Халқ таълими вазири ўринбосари халқаро рейтингда етакчи лидерлар сирасига кирди

    Долзарб 17 феврал 2021 684

    Дунёдаги энг йирик бизнес таълими альянси халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжоновни 2021 йилнинг энг нуфузли етакчи лидери сифатида эътироф этди.

    Халқаро AACSB (Association to Advance Collegiate Schools of Business, AACSB – Университет бизнес мактабларини ривожлантириш ассоциацияси)да аккредитациядан ўтган бизнес мактабларининг таниқли битирувчилари ҳар йил эътироф этилиб, кейинги авлодлар учун илҳомлантирувчи намуна бўлиб хизмат қилади, деб хабар бермоқда ЎзА.

    «Айни вақтда Рустам Каримжонов Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг ўринбосари сифатида фаолият юритмоқда. У Ўзбекистондаги мактаб таълимини ислоҳ қилиш, ривожлантириш ва бошқариш билан шуғулланиб келмоқда. Каримжонов мактаб ўқувчилари учун замонавий ахборот технологиялари, инновациялар ва касб-ҳунар таълими тизимларини жорий этиш ва мувофиқлаштириш бўйича раҳбарлик қилади», — дейилади альянс хабарида.

    «Биз Рустам Каримжонов сингари бизнес-мактаб битирувчиларининг саъй-ҳаракатларидан ғурурланамиз. SolBridge дунёни ўзгартиришга тайёр бўлган раҳбарларни ривожлантирмоқда ва AACSB ҳам Рустам Каримжоновни жамиятдаги ижобий таъсирини эътироф этади», — дейди AACSB президенти ва бош директори Карин Л. Бек-Дадли.

    Олти йилдан бери ўтказиб келинаётган рейтингнинг нуфузли раҳбарлари орасида бизнес ва жамиятда сезиларли таъсир кўрсатган 250 нафар бизнес мактаб битирувчилари мавжуд. Барча фахрий битирувчилар бутун дунё бўйлаб 870 дан ортиқ AACSB томонидан аккредитациядан ўтган бизнес мактабларида бакалавр, магистр ёки докторлик даражасига эга.

    1916 йилда ташкил этилган AACSB дунёдаги энг йирик бизнес-таълим бирлашмаси бўлиб, ўқитувчилар, ўқувчилар ва бизнесдаги улкан етакчиларнинг кейинги авлодини яратиш мақсадида бирлаштиради. 100 дан ортиқ мамлакатлар ва минтақаларда AACSB ўзаро алоқаларни ривожлантириб, инновацияларни тезлаштиради ва бизнес таълими таъсирини кучайтиради.

    «Инновацияларда етакчилик, танқидий ва тизимли фикрлаш, ўзгаришлар ва қийинчиликларга очиқлик, ижобий таъсир кўрсатиш каби кўникмаларни мен SolBridge да ўрганганман ва бу энди менинг асосий ҳаётий тамойилларим. Мен SolBridgeда ўзим ўрганганимдек ёшларни инновацияларга йўналтирадиган, технологиянинг ютуқларидан яхшироқ ҳаёт кечиришга ва ўз жамиятлари учун ижобий таъсир кўрсатадиган тизимли ва стратегик ислоҳотларни ишлаб чиқишга ҳамда амалга оширишга ҳаракат қиламан», — дейди Рустам Каримжонов.