўлди.

    2022 йилнинг 12 августида Ўзбекистон Республикаси ФВВ Академиясида мазкур тақдимотни ўтказдик. Университетдан фарқли ўлароқ, Академияда китоблар ярмаркасини ташкил этдик. Курсантлар Тоҳир Малик қаламига мансуб китобларнинг анчасини ҳарид қилишди. Кейинчалик шундай китоб ярмаркаларини ҳар бир тақдимотда ташкил қиладиган бўлдик. 2022 йилнинг 15 августида Чирчиқ Олий ҳарбий танк қўмондонлиги ва муҳандислари билим юртида китоб тақдимотини ўтказдик. Курсантлар ўқув дала полигонида бўлиб, тадбир офицер ва сержант, ҳарбий хизматчилар иштирокида бўлди. Ҳарбийлар адиб ҳақида қизиқарли маълумотларни олишди. Ёзувчининг шахсий фазилатлари билан алоҳида қизиқиб, саволлар беришди. Китоб ярмаркаси уларга маъқул бўлди шекилли, мана шундай тадбирларни кўпроқ ташкил этишимизни сўраб қолишди.

    Жорий йилнинг 22 августида тақдимот Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Академиясида ўтказилди. Бу ерда ҳам курсантлар полигонда бўлиб, тадбир Академия профессор-ўқитувчилари ва ҳарбий хизматчилар иштирокида ўтказилди. Ўша куни олий даргоҳнинг ўқув-услубий йиғини бўлаётгани сабабли жамоанинг аксарият қисми шу ерга тўпланган эди. Тадбир давомида офицерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олиб, китоб ярмаркасидан ҳам унумли фойдаланишди.

    Ниҳоят, 26 август куни ИИВ Академиясида ҳам китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди. 2 ва 3-курс курсантлари иштирок этган тақдимот ғоят жонли ўтди. Тақдимот тадбирлари қайси олий ҳарбий таълим муассасаларида ўтказилмасин, деярли барчаси адибнинг “Ватан тузин оқламоқ даркор” ҳамда “Ватанни кўз қорачиғидек асранглар, каби ўгитлари руҳида ўтди. Адибнинг сара асарлари ҳақида ҳам қизиқарли маълумотлар берилди.

    Ҳалоллик, адолат ва инсонпарварлик тамойилларига содиқликка асосий урғу берилди. Фикримча, бундай тадбирларни олий ҳарбий таълим муассасаларида мунтазам ўтказиш керак, зеро, ҳарбийларни она Ватанга, халқига, она тилига муҳаббат руҳида тарбиялашга, шунингдек китобга ошуфта этишда уларнинг ўрни ғоят муҳим.

    Тўлқин САЙДАЛИЕВ,

    Ўзбекистон Республикаси ФВВ Академияси доценти, истеъфодаги подполковник