баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    “X”, “Y”, “Z” авлодлар назариясини нега ўрганишимиз керак?

    Шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги даврда луғатимизга янгидан-янги ибора ва жумлалар кириб кела бошлади. Шулардан бири — авлодлар назарияси тушунчасидир.

    Биламиз, ҳар бир авлоднинг ўзига хос дунёқараши, ҳаётга муносабати, вазифаси ва тақдири бор. Уларнинг бу ўзига хосликлари оила, ижтимоий ҳаёт, дунёқараш ва касб каби турли омиллар эвазига шаклланади. Хўш, авлодлар назариясини ўрганиш бизга нима беради?

    Россиялик бир гуруҳ олимлар хулосасига кўра, охирги икки аср авлодини беш тоифага бўлиш мумкин. Биринчиси, 1923—1943  йилларда туғилган “унсиз авлод”. Уларни қиш фаслига ҳам қиёслашади. Улар уруш даврида туғилиб, барча қирғинбаротлар, иқтисодий танглик, яқинларидан жудолик ва оммавий қатағонни кўрган. Бу авлоднинг мақсади омон қолиш бўлган, улар бир кун келиб ҳаммаси изга тушиб кетишига умид қилиб яшаган. Шунинг учун ҳам уларни қиш фаслига қиёслашган. Чунки қишда сокинлик ҳукмрон бўлади ва инсонлар қаҳратондан кейин, албатта, баҳор келишига ишонишган.  

    Кейинги авлод 1943—1963 йилларда туғилганларни ўз ичига олувчи “бэби-бумерлар”, яъни уларнинг ота-оналари оилада имкон қадар кўпроқ фарзанд кўришга интилишган. Бу авлод яшаган даврда инсонларнинг турмуш тарзи ўнглана, ғоялар, қарашлар ўзгара бошлаган. Улар бу даврда фазони забт этган ва шу каби ихтироларга ҳайрат билан қараган. Шунинг учун ҳам бу авлод вакилларида ғолиблик руҳи устун туради. Оптимизм ва жамоавий руҳ улар учун жуда муҳим саналади.

    СИЁСАТГА ҚИЗИҚУВЧИ АВЛОД

    Энди биз чуқурроқ таҳлил қилмоқчи бўлган асосий уч авлоднинг ўзига хос хусусиятларига ўтсак. X дея номланган авлод вакилларининг туғилиш даври 1963—1986 йилларга тўғри келади. Уларни ёз фаслига қиёс этишади. Американинг “Pew” тадқиқот маркази мутахассислари эса бу авлод даврини 13 йил деб белгилаган. Яъни 1965—1979 йиллар оралиғида туғилган X авлод ҳақида ҳаттоки унутилган “ўрта бола” деган фикр ҳам илгари сурилади. Уларнинг фикрича, бу даврда туғилиш даражаси паст бўлган. Лекин бугун бошқарув ролида бўлган “бэби-бумер”лар яқин йилларда ўз ўрнини Xчиларга бўшатиб беради ва улар касбий ўсишнинг юқори нуқтасига чиқади.

    — Авлодлар назариясига кўра, ҳар бир авлод, яъни X,Y ва Z авлодлар

    ўзига хос хусусиятга эга, — дейди ЎзДЖТУ доценти, филология бўйича фалсафа фанлари доктори (PhD) Беруний Алимов. — Масалан, X авлодни кўпроқ кўчманчилар дейишади. Чунки айнан улар иштирокида дунё бўйлаб миграция жараёнлари бир неча баробар ортгани кузатилади. Сиёсий жиҳатдан ўз қарашларига эга, жамоавий қадриятлар улар учун жуда муҳим. Мусиқани улар шунчаки маданият эмас, балки “поп-культура” сифатида қадрлашади. Энг муҳими, улар ишга ва оилага жиддий эътибор қаратишади. X авлод сиёсий ахборотларни ҳар томонлама яхши кўради. Кундалик халқаро ҳаётга ва мамлакатда олиб борилаётган сиёсий-иқтисодий ислоҳотларга тегишли бўлган хабарлар уларни кўпроқ қизиқади.

