Владимир Норов Озарбайжон ташқи ишлар вазири билан учрашди

    Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Душанбе шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг навбатдаги мажлиси доирасида Озарбайжон Республикаси ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов билан музокара ўтказди.

    Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилган.

    Ташқи ишлар идоралалари раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик билан боғлиқ долзарб масалаларни муҳокама қилдилар.

    Томонлар икки қардош халқ ўртасидаги кўп асрлик тарихий ришта, Ўзбекистон ва Озарбайжон раҳбарлари ўртасидаги ишончли муносабатга асосланган стратегик шерикликнинг бугунги ҳолатини юқори баҳоладилар.

    Сўнгги вақтда ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқа сезиларли даражада фаоллашди, Тошкентни Боку билан боғловчи тўғридан-тўғри ҳаво қатнови тикланди.

    Томонлар ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий, жумладан, устувор тармоқ ва йўналишларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, минтақавий миқёсда ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар излашга тайёрлигини қайд этди. Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Озарбайжон ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг ўн биринчи мажлиси ва Ташқи ишлар вазирликлариаро сиёсий маслаҳатлашувнинг навбатдаги даврасини жорий йил Тошкент шаҳрида ўтказишга келишиб олди.

    Маданий-гуманитар алоқани янада чуқурлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Гуманитар алмашинувни фаоллаштириш, Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳудудида қўшма маданий тадбирларни мунтазам ўтказишга кўмаклашиш, туризм соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қатъий интилиш билдирилди.

    Учрашувда халқаро ва минтақавий ташкилотлар, жумладан Туркий давлатлар ташкилоти ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ўзаро ҳамкорликнинг энг муҳим жиҳатлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.