Чорак аср давомида умрини ёш авлодга бағишлаб, уларнинг қалбига эзгулик ёғдусини жо этиб келган фидойи педагог болаларга билим беришни, ёш қалбларда илмга меҳр уйғотишни ҳаётининг мазмуни деб билган.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришган кунлардан бошлаб умумтаълим мактабларида ўқув услубий самарадорлигини ошириш мақсадида биринчилардан бўлиб иқтисослаштирилган иқтидорли болалар мактаб-интернатини ташкил қилди. 1991-2009 йилларда иқтидорли, истеъдодли ўқувчилар билан ишлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида ибратли ишларни амалга ошириб, Республикамизда алоҳида ўринга эга бўлган Бухоро вилоятидаги халқаро математика фанига ихтисослаштирилган «Қоракўл мактаби» асосчиси сифатида таълим муассасини жаҳонга танитди.
Ҳозирга қадар лицейнинг 3114 нафар битирувчиси, республика олий ўқув юртларида, 56 нафари эса хорижий давлатлар университетларида таҳсил олган. Лицейнинг ўқувчилари сўнги йилларда жаҳон ва халқаро фан олимпиадаларида совринли ўринларни эгаллаб Ватанимиз номини дунёга танитмоқдалар.
“Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси”, “Эл-юрт ҳурмати” ордени ва “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Тўхтамурод Жумаев мураббий-методист сифатида “Ўқувчилар билимидаги бўшлиқларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш усуллари”, “Замонавий дарсни ташкил этиш йўллари”, “Мактабда ички назоратни ташкил қилиш” сингари 7 та методик қўлланмаси чоп эттирган.
Тўхтамурод Жумаев тажрибали ва изланувчан педагог, самимий инсон, фидоий ва жонкуяр устоз сифатида барчамизнинг хотирамизда абадий сақланиб қолади.