    ЎЗГАРИШЛАРДАН ҚОЧМАЙДИГАН АВЛОД

    Куз фаслига қиёсланадиган Y авлод 1986—2003 йилларни ўз ичига олади. Баъзи манбаларда бу авлодга 1980—2000 йиллар оралиғида туғилганлар киритилади. Улар глобал инқироздан олдин туғилган ва ҳаётдаги ҳар қандай янгиликлар, ўзгаришларни хуш кўриб, турмуш тарзини ўзгартириш тўғрисида бош қотирувчилардир. Улар иқлим ўзгаришларига бефарқ эмас. Қайси ташкилотда ишламасин, ўша ерга янги руҳ олиб киришга ҳаракат қилади. Энг муҳим жиҳати, уларга имконият ва йўналиш бериб турилса, кифоя. Мол-дунёга унчалик ўч эмас. Сотиб олинган қиммат гиламни олдингилардек деворга осиб қўймайди.

    — Y авлод ўзгаришлар тарафдори, — дейди Беруний Алимов. — Улар учун ғалаба жуда муҳим. Бирор нарсани олдига аниқ мақсад қилиб, унга эришмагунча қўйишмайди. Улар ахборот технологияларига қизиқиши билан ҳам бошқалардан ажралиб турадилар. Турли янги соҳаларда ўзларини синаб кўришдан тортинмайди. Таваккалчилик уларда кучли. Яъни ўзидан олдинги авлод каби “дарахт битта жойда кўкаради”, деб эмас, балки ўзини ҳар хил янги касбларда синаб кўришни одат қилган. Ҳаётда ўзгаришларга ҳар доим тайёр туради. Y авлодни бугунги жамиятда содир бўлаётган оддий, кундалик, бир қарашда жўн ўзгаришлар кўпроқ қизиқтиради ва ана шу ўзгаришларнинг инсонлар ҳаётидаги аксини кўришни хоҳлашади. Шу жиҳатдан улар ўзлари қидираётган ахборот ичидан ҳаётни қандай ўзгартириш, бугунги турмуш тарзини қандай қилиб янада такомиллаштириш мумкин, деган масалаларга тааллуқли бўлган ахборотларга кўпроқ аҳамият беришади. Улар яна сиёсий ва маданий ҳаётдаги воқеаликлардан ташқари, соф, “сувсиз” ёки “ҳазми осон” янгилик жанрларига кўпроқ қизиқади. Йирик, таҳлилий мақолаларни ўқимайди, асосан, индувидуал тарзда ўзи учун қизиқ бўлган ҳар қандай ахборотни қидиради ва уни албатта топади, ўқийди.

    АХБОРОТ УММОНИГА ҒАРҚ БЎЛГАН АВЛОД

    Баъзи манбаларда 2003—2024 йиллар оралиғида, айрим тадқиқот натижаларида эса 1995 йилдан кейин туғилганлар деб ҳисобланадиган Z авлод қиш фаслига қиёсланади. Бу давр тугагани йўқ ва шунинг учун тугал хулоса чиқариш қийин. Лекин, шуниси аниқки, бу авлод қадриятларининг шаклланиши қаттиқ сиёсий курашлар, ҳудудларни қайта бўлиб олиш машмашалари давом этаётган ҳамда ахборот уруши даврига тўғри келмоқда.

    Мутахассислар бу авлод вакилларининг мамлакатлар иқтисодиётини янада кўтариш ва умуман кутилмаган, оламшумул ўзгариш қилишларига ишонишмоқда. Чунки индиго болалар, ғайриоддий иқтидорли, махсус фалсафий дунёқарашга эга, ижодкор ва “қўлида гаджетлар билан туғилган”лар айнан Z авлога мансубдир.

    — Бугунги кунда ахборот оқимининг кучайиши ва уни олишдаги имкониятларнинг кенгайиши натижасида Z авлод вакиллари бирор касбни эгаллаш ёки бирор ишни бошлашдан олдин “Бу ўзидан аввалги даврда қандай бўлган ва ҳозирги вақтда қандай самара беряпти”, деган саволни ўртага қўйиб, таққослайди, — дейди Ёшларга ижтимоий психологик хизмат кўрсатиш маркази психологи Гулбаҳор Юсупова. — Ана ундан кейин хулоса чиқаради. Бир томондан, бу яхши. Лекин, иккинчи томондан, улар жуда катта ахборот оқими ичида қолиб кетяпти. Бу авлод вакиллари орасида мустақил бўлишга интилиш ёши тобора ёшариб бормоқда. Бундан бир неча йил аввал болалар ўсмирликка қадам қўйганида, яъни 12-15 ёшлар оралиғида мустақил бўлишга интилар эди. Бугунги кунда эса айрим ёшларнинг ҳатто ўсмирлик даврига ўтмасидан аввал ҳам ўзини индувидуал шахс сифатида тан олишларини истайдиганлари кўзга ташланмоқда. Бу авлодга хос яна бир хусусият уларда атрофдагиларга нисбатан шахсий фикр ва ташхиснинг борлигидир. Улар тез ҳазм бўладиган қисқа, лўнда, тушунарли ахборотларни истеъмол қилади. Бу авлод вакилларига ахборотни публицистик-оммабоп ва сўзлашув услубида етказиш мақсадга мувофиқдир.

