Ватан учун қурбон бўлган ИИБ ходимининг муҳтож оиласига нега ёрдам кўрсатилмади?

    Ижтимоий ҳаёт 10 август 2020 3331

    2000 йил антитеррор тадбирларида юрт тинчлигини таъминлаш йўлида қурбон бўлган сержант Икром Саидаҳмедовнинг беваси Барно опа, II гуруҳ ногирони бўлган ўғли Саидолим айни кунда қийналиб яшаётган бўлишига қарамасдан пандемия даврида муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “темир дафтар”га киритилмаяпти.

    Гапни бошидан бошлаган яхши. Икром Саидаҳмедовнинг Ватан, халқ олдидаги хизмати, жасорати нимадан иборат эди?

    2000 йил август ойининг сўнгги кунлари. Бўстонлиқ туманининг энг сўлим гўшаларидан бири, осмонга туташган макон — Сижжак қишлоғида таҳликали кайфият юзага келди. Эл орасида “Тоғда террорчилар юрган эмиш”, “Бизнинг ҳарбийларни гаровга олган эмиш”, “Тишидан тирноғигача қуролланган экан” каби бир-биридан ваҳимали миш-мишлар “болалади”. Афсуски, булар шунчаки миш-миш бўлмай, ҳақиқат эди. Бир гуруҳ жангарилар чегараларимизни бузиб ўтиб, Бўстонлиқ туманининг тоғли ҳудудларида ҳаракатланаётганди. Мудофаа, ички ишлар тизимидаги алп ўғлонлар уларни қидираётган, қўлга олишга интилаётган бўлса-да, кутилган натижага эришилмаган эди. Сижжакнинг белида белбоғи бор йигитлари, хусусан, Тошкент вилояти ИИБ ЁХБга бевосита бўйсунувчи 18-ёнғин хавфсизлиги қисми ходимлари ҳам оёққа турди. Ватанимизни ёвдан ҳимоя қиламиз, ёвга қарши аёвсиз курашамиз, деб Тошкент вилояти ИИБга мурожаат қилишди. “Антитеррор” тадбирида махсус гуруҳлар қатори иштирок этиш ўт ўчирувчилар учун осон бўлмади. Сабаби, “Жангда “пожарний”ларга нима бор”, дегувчилар ҳам учради. Лекин 18-ёнғин хавфсизлик қисми командири Илҳом Зулимов оёқ тираб туриб олди. “Биз — тоғ фарзандларимиз. Бу ҳудуднинг ўзига хосликлари, тоғда ҳаракатланиш, энг муҳими, улар яшириниши мумкин бўлган пана жойларни яхши биламиз. Қисмдаги ҳар бир йигит ва мерган овчи. Биз, албатта, террорчиларнинг изини топамиз ва уларни йўқ қиламиз”, деди. Кўзлари ёниб турган йигитларга ишонч билдирилди: улар ҳам “Антитеррор” тадбирига жалб этилди. Қисмдан бор-йўғи 6 нафар ўт ўчирувчининг амалиётда қатнашишига рухсат берилди. Иштирокчилар кўнгиллилардан танлаб олинди. “Жангда мен ҳам қатнашаман”, дея отилиб чиққанлар ичида Икром Саидаҳмедов ҳам бор эди.

    — Ўша кунги воқеалар кино тасмасидек кўз олдимдан ўтади, — дейди катта лейтенант Илҳом Зулимов. — Аввалига террорчиларнинг изини қидирдик. Бу вақтда икки нафар ўт ўчирувчи мен билан бирга, Икром Саидаҳмедов ва яна икки нафар ходимдан иборат кичик гуруҳ штабда қолган эди. Қидирувларнинг иккинчи куни Тўрасой участкасида шубҳали излар кўзга ташланди. Шунда тўғри йўналишда кетаётганимиз маълум бўлди. Шу куни сойда ўтириб тушлик қилдик. Биздан 20 метрча узоқда террорчилар яшириниб ётганини кейин билдик. Арчалар орасида пухта яширингани учун уларни сезмаганмиз. Сал узоқлашганимизда орқадан ўқ ёмғирдай ёғди. Бир амаллаб ярадор аскарларни панага олиб ўтдик. Ноқулай жойлашув сабаб уларга отилган ўқлар бесамар кетди. Шунда террорчилар яширинган жойга орқа тарафдан боришни, тепаликдан туриб нишонга олишни ўйладим. Режа иш берди. Орқа тарафдаги тепаликда атроф кафтдек кўриниб турарди. 15 нафар қуролланган террорчи қаторлашиб ётарди. Уларнинг 7 нафари шу ерда йўқ қилинди. Қолгани қочди. Ғараз ният билан она тупроғимизга оёқ босган малъунларда заррача ҳам инсоний туйғулар йўқ экан. Гаровга олинган икки нафар офицеримизни отиб ташлашибди. Тирик қолган аскарларимиз қутқарилди. Биттасини ўтлар орасида яширинган ҳолатда, бошқасини катта дарахтдаги ковакда оёғидан осиб қўйилган ҳолатда топдик. Шу куни кечқурун жангарилар отишмани яна давом эттирди. Улар отган ўқ ва гранаталар натижасида Оқбулоқ тоғининг Карнайсой ва Арпасой тепаликларида ёнғин келиб чиқди. Ёнғинни ўчиришга ИИБ ЁХБ ўт ўчириш штаби бошлиғи, ички ишлар полковниги Р.Қосимов саккиз нафар ходимдан иборат гуруҳ билан ҳарбий вертолётда етиб келди. Ёнғинни ўчириш, унинг тарқалиш йўналишларини аниқлашда сержант Икром Саидаҳмедов жонбозлик кўрсатди. У тобора авж олаётган ёнғинни бартараф этиш учун жонини ҳам аямай ҳаракатланарди. Ёнғин йўналишлари кесилиб, ҳаммаси режа бўйича кетса, табиатга, инсонлар ҳаётига хавф солаётган тилсиз ёв бартараф этиларди. Афсус, шу лаҳзаларда шамол йўналишини ўзгартирди. Бу тепаликларни бежиз Арпасой дейишмайди. Бу ерда ялангоёқ юрсангиз, оёғингиз ерга тегмайди. Арпанинг устида юргандай бўласиз. Баҳорда униб чиққан майсалар, кузга бориб қуриб-қовжирайди, кейинги йил яна янги майса бош кўтариб чиқаверади, кузда қовжираган майсалар юз йиллардан бери йиғилиб қолган, улар ерга тўшалган кигиздай заминни қоплаб турибди. Ўша пайт куз мавсуми, майсалар қуриб, гугурт чақса ловуллаб ёнадиган хашак ғарамига айланган эди. Йўналиши ўзгарган шамол ёнғинни Арпасойнинг “кигизли” тепалиги бўйлаб бир сонияда 100 метр тезликкача масофада тарқатиб юборди. Сафдошимиз Икром Саидаҳмедов аланга ичида қолди. Юқори ҳароратда автомати ва хуржунидаги ўқ-дорилар портлаб кетди. Уни олов ичидан олиб чиқишди. Бироқ сержантнинг аҳволи жуда оғир, куймаган ери йўқ эди. Шифокорлар барча даво чораларини кўрганига қарамай, орадан йигирма кунлар ўтгач, жони узилди. Ҳаётининг сўнгги лаҳзасигача танлаган касбидан, Ватани, халқи учун қурбон бўлаётганидан афсусланганини сезмадик. Минг азобда ётганига қарамай, олдига кирганимда “Террорчиларнинг ҳаммасини ўзингиз отиб қўйибсиз-ку. Бизга қолдирмабсиз-да”, дея беозор ҳазил қилди. У ўлимни мардонавор кутиб олди...

    24 сентябрь куни Икром Саидаҳмедовни тупроққа қўйишди. Шу куни шаррос ёмғир қуйди. Жала қирқ кунгача тинмади. Юрт тинчлигига раҳна солмоқчи бўлган газандаларга қарши курашда қурбон бўлган навқирон йигитга осмон ҳам аза тутди, гўё.

    — Шу йили тинимсиз ёққан ёмғир сабаб картошкаларни ковлаб ололмадик, ҳосил далада қолди, — дейди марҳум сержантнинг акаси Жуманиёз Саидаҳмедов. — Укам очиқкўнгил, довюрак, барчага ёрдам қўлини чўзадиган, мард ва танти йигит эди. Ҳеч қачон отамдан, биздан бемаслаҳат иш қилмас эди. Унинг хислатларини санаб саноғига етолмайсиз. Болалигидан ҳарбий бўлишни орзу қиларди. Армиядан қайтгач, ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлик қисмига ишга кирди. Жисмонан соғлом ва бақувват эди. Унинг бевақт ўлими ота-онамнинг қаддини букиб қўйди. Лекин юрт бошига ёғилган кулфатни аритишга жон куйдиргани, ҳаётининг сўнгги лаҳзасигача Ватаннинг чин фарзанди бўлгани, эл-юрт ҳимоясига кўксини қалқон қилгани, бугун уни барча яхши сўз билан тилга олиши куюк кўнгилга бироз таскин беради. Мен унинг “Антитеррор” тадбирларида қатнашишини 30 август куни билган эдим. Ўзим ҳам Афғонистонда урушда қатнашганман. Унга душманга бешафқат бўлишини айтдим. “Сен отмасанг, сени отишади”, дедим. У “Қизим 2-синфга чиқяпти, ўқув қуролларини олиб беролмадим-да”, дея фалокатни олдиндан сезгандай ўйга толди. Шундан сўнг уни шифохонада таниб бўлмас аҳволда кўрдим. У чеккан азобларни тасаввур қилиш қийин. Шу аҳволда ҳам олдига борсак, ўзи зўрға гапиради, яна “ўтиринг, бироз дам олинг, чой ичинг”, дейди. Унга қон қуйиш керак бўлганда, юздан зиёд ўт ўчирувчилар келиб қон топширди. Маъракаларида ҳам ғамимизга шерик ва елкадош бўлишди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 12 январдаги фармонига кўра укам “Жасорат” медали билан тақдирланди.

    Икром Саидаҳмедов уч фарзанднинг отаси эди. Ўшанда катта қизи Нозима 8, Осиё 5, ўғли Саидолим 2 ёшда эди. Барно келинойи бу кунларни кечагидай эслайди. Боиси, у учун соат капгири шу вақтда тўхтаб қолгандай, ундан кейин ҳаёт давом этса-да, яшамагандай туюлади. “Ана келиб қолади, мана келиб қолади”, деб турмуш ўртоғининг йўлига кўз тикиб ўтирганда, кутилмаганда шифохонадан хабар келди. Барно опа вазият бу қадар жиддийлигини билмаган эди. Ёш оиланинг ҳаёти болдай ширин, орзулари қумдай сероб эди. Ҳатто қумурсқага ҳам озор бермайдиган умр йўлдоши рафиқасини жуда ҳурмат қилар, кўнглига қарар эди. Бахтли кунларнинг ниҳояси бўлишини улар хаёлига ҳам келтирмаганди.

    31 ёшида мардонавор оламдан ўтган ватанпарвар, фидойи, тўғрисўз ва меҳнаткаш Икром Саидаҳмедов жасорати ибратдир.

    Ташвиш келса қўша-қўша

    Фожеа сержант Икром Саидаҳмедовнинг ўлими шу билан тугамади. Унинг ўғли Саидолим нутқида, ақлий ривожланишида оқсай бошлади. Бунга сабаб бола ҳали кичик пайтда отасидан ажралиб аза кўргани руҳиятига салбий таъсир қилганими ёки бошқа сабабми, буниси аён эмас

    — Худодан яширмаганни бандасидан яширмайди, — дейди Икром Саидаҳмедовнинг беваси Барно опа. — Шифокорлар ўғлимни руҳий хаста деб топишди, II гуруҳ ногиронлигини белгилашди. Ҳозир у 23 ёшда. Унга алоҳида қаров, парвариш керак. Мулоқотда, фикрларини ифодалашда қийналади, ҳаракатларини тўлиқ назорат қила олмайди, қараб турмаса кўчага чиқиб кетади. Овқатлантиришга қийналаман баъзида. Унга ажратилган нафақа харажатларимизга етмайди. Шунинг учун кам таъминланган, муҳтож оила сифатида бизни “темир дафтар”га киритишини сўраб маҳаллага мурожаат қилдим. Аммо карантингача бўлган пайтда ҳам, карантин пайтида ҳам моддий ёрдам кўрсатилмади. Илтимос қилдим маҳаллага, “Турмуш ўртоғим вафот этганига мана 21 йил бўлмоқда, бирор марта ёрдам қилмагансизлар, 1 миллиондан ажратилаётган экан, шуни менгаям беринг”, дедим. Аммо “Қанақасига кам таъминлангансан, ўғлингнинг пенсияси етади”, деган жавобни олдим. Нолиш яхшимас, шукр қилишим керак ҳар бир кунимга, бироқ моддий ёрдам бошқаларга берилмоқда-ку, оила боши тирик бўлган, ишлаш имконига эга бўлган, ўзига тўқ оилалар ҳам ёрдам пулларини олишмоқда-ку. Оилада ногирон бўла туриб, ишловчилари ҳам бор оилалар моддий кўмакка эга бўлишмоқда. Буларни кўриб билиб турибмиз. Шундан куюнаман. Раҳматли турмуш ўртоғим тирик бўлганида бундай кунларга қолмасдик, дейман.

    Маҳалла қўшнимизга узатган қизим, куёвим бизникида турганини, биз бир оила эканимизни рўкач моддий ёрдам беришдан бош тортди. Куёвим ишлаши сабаб “темир дафтар”га кирита олишмаслигини айтишди. Тўғриси, менга қарашсин, қийналиб қоляпман бир ўзим, касал ўғлим қарай олмаяпман деб уларни олиб келганим рост. Бироқ рўзғоримиз, оилавий бюджетимиз алоҳида, улар ўзлари, икки нафар боласини таъминлашади, куёвимнинг ойлиги катта эмас.

    Тақдири менга ўхшаган, эри ҳарбий операцияларда вафот етган бир таниш аёл яқинда телефон қилиб, 1 миллиондан ёрдам пули ажратилганини айтди. Унинг оилавий аҳволи анча яхши, бошқа турмуш қилган. Демак, бу борада аниқ мезон йўқ, ёрдам пулларини кўпчиликка берилмоқда, бизга ҳам берилса бўларди.

    Ўзим ишлай десам, ўғлим қаровсиз қолмоқда, ўзи чой дамлаб ичолмаса, овқат ея олмаса. Қариндош-уруғ имкон қадар қарашади, қайнакам уйимиз қурилишида ўзи бош бўлган. Аммо ҳадеб қариндошлардан сўрашга ҳам хижолат бўларкан одам.

    Маҳалла нима дейди?

    Биз масалага аниқлик киритиш учун Сижжак қишлоғидаги “Сарбоғ” МФЙ раиси ўринбосари Нигора Маҳкамага мурожаат қилдик.

    Нигора Маҳкамова Икром Саидаҳмедовнинг Ватан учун жон фидо қилганини алоҳида таъкидлаб, қишлоқдаги мактабга унинг бюсти ўрнатилганини айтди. Барно Саидаҳмедова оиласи ҳақиқатдан “темир дафтар”га киритилмаганини тасдиқлади, бунга сабаб қилиб қизи уларникида туриши, куёви ўрмон хўжалигида ишлашини келтирди.

    Фикримизча, Барно Саидаҳмедова оиласига кам таъминланган оилаларга бериладиган нафақа, бир марталик ёрдам пули берилмаслиги нотўғри.

    Сабаби, “темир дафтар”га ишга ва ёрдамга муҳтож барча оилалар киритилиши лозим. Мезонлар аниқ белгиланмаган бўлса ҳам, оилада меҳнатга лаёқатсиз ногиронлар ва сурункали касалликка чалинган аъзолари мавжудлиги, якка-ёлғиз кексалар, бева ва ўзгалар қарамоғига муҳтож кам таъминланганлардан иборатлиги, 5 ва ундан кўп фарзанди бор оилалар, короновирус пандемияси сабабли қўлланилган карантин чоралари натижасида ўзининг иш ўрни ва даромад манбаини йўқотган фуқаролар, жумладан четдан қайтган меҳнат муҳожирлари, оиланинг ҳақиқатан эҳтиёжманд, ночор ва моддий кўмакка муҳтожлиги инобатга олинмоқда.

    Барно Саидаҳмедова оиласи оилада меҳнатга лаёқатсиз ногирон борлиги, ўзининг иш ўрни ва даромад манбаи йўқлиги билан бу параметрга мос келади.

    Куёви уларнинг хонадонида доимий рўйхатда турмайди. Бу масаланинг биринчи жиҳати.

    Масаланинг иккинчи томони оила бошлиғи, боқувчиси бўлган Икром Саидаҳмедов юрт тинчлиги йўлида қурбон бўлган, Ватан учун жон фидо қилган. Бу оилани моддий, маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бурч, масъулият, мажбурият. Бу оилани сарсон-саргардон қилиш инсонийликка зид, адолатдан эмас.

    Бу масалага тегишли мутасаддилар эътибор қаратиши, сектор раҳбарлари муаммони ҳал этиб беришини кутамиз.

    Санобар ЖУМАНОВА,

    Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates