Мурожаатда таъкидланишича, коррупция — давлат ва жамият учун жиддий хавф бўлиб, унга қарши муросасиз курашиш соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам устувор вазифа этиб белгиланган. Бунда жамоатчиликнинг фаол иштироки ва ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга.
«Коррупцияга қарши курашиш умуммиллий вазифа, ҳар бир ватанпарвар юртдошимизнинг виждон иши. Коррупцияга жамият танасидаги саратон сифатида қараш керак», — дейилади мурожаатда Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига таяниб.
Вазир, шунингдек, соҳадаги айрим салбий ҳолатлар — бюрократия, таъмагирлик ва манфаатлар тўқнашуви тиббиётга бўлган ишончни заифлаштираётганини қайд этди. Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида тизимда бир қатор янгиликлар жорий этилмоқда.
Жумладан, Ягона тиббиёт ахборот тизими (DMED), “Ситуацион марказ” каби электрон механизмлар амалиётга жорий этилиб, бу бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Шунингдек, тиббиёт ходимларини ишга қабул қилиш жараёни рақамлаштирилган ва айни пайтда Бухоро вилоятида синов тариқасида татбиқ этилмоқда.
Соҳадаги раҳбар кадрлар ва ҳисобчилар учун замонавий менежмент ҳамда молиявий саводхонлик бўйича ўқув курслари ташкил этилаётгани ҳам таъкидланди.
«Коррупцияга қарши курашишда кучли жамоатчилик назоратини ўрнатиш — биз учун муҳим мезон», — дейди вазир. У фуқароларни соҳадаги коррупциявий ҳолатлар ёки ҳуқуқбузарликлар юзасидан “1203” қисқа рақами, https://t.me/ssvantikor_bot Telegram-боти ёки info@ssv.uz электрон манзили орқали мурожаат қилишга чақирди.
Мурожаат сўнгида вазир ҳар бир юборилган маълумот тез фурсатда кўриб чиқилиши ва амалиётга жорий этилишига ишонч билдирди.