    Психолог Гулбаҳор Юсупова фикрича, бугунги ёш авлодга дўстона услубда мулоқот қилган яхшироқ. Ана шундагина улар билан тил топишиш ва уларни ишонтириш осонроқ бўлади.

    МАТН ЎҚИШГА ЭРИНАДИ

    — Z, яъни бугунги ёш авлод алоҳида аудитория ҳисобланади. Биз уларни ахборот уммонига ғарқ бўлган ёки янгиликлар тўфонида қолиб кетган, деб ўйлаймиз, — дейди Беруний Алимов. — Ваҳоланки, ёш авлод фақат ўзига керакли бўлган ахборотни, хусусан, қисқа ҳажмдаги матнларни ўқийди. Таҳлилий материалларга эътибор бермайди. Нима учун? Сабаби, улар ҳар соҳадан бир шингил янгилик топишни исташади. Чунки уларда “қисқа ўйлаш” (инглизча “clip thinking”, русчада “клиповое мышление”) жуда яхши шаклланган. Битта ахборот мавзусига чуқур кириб боришга ёки бир мавзуга атрофлича таҳлилий ёндашилган материални ўқиб ўтиришга уларда вақт ҳам, имконият ҳам чегараланган. Шундан келиб чиқиб, улар бирор масалага жиддий ва чуқурроқ киришишга ўзларида сабр-тоқат топа олмайди. Масалан, агар видеосюжет бўладиган бўлса, ундаги 1-2 дақиқалик ахборотни яхши кўриб, томоша қилади. Улар учун матнли янгиликка нисбатан видеоянгиликлар кўпроқ қизиқ. Шу сабабли медиа мутахассислар прогнозига кўра, кейинги 2 йил ичида медиамакондаги янгиликлар контентининг 80-82 фоизини айнан видеоматериаллар эгаллайди. Яъни замонавий ўқувчи қуруқ матн билан қониқмайди, уларнинг ишончи ва эътиборини қозониш учун уларга кўпроқ фото ва видеоматериаллардан иборат визуал ахборотларни бериш талаб этилади.

    АВЛОДЛАР НАЗАРИЯСИ БИЛАН ТАНИШИШ БИЗГА НИМА БЕРАДИ?

    Мутахассисларнинг фикрлари ҳамда хориж олимлари назарияларини кўриб чиқдик. Энди сизга бир эспериментни таклиф қиламан. Z авлод даврида туғилган фарзандингизга эртак айтиб кўринг. Эртак узунроқ бўлсин. Кейин болангизни зимдан кузатинг: у сизни диққат билан эшитяптими? Воқеалар баёнининг қайси қисми унинг эътиборини тортди?

    Айтишларича, бугунги кун боласини эртакларнинг фақатгина кулминацион нуқтасигина қизиқтиради. Яъни “Қизил шапкача” ҳақидаги эртакнинг жужуқларимиз учун бўри қизалоқнинг бувисини еб қўйган жойигина қизиқ бўлади.

    Биз нега авлодлар назариясини ўрганишимиз керак? Аввало, ўзаро муносабатларда бу асқатади. Сиз ёши катталарга бошқача, ёшларга ўзигагина хос услубда муомала қилишни бошлайсиз. Қолаверса, ахборот етказишда унинг истеъмолчиларини ўрганиш бугунги куннинг талабидир.

    Авлодлар назариясини ўрганиш бозор иқтисодиётини шакллантиришда маркетологлар фаолиятини яхшилашда, социологларнинг ижтимоий қатламларни ўрганишдаги тадқиқотларини жонлантиришда ва, албатта, ахборот узатувчилар, яъни ОАВ вакилларини ўз аудиторияларини яқинроқ ўрганиш ҳамда уларга керакли ва қизиқарли бўлган ахборотни тайёрлаб узатишда катта фойда беради.

    Соҳиба МУЛЛАЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

     

    No date selected
    December 2020
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates