Водород энергетикаси — истиқболли энергия манбаи

    Президентимизнинг шу йил 1 апрелдаги “Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонида қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш соҳасида муқобил ва экологик тоза энергия манбаи — водород ишлаб чиқариш, уни сақлаш ва қўллаш бўйича инновацион технологияларни яратиш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланди.

    2019-2030 йиллар давомида мамлакатимизда ялпи ишлаб чиқиладиган электр энергиясида қуёш ва шамолдан олинадиган энергия улушини 13,8 фоизга етказиш мақсад қилинган. Маълумки, қуёш ва шамолдан энергия олиш кўп жиҳатдан об-ҳавога боғлиқ. Шу боис, бу энергия қуввати камайганда ўрнини тўлдириш учун бошқа арзон ва экологик тоза манбаларни яратиш эҳтиёжи пайдо бўлмоқда. Шунингдек, экологик муаммолар ва уларни бартараф этиш билан боғлиқ бугунги ҳолат водород энергетикасини янада ривожлантиришни тақозо этяпти.

    Халқаро экспертлар 2050 йилда водород энергетикаси улуши дунё миқёсида 18 фоиз, 2100 йилда эса 40 фоиздан ошишини тахмин қилмоқда. Европа Иттифоқи мамлакатлари водород энергетикасини ривожлантириш орқали атмосферага чиқариладиган карбонат ангидрид миқдорини 95 фоизгача камайтиришни режалаштирган.

    Дунёда водород энергетикасини ривожлантириш ва ундан самарали фойдаланиш бўйича кенг миқёсда илмий ва амалий ишлар олиб борилмоқда. Масалан, Европа Иттифоқи 2050 йилгача ёқилғига бўлган умумий эҳтиёжнинг 25 фоизини водород воситасида қондиришни мақсад қилган.

    Япония водород дастурида 2020 йилда 1,4 миллион, 2030 йилда эса 5,3 миллион дона водородли ёқилғи элементини фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Хитойда 2050 йилда жами ишлаб чиқариладиган электр энергияси ҳажмининг 10 фоизи водород ҳиссасига тўғри келиши белгиланган.

    2018-2019 йиллар мобайнида Австралия, Жанубий Корея, Германия, Буюк Британия ва АҚШнинг айрим штатлари ўз водород стратегиясини тасдиқлаган.

    Водород энергетикасининг ҳозирга қадар кенг оммалашмаганига асосий сабаблардан бири уни ишлаб чиқариш таннархи баландлигидир. Мавжуд технологиялар ёрдамида бир бирлик водород энергияси олиш учун 3-4 бирлик энергия сарфланади. Масалан, табиий газдан фойдаланиб водород олиш учун 1200 0С, сувни парчалаб олиш учун эса 1600 0С ҳарорат зарур.

    Мамлакатимизда водород энергетикасини ривожлантириш учун дастлабки қадамлар қўйилган. Масалан, Фанлар академиясининг Материалшунослик институтида водородни синтез қилиш, рух билан сувни аралаштириш ҳамда қуёш энергияси воситасида водород ажратиб олиш, Турин политехника университетида водород ёқилғиси билан ишлайдиган автомобиллар яратиш бўйича тадқиқотлар қилиняпти.

    Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2021-2022 йиллардаги устувор фаолият йўналишларини амалга ошириш бўйича фармонда белгиланган амалий чора-тадбирлар дастури мамлакатимизда водород энергетикаси технологиялари юзасидан илмий тадқиқот ишларини янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш имконини яратади. Юртимиз олимлари Қуёш нуридан фойдаланиб сувдан юқори ҳарорат (1600 0С)да водород олиш бўйича тадқиқотлар олиб боради. Бунинг афзал жиҳатларидан бири шуки, юқори ҳарорат олиш учун қўшимча энергия сарфланмайди, экологияга зарарли таъсир кўрсатилмайди. Водороддан энергия олишда у кислород билан реакцияга киришади, пировардида ҳам 1000 0С дан ортиқ ҳарорат, ҳам сув ҳосил бўлади. Демак, водород синтези учун фойдаланилган сув деярли тўлиқ ўз ўрнига қайтади, ундан ажралиб чиққан юқори ҳароратдан ҳам электр энергияси, ҳам иссиқлик энергияси олинади.

    Бундан ташқари, водород ажралиши учун сарфланадиган ҳароратни пасайтириш ва водород ажралиши ҳажмини ошириш учун махсус наноўлчамли катализаторлар яратиш, водороддан транспорт ёнилғиси учун элементлар ҳосил қилиш, водородни хавфсиз сақлаш, тармоққа узатиш ва ундан фойдаланиш технологияларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Водороддан ёқилғи элементлари сифатида фойдаланиш, ўз навбатида, азот, олтингугурт ва углерод оксидлари каби атмосфера учун зарарли бўлган бирикмалар миқдорини камайтиради. Энг муҳими, водород энергетикаси технологияларининг ривожланиши мамлакатимиз иқтисодиёти ва аҳолисини энергия билан узлуксиз таъминлаш имконини беради.

    Одилхўжа ПАРПИЕВ,

    ЎзФА Материалшунослик институти директори,

    физика-математика фанлари номзоди