Владимир Норов «5+1» форматидаги Вазирлар учрашувида иштирок этди

    Халқаро ҳамкорлик 23 сентябр 2022 1548

    2022 йил 22 сентябрда Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 77-сессияси доирасида Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатларининг «5+1» форматидаги Вазирлар йиғилиши бўлиб ўтди.

    Тадбир давомида Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон, Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ва вакиллари томонларни қизиқтирган йўналишлардаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.

    Марказий Осиёнинг барқарор иқтисодий тараққиётини таъминлаш мақсадида «5+1» форматида савдо ва сармоявий алоқаларни кенгайтириш йўллари тўғрисида фикр алмашилди.

    Ўзбекистон делегацияси раҳбари, Ташқи ишлар вазири Владимир Норов ўз нутқида «5+1» муҳим мулоқот механизми бўлиб, унинг доирасидаги ҳамкорлик самарадорлигини ошириш борасида маълум ютуқларга эришилганини қайд этди. Ўзбекистон томонининг «5+1» доирасидаги ташаббуслари, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларида қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноати соҳасида халқаро стандартларни жорий этиш, муқобил транспорт йўналишларини ривожлантириш, «Яшил кун тартиби»ни илгари суриш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги таклифлар билдирилди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

    Томонлар «5+1» доирасида юқори ва эксперт даражаларида яқин мулоқотни давом эттириш, шунингдек амалий натижаларга эришишга қаратилган аниқ чораларни кўриш бўйича келишиб олдилар.