Ватанимиз рамзига чексиз эҳтиром

    Дунёга не-не алломаларни берган қадим халқ оми, саводсизга чиқарилди. Халқимизга нисбатан айтилган бу ҳақорат асл ватандошларимиз қалбида маърифат оловини ёқди — улар белини маҳкам боғлаб, миллатни эрк ва озодлик байроғи остида бирлашишга чақирди.

    Миллат байроғи. У жондек азиз, нондек мўътабар.

    Аждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраганлар. Давлатчилигимиз тарихининг қайси даврини олиб қарамайлик, байроқ аждодларимиз учун озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлган. Буюк соҳибқирон Амир Темур ғолиблик байроғини юксак кўтарди. Бу байроқ остида буюк эл бирлашди, у барпо этган улуғ салтанатни дунё тан олди. Бу давр ватан тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилди. Байроқ эса том маънода мамлакат рамзи, улуғворлик тимсолига айланди. Жангчиларга жанговар руҳ бағишлаш, уларнинг кайфиятини кўтариш, иродасини чиниқтириш мақсадида жанг майдонлари узра баланд ҳилпираб турди. Бу байроқ энг ишончли баҳодирлар томонидан қўриқланди. Бехос дайди ўқ келиб, туғ кўтарган жангчига тегса-да, у тупроққа қоришмади — дарҳол шаҳид сарбоз ўрнини бошқаси эгаллади, мақсад жанггоҳдагиларга байроқ кўринмай қолмасин.

    Соҳибқирон бобомиз замонида байроқни паст тутиш ёки унинг сарбоз қўлидан тушиб кетиши хосиятсиз саналган. Бунга соҳибқирон алоҳида эътибор берган. Байроқнинг пасайтирилиши мағлубият ва ортга чекиниш ишораси бўлган. Шунингдек, “Темур тузуклари”да таъкидланишича, душман устидан шижоат ва мардлик кўрсатиб, ғалаба қозонган амирлар ва сипоҳийларга давлат тимсоллари — туғ ва ноғора инъом қилинган. Бу соҳибқирон давлатида салтанат рамзлари нечоғлик баланд мақом тутгани ва улар қандай катта ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий аҳамият касб этганидан далолат беради…

    Ватанимиз байроғи. У тарихнинг халқимиз бошига мусибат тушган даврлари — ўтган аср бошларини ёдимизга солади. Ўша кунлар халқимиз қалбида кетмас доғ бўлиб қолди. Ватан байроғини тутган қўллар қайрилди, озодликни куйлаган овозлар бўғилди… Миллат фидойилари “халқ душмани”, “қулоқ”, “сотқин” деган қора номлар билан таъқибга олинди. Дунёга не-не алломаларни берган қадим халқ оми, саводсизга чиқарилди. Халқимизга нисбатан айтилган бу ҳақорат асл ватандошларимиз қалбида маърифат оловини ёқди — улар белини маҳкам боғлаб, миллатни эрк ва озодлик байроғи остида бирлашишга чақирди.

    Бу мағрур элнинг асрлар давомида орзу қилган ғурури, шаъни, қадр-қиммати, иродасини ифодаловчи озодлик байроғи эди! Унда аждодлар орзу-армони акс этади. Унда халқимизнинг бугуни, ўлмас хотираси, иймон-эътиқоди, келажакка бўлган комил ишончи жилоланади.

    Ер юзида икки юздан ортиқ давлат мавжуд ва албатта, ҳар бирининг ўз рамзлари, байроғи бор. Ҳар бир байроқ айрича ранг ва тимсолларга эга. Улар билан ёнма-ён балқиб турган байроғимиз бизнинг ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни кўрсатиб туради. Шунингдек, давлат байроғимиз мамлакатимиз миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.

    1992 йилнинг 2 мартидан Ўзбекистон тўлақонли суверен республика сифатида тан олинганининг рамзи сифатида байроғимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош қароргоҳи олдида ҳам ҳилпирай бошлади. Мана, йигирма саккиз йилдирки, у халқаро майдонда мамлакатимизнинг куч-қудрати, мустақиллигимизнинг жаҳонаро ифодаси, халқимиз ғурури ва ифтихори тимсоли бўлиб хизмат қилмоқда.

    Бугина эмас, дунё мамлакатларидаги элчихоналаримиз бинолари, қатор халқаро ташкилотлар қароргоҳларида ҳам байроғимиз Ўзбекистоннинг ўзлиги, миллий ғурурини намоён этиб турибди. Чет элларда ўз байроғимизга кўзимиз тушиши билан юрагимизда чексиз фахр уйғонади, руҳимиз кўтарилади. Байроғимиз тимсолида дунёнинг ҳар қайси нуқтасида ҳам Ўзбекистондек қудратли ҳимоячимиз, суянчиғимиз борлигини ҳис қиламиз.

    Байроғимиз бугунги кунда миллий авиакомпания самолётлари, халқаро йўналишдаги поездларимиз орқали дунёнинг кўплаб мамлакатларига “парвоз қилиб”, Ўзбекистондай келажаги буюк давлат бор экани ва унинг қудрати бемисллигини жаҳонга намойиш этмоқда. Зотан, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуннинг 2-3-моддаларида таъкидланганидек, давлатимиз байроғи — суверенитетимиз рамзидир.

    Халқаро майдонда расмий делегацияларимизнинг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференциялар, жаҳон кўргазмалари ва айниқса, нуфузли спорт мусобақаларида байроғимиз мамлакатимиз тимсоли бўлиб, уни баланд кўтараётган спортчиларимизнинг қалбини жунбушга келтириб, ватанпарварлик туйғусига тўлдиради. Нафақат спортчилар, уларни кузатиб турган миллионлаб халқимиз вакиллари ҳам ўзга юртда байроғимиз кўтарилиб, мадҳиямиз жаранг берганида чексиз ғурур, ифтиҳорга тўлиши аниқ.

    Қуролли кучларимиз сафига чақирилган, ҳарбий таълим муассасаларини тамомлаган ёшларимиз Давлатимиз байроғи пойида Ватанни кўз қорачиғидай асраш, уни ўз шаъни ва номусидай муносиб ҳимоя қилишга қасамёд қилади.

    Ватан ҳимоясидек муқаддас бурчни мардона ўташ учун байроғимизни ўпиб қасамёд қилаётган ҳарбийларимизнинг қалбидаги оловни, кўзларидаги жўмардликни кўриб, фахрланамиз. Бу фахрланиш аслида юртга бўлган чексиз меҳр ва садоқатнинг ёрқин кўринишидир. Шу маънода ҳам институтимизда ҳар йили байроғимиз қабул қилинган санани кўтаринки нишонлаймиз.

    Куни кеча Халқлар дўстлиги майдонида ташкил этилган тадбиримиз ҳам давлат байроғимизни улуғлаш, унинг нақадар муқаддаслигини ёшларга янада чуқур сингдиришга хизмат қилди, деб ўйлайман. Айниқса, Ёдгор Саъдиев, Замира Суюнова, Илҳом Фармонов, Муҳтарама Улуғова, Ботир Эргашев каби таниқли санъаткор ва шоирларнинг чиқишлари ҳар бир курсантда алоҳида таассурот қолдирди. Зеро, Ватанимиз рамзларига нисбатан чуқур ҳурмат туйғуларини сингдириш, уларни улуғлаш ва ардоқлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

    Токи байроқ бор экан, миллат бор, давлат бор, Ватан бор. Умид қиламизки, Ўзбекистон фарзандлари қаерда бўлмасин, қандай натижаларга эришмасин Ватан байроғини ардоқлаб эзозлайди.

    Раҳматилла ГАИПНАЗАРОВ,

    Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти “Маънавият ва ёшлар тарбияси” маркази бошлиғи

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates