"Вобкент тола кластер" МЧЖ фаолиятини кенгайтирмоқда

    Вобкент туманида енгил саноат тўқимачилик тармоғи кейинги йилларда ривожланиш йўлига чиқди.

    Масалан, фаолият бошлаганига бир неча йил бўлган “Ekvatorial Chodak” МЧЖ ни олсак, корхонада хом ашёдан фақат ип–калава йигириш билан тўхталиб қолмасдан, 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция киритиш ҳисобидан халқаро талабга жавоб берадиган жинси матоси ишлаб чиқарилиши, шу қаторда жинси шим ва красовка ишлаб чиқарилаётгани бу ерда маҳсулот экспортини кенгайтириш имконини бермоқда. Бугунга келиб қарийб 500 нафар киши меҳнат қилаётган ҳамда Туркия, Япония ва Италия технологияси асосида жиҳозланган бу корхонада ҳар куни 5 мингдан зиёд замонавий бичимдаги маҳсулот тайёрланаётгани маҳаллий бюджетни ҳам бойитмоқда. Корхона таъсисчиларидан бири Аъзамжон Норқўзиевнинг айтишича, корхонанинг юз фоиз тайёр маҳсулоти экспортга йўналтирилган. Тайёр кийим-кечак айирбошлаш ҳисобидан бу ерда ишлаётганларнинг моддий манфаатдорлиги ошиб бормоқда ва уларнинг учдан икки қисми ёшлар эканлиги корхона истиқболидан далолат.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 21-22 январь кунлари вилоятга амалга оширган ташрифи муносабати билан жумладан, Вобкент туманида масъулияти чекланган жамияти шаклидаги "Вобкент тола кластер" МЧЖ фаолиятини тўла қувват билан ташкил этишга киришилганди. Бу борада айнан “Ekvatorial Chodak” МЧЖ фаолият олиб бораётган манзил яқинида, “Дўстлик” маҳалласининг Ғафур Ғулом кўчасидаги 54-уйда унга муносиб рақобатчи сифатида ип-калава йигирув корхонаси иш бошлади. Бунда хом ашёни қайта ишлаш, йигирув ва ўров цехлари қурилиш–таъмирига, зарур дастгоҳлар билан жиҳозлашга умумий қиймати 45 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя сарфланди.

    — Мазкур фабрика лойиҳаси 2018 йилда ишлаб чиқилган, – дейди "Вобкент тола кластер" МЧЖ раҳбари Ваҳоб Мирзаҳакимов. — Ўша йили 15 августда корхонамиз билан “Construction” компанияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланганидан сўнг, Вобкент тумани ҳокимининг қарорига мувофиқ собиқ “Бухоротекс” тўқимачилик корхонасининг Вобкент филиалидан 3 гектар ер майдони — шу ҳудуддаги бўш бино ва иншоотлари ажратиб берилган. Корхона фаолиятини бошлаганидан сўнг бу ерда ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг 18,5 миллион АҚШ долларига тенг миқдордаги маҳсулоти, яъни 70 фоизи экспортга мўлжалланган бўлиб, 7,9 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулот, яъни 30 фоиз товарни ички бозорга йўналтириш белгиланган. Бир пайтлари катта салоҳият билан ишлаган ва кейинги йилларда инқирозга юз тутиб, қаровсиз қолган аввалги Вобкент пахтани қайта ишлаш комбинати ўрнида, 6,4 гектарни эгаллаган майдоннинг 2 гектардан ошиқ қисмида қайта қуришни амалга ошириб, шундан 21 миллион АҚШ доллари миқдоридаги сармояга Германия, Туркия, Ҳиндистон, Чехия, АҚШ, Испания каби илғор давлатлардан зарур ускуна ва дастгоҳларни харид қилиб, келтириб ўрнатдик. Шу йил март ойидан бевосита ишлаб чиқаришни бошлаган бўлсак, ички имкониятлар ҳисобидан фабрикамиз ишчилари сонини 550 нафарга етказдик. Уларнинг аксарияти уйда ишсиз ва даромадсиз ўтирган хотин-қизлар бўлиб, вобкентликлардан ташқари, Ғиждувон туманининг Лабирўт ва Гаждумак, Шофиркон туманининг Оқработ, Учон, Чандир каби қишлоқларидан қатнаб ишлашмоқда. Бизда уч сменада иш ташкил этилган бўлиб, ҳар бир ишчининг ўртача ойлик маоши 1,1 миллион сўмни ташкил этмоқда.

    Фабриканинг ишлаб чиқариш кўрсаткичларига назар солсак, шу йил 1 июль ҳолатида жами 581 тонна ип-калава ишлаб чиқарилган. Бу маҳсулот пулга чақилганида, 13 миллиард 250 миллион сўмга етади. Зарур хомашё — пахта толаси эса вилоятдаги тайёрлов корхоналаридан ташқари Хоразм ва Қашқадарё вилоятларидан харид қилинади. Тайёрланаётган маҳсулот Туркия ва Хитой давлатларидаги буюртмачиларга етказиб берилиб, бюджетга валюта олиб кирилмоқда. Иқтисодий жиҳатдан, корхонанинг қувватини бир йилга қарийб 10 минг тонна ҳажмида ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш мақсад қилинган.

    Бундан ташқари, "Вобкент тола кластер" МЧЖ да келгуси йил бошидан янги лойиҳа амалиётига киришилган. Фақат ип-калава билан чекланиб қолмасдан, бўз каби тайёр мато ва уни бўяш цехи ишга туширилиши кўзда тутилган. Мазкур лойиҳа туфайли ички ва ташқи бозорга йўналтирилаётган тайёр маҳсулот таннархи оширилиши, фойда ортиши баробарида маҳаллий аҳоли вакилларидан яна 300 га яқин фуқарони иш билан таъминлаш имконияти яратилади, деб хабар беради Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates