Халқ дипломатияси ривожида халқаро ахборотнинг аҳамияти

    Ўзбекистондаги Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан Халқаро ахборот куни арафасида “Халқ дипломатияси ривожида халқаро ахборотнинг аҳамияти” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

    Халқ дипломатияси маркази раҳбари Қобилжон Собиров ШҲТ мамлакатлари ўртасида ахборот соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш, ахборот ресурсларини шакллантириш ҳамда ШҲТнинг мақсадлари, вазифалари, фаолиятининг устувор йўналишлари ва асосий принципларини кенг тушунтириш мақсадида оммавий ахборот воситалари билан олиб борилаётган ҳамкорлик ҳақида сўз юритди. ШҲТ мамлакатларининг маданий-гуманитар соҳада эришган ютуқлари тўғрисида ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш ва уларни мунтазам чоп этиб бориш Марказнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгилангани, Халқаро ахборотлаштириш академиясининг 1992 йил 26 ноябрдаги Биринчи халқаро ахборот форумида ушбу кунни дунё миқёсида Халқаро ахборот куни сифатида нишонлаш таклиф этилгани, халқаро ҳамжамиятга очиқликни эълон қилган Ўзбекистон учун мазкур сана муҳим воқелик ҳисобланишини алоҳида таъкидлади. Жорий йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 20 йиллиги кенг нишонлангани, ушбу халқаро ташкилотга Ўзбекистон раислик қилиши каби муҳим анжуманларни дунё аҳлига етказишда халқаро ахборот вакиллари жонбозлик кўрсатгани ҳақида тўхталди.

    Давра суҳбатида маданий, илмий, маърифий дастурларни ташкил этиш, ўзаро делегациялар алмашинуви, долзарб мавзудаги халқаро форумлар, бадиий кўргазмалар, мусиқа фестиваллари ва спорт тадбирларини ўтказиш доирасида Марказ билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар тўғрисида иштирокчиларга батафсил маълумот берилди.

    Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ўз маърузасида халқаро ахборотнинг аҳамияти ва унинг ўзга хос жиҳатларига тўхталиб, Журналистлар ижодий уюшмаси муассис ҳисобланган Марказ тадбирларини, халқ дипломатияси ютуқларини халқаро матбуотда кенг ёритишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, кўплаб журналистлар бу борада фаоллик кўрсатаётганини таъкидлади.

    Тадбирда оммавий ахборот воситаларнинг глобал ахборот маконидаги ўрни тобора ортиб бораётгани, уларнинг фаолияти учун замон талабларига мос келадиган барча шарт-шароитлар яратилгани, маданий-гуманитар соҳадаги халқаро алоқаларни ривожлантириш муҳимлигига эътибор қаратилди.

    Ўзаро фикр алмашиш ва мунозаралар давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари Марказ фаолиятини такомиллаштириш ва кенг кўламда ёритиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирдилар.

    Давра суҳбати якунида Қ.Собиров иштирокчиларга таклиф ва тавсиялар учун миннатдорлик билдириб, ШҲТга раислик навбати Ўзбекистонга топширилгани муносабати билан ўтадиган халқаро анжуманларни холисона ёритишда журналистларнинг фаол иштироки муҳим эканлигини таъкидлади.

    Ўзбекистондаги Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг

    Халқ дипломатияси маркази ахборот хизмати