Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари дастлабки тарзда муҳокама қилинди

    Мамлакатимизда 19 апрел 2021 765

    Жорий йил 19 апрелда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

    Унда сенаторлар, Қўмита ҳузуридаги экспертлар Кенгаши аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

    Мажлисда Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида муҳокама қилиниши назарда тутилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

    Хусусан, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

    Қайд этилганидек, ўтган давр мобайнида хотин-қизлар тадбиркорлиги борасида ягона ва яхлит «Маҳалла-Туман (шаҳар)-Вилоят-Республика» тизими яратилган. Қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи вақтинча ишсиз аёллар ва умумтаълим мактаблари битирувчиларини тадбиркорликка йўналтириш, молиявий саводхонлигини ошириш учун онлайн «Biznes klinikalar» ташкил этилган.

    Бугунги кунда 69 минг 877 нафар тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган хотин-қизларнинг 19 минг 643 нафарига (28%) кредитлар берилган бўлиб, фаолиятини тўхтатганларни қўллаб-қувватлаш учун хорижий лойиҳалар ҳам жалб этилмоқда.

    Хусусан, Кореянинг «Good Neighbors International» нодавлат нотижорат ташкилоти ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан ҳамкорликда Мирзачўл тумани «Мустақиллик» маҳалласида қиймати 1,2 миллион доллар бўлган «Тадбиркорлик салоҳиятини ошириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва бизнес стартапларни ишга тушириш» лойиҳаси доирасида 400 нафар хотин-қизни хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик бўйича профессионал ўқитиш, кредит, субсидия олишларида яқиндан ёрдам кўрсатиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

    Шунингдек, Жаҳон банки гуруҳи билан ҳамкорликда Фарғона ва Жиззах вилоятларида қиймати 2 миллион 728 минг доллар бўлган «Ўзбекистондаги қишлоқ аёлларининг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш» лойиҳаси доирасида қишлоқ жойлардаги аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш режалаштирилган.

    Узоқ йиллардан буён ишсиз ёки бола парваришида бўлган, чет давлатдан қайтган, пандемия муносабати билан ишсиз қолган аёллардан 14 мингдан зиёди доимий ишга, 30 минг нафари оилавий тадбиркорлик фаолиятига жалб этилиб, афв этилган 38 нафар аёлга тадбиркорлик учун кўмаклашилган.

    Бундан ташқари, жорий йилнинг 18 январида Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда Қўшма қарор қабул қилинган. Унга кўра, бугун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қошидаги 14 та ва Ёшлар ишлари агентлиги томонидан 3 та ўқув муассасада тадбиркорлик кўникмаларига эга бўлиш ва таълим олиш имконияти яратилган.

    Ўтган йилда 5,5 минг нафар аёлларнинг кичик бизнес лойиҳалари учун имтиёзли кредитлар асосида 102 миллиард сўм маблағ ажратилиб, хотин-қизлар учун 4 минг 364 та янги иш ўринлари яратилган.

    Шунингдек, Халқ банки, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар Ассоциацияси ўртасида «Аёллар дафтари»га кирган хотин-қизларни ўқитиш мақсадида ўзаро ҳамкорлик қилиш юзасидан имзоланган Меморандумга кўра жорий йилда 26 минг 508 нафар хотин-қизга сертификатлар берилиб, уларни тадбиркорликка йўналтириш белгиланган.

    Мажлисда Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан бу борадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар назоратга олиниши қайд этилди.

    Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates