“Ватанпарвар” ташкилотининг янги даври

    Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгашида ўтказилган матбуот анжумани шу мавзуга бағишланди.

    Маълумот берилишича, ташкилот тизимидаги автокросс, мотокросс, картинг, триатлон, дуатлон, ёзги биатлон, пневматик қуролдан ўқ отиш, авиамодел, ракетамодел, кемамодел, радиоспорт каби спортнинг техник ва амалий турлари билан ҳозирда 10 мингга яқин спортга қизиқувчи ёшлар шуғулланмоқда. Ташкилот тизимидаги ушбу спорт турлари қаторига яқинда денгиз кўпкураши, хизматчи итлар ва ҳарбий амалий кўпкураш спорт турлари киритилди. Бундан ташқари, Ташкилот тасарруфида парашют спорти бўйича жами 7 та спорт секциялари мавжуд бўлиб, уларда 117 нафар спортчи шуғулланади. 2021 йил бошидан ҳозирга қадар спортнинг техник ва амалий турлари бўйича 20 та республика мусобақалари ўтказилди. Ҳар йили республика даражасидаги 50 дан ортиқ спорт мусобақалари ташкил этилади.

    “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан фуқароларни оммавий техник касбларга тайёрлаш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, республика миқёсида Ташкилот тасарруфидаги 210 та ўқув спорт техника клубларининг автомототранспорт ҳайдовчиларини тайёрлаш курсларида бир йилда ўртача 120-130 минг нафар фуқаро “В”, “ВС”, “D” ва “Е” тоифалари бўйича ўқитилади.

    Маълумки, 2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб номланиб, бу борада давлат дастури қабул қилинди. Давлат дастурининг 170-бандида Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти зиммасига ташкилот базасида ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитишни таъминлаш бўйича масъулиятли вазифа юклатилди.

    Ушбу вазифалар 3 босқичда амалга оширилиши белгиланган:

    1-босқичда шу йилнинг апрель ойидан бошлаб фуқароларни “Ҳайдовчилар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсларида” “В”,“ВС”, “С”, “D”, “E” тоифалари бўйича ўқитилиши йўлга қўйилиши;

    2-босқичда август ойидан бошлаб “Техник хизмат кўрсатиш мутахассисларини тайёрлаш курслари” ташкил этилиб, унда ёшлар 5 хил касбга — вулканизаторчи, электрик-аккумуляторчи, газ-электр пайвандчи, авточилангар, автоэлектрик мутахассисликлари бўйича ўқитилиши;

    3-босқичда декабрь ойидан бошлаб “Мураккаб техникаларни бошқариш мутахассисларини тайёрлаш курслари” йўлга қўйилиб, ушбу курсларда юк ортувчи транспорт, автогидро-подъёмник, юк машинаси крани, ғилдиракли трактор, битта ковшли экскаватор техникаларини бошқариш бўйича мутахассисларни ўқитиш белгиланган.

    Мазкур вазифалар ижросини таъминлашда “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши томонидан республикамиз миқёсида фуқаролар, айниқса ёшларни ўз тасарруфидаги ўқув муассасаларида оммавий техник касб мутахассисликларига ўқитишнинг янги механизми жорий этилди.

    Жумладан,Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда "Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган ёшлар ва эҳтиёжманд оилалар фарзандларини оммавий техник касбларга имтиёз асосда ўқитилиши йўлга қўйилди.

    Ҳозирги кунда республика миқёсида 6 446 нафар “Темир дафтар” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар ва эҳтиёжманд оилалар фарзандлари “Ватанпарвар” ташкилотининг замонавий инновацион технологиялар билан жиҳозланган автомототранспорт ҳайдовчиларини тайёрлаш курсларида ўқимоқда.

    Жорий йилнинг 10 март куни “Ватанпарвар” ташкилоти ва Ёшлар ишлари агентлиги ўртасида имзоланган “Ёшлар масалалари соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум” “Ёшлар дафтар”ига киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.

    Республикамиз бўйлаб кенг кўламда амалга оширилаётган бундай саъй-ҳаракатлар жорий йил охирига қадар 10 мингдан ортиқ ёшларнинг бандлиги таъминланишига замин яратади.

    Бундан ташқари, “Ватанпарвар” ташкилоти “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг вақтини унумли ўтказиш ва улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида навбатдаги янги тизимни жорий этди. Эндиликда автомототранспорт ҳайдовчиларини тайёрлаш курсларида таҳсил олаётган ёшлар “Ватанпарвар” ташкилоти тизимидаги картинг, триатлон, дуатлон, ёзги биатлон, пневматик қуролдан ўқ отиш каби спортнинг техник ва амалий турларига жалб этиб борилмоқда. Жорий йилнинг июль-август ойларида улар ўртасида “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши раиси кубоги учун вилоят босқичи ва республика мусобақалари ташкил этилиши белгиланган.

    Шунингдек, автомототранспорт ҳайдовчиларини тайёрлаш курсларида таҳсил олаётган эҳтиёжманд ёшлар учун июнь ойидан “Тадбиркорлик асослари”, “Ёшлар ўртасида инқироз ҳолатини енгиб ўтиш психологияси”, “Янгиланаётган жамиятда ёшларнинг ўрни” мавзуларида семинар ва тренинглар ўтказилади. Машғулотларга олимлар, тажрибали амалиётчи педагоглар ва тадбиркорлик соҳасида улкан муваффақиятларга эришган ёш тадбиркорлар жалб этилиши режалаштирилган. Бундай янгича тизим “Ёшлар дафтари”дан ўрин олган ёшларнинг ўзларига бўлган ишончи ортиши, билим ва малакаларга эга бўлиши учун рағбат сифатида хизмат қилиши шубҳасиз.