Халқ шоири хотирланди

    80-йилларнинг ўрталари ва охирларида Орол муаммосини баралла кўтарган ҳам ёзувчилар бўлади. Шулардан бири — Рамз Бобожон эди. 1969 йили ўзининг “Обиҳаёт” номли шеърида кутилаётган Орол муаммоси нафақат Ўзбекистонга балки, бутун Марказий Осиё учун табиий офат эканлигини таъкидлаган.

    Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида Ўзбекистон халқ шоири, драматург Рамз Бобожон таваллудининг 100 йиллигига бағишланган “Хотира – иккинчи ҳаётдир” мавзуидаги бадиий-маърифий кеча ўтказилди. Бадиий-маърифий кеча атоқли адибнинг оила аъзолари иштирокида ўтказилди.

    Тадбир меҳмони, Фузулий номли халқаро мукофот лауреати, истеъдодли шоир Тўра Мирзо шоир ва драматургнинг ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ ҳамма учун қизиқарли бўлган воқеаларни сўзлаб берди.

    Адибнинг қизи Камола Бобожонова эса отаси ҳақиқий инсонпарвар, меҳрибон ва одамохун бўлганлиги, унга мурожаат этган инсонларнинг барча илтимосларини ерда қолдирмаганини эслаб ўтди. Шунингдек, Рамз Бобожон тириклик даврида хотира – иккинчи ҳаёт эканлиги ҳақида тез-тез айтишини ҳам ёдга олди.

    Жамоат хавфсизлиги университети профессори, адабиётшунос олим Тўлқин Сайдалиев адибнинг ёшлиги қатағон сиёсат даврига тўғри келганлиги ва у ижодида ўта эҳтиёткорлик билан халқ манфаатини ўйлаб фаолият юритгани ҳақида ҳикоя қилиб берди.

    Кечада биринчи курс курсантларидан “Янги алвон беретлар” ижодий жамоаси ҳам фаол иштирок этишди. Улар шоирнинг адабий меросидан чуқур фалсафий мазмунга эга бўлган тўртликлардан чиройли шеърий композицияларни ижро этишди. Ижодий жамоа адиб қаламига мансуб тўртликларидан ўқиб “Тошкент” ва “Гилос” шеърларини қўшиққа солиб, кавер усулида ижро этиб беришди. Адибнинг фарзандлари ва яқинлари уларга миннатдорлик билдиришди.

    Кечада Бош Қомусимиз бўлган Конституциямизда назарда тутилган илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан унумли фойдаланилди.

    Айтиш мумкинки, тадбир кеча иштирокчиларида илиқ таассурот қолдирди. У ёшларнинг маънавий тарбиясига, уларда ватанпарварлик хиссини ошишига ижобий таъсир кўрсатиши, уларни китоб ўқишга, тарихни ўрганишга, адабиётни севишга ва ўтмиш алломаларини улуғлашга даъват этиши билан аҳамиятлидир.

    Дилмурод Иргашев,

    Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавсизлиги университети

    кафедра катта ўқитувчиси,

    доцент, подполковник.