баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    Халқаро фонд бозорига очилган йўллар

    Инвестициявий лойиҳаларни ўз вақтида бажариш, юртимизнинг сармоявий жозибадорлигини ошириш имконини яратади.

    Вақт оқар дарё деган иборани тез-тез қўллаб турамиз. Бу – умрнинг тез суръатларда ўтиб кетаётганига нисбат берилган азалий ҳикмат. Вақтдан унумли ва мазмунли фойдаланиш, ҳар бир дақиқанинг қадрига етиб яшаш аждодларимиз ва бугунги авлод учун ҳам бирдай долзарб бўлиб келган, шундай бўлиб қолаверади.

    Гидроэнергетикларимиз томонидан айни шу жараёнда дарё-ю сойларимизда оқаётган сувлардан оқилона фойдаланиб, янада кўпроқ электр энергияси ҳосил қилиш, станцияларни модернизациялаш, янгидан-янги самарадор лойиҳаларни хорижий шериклар билан ҳамкорликда ўз вақтида ишга тушириш устида иш олиб бориляпти.

    — Бугунги кун шиддати жўшқин дарёларникидан устун бўлса устунки, асло кам эмас, —  дейди “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Абдуғани САНГИНОВ. —  Бундан тўрт йил олдин ислоҳотлар харитасини белгилаб берган Ҳаракатлар стратегияси, таъбир жоиз бўлса, ҳаётимизнинг барча жабҳаларига янгиланиш ниҳолларини эккан бўлса, уларнинг интенсив ривожи ўз меваларини бера бошлади. Агар коранавирус деган бало-қазо бошқа мамлакатлар қатори бизни ҳам мураккаб қийинчиликларга рўбарў қилмаганида, Бухоро ва Сардобадаги табиий ҳамда техноген офатлар рўй бермаганида, ўтган йилги муваффаққиятлар янада салмоқли ва ҳосилдор бўлиши айни ҳақиқат эди. Лекин шунга қарамай, жаҳоннинг нуфузли молиявий ташкилотлари эътироф этаётганидек, Ўзбекистон дунёнинг саноқли давлатлари қаторида ижобий ўсиш суръатларини сақлаб қолди.

    Шу ўринда, ҳеч бир муболаға қилмай айтиш мумкинки, ҳозирги кунда гидроэнергетика соҳаси аввалги соҳа, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ҳам илгаригидай тузилма эмас. Унинг фаолияти, мақсад ва вазифалари тубдан ўзгарганлигини Президентимизнинг Мурожаатномасидаги эътирофи ҳам яққол кўрсатиб турибди. Биргина энергетика соҳасида хорижий инвесторлар билан давлат-хусусий шериклик асосида 6 та янги электр станциясини барпо этиш ишлари бошланди.

    Тизимга давлат-хусусий шериклигининг кириб келиши улкан фаолиятнинг бошланиши ҳисобланади. Ушбу жараён булоқлар жилғаларга, улар ирмоғу дарёларга айланганидай манзара касб этиб, янада кенгайиб бораверади.

    Аслини олганда, истеъмолчиларга узлуксиз энергияни акциядорлик жамияти етказиб бердими ёки давлат-хусусий шериклиги асосида ишлайдиган ширкатми, барибир. Асосийси, халқимиз хонадонларида барқарор ва бардавом чироқ ёниб туриши, ишлаб чиқариш ва саноат корхоналаримизнинг электр қувватига бўлган эҳтиёжининг доимий таъминланишидир.

    Шу ўринда, олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деган иборани ҳам ёдга олишга тўғри келади. Чунки, авваллари сув дунёдаги энг арзон табиий ресурс ҳисобланган бўлса, эндиликда энг эҳтиёжманд ва қимматбаҳо неъматга айланиб боряпти.

    Ўтган йили биринчи маротаба сув товар сифатида Лондон биржасида сотувга қўйилганлиги ҳам шундан далолат беради. Қолаверса, минтақамизда сув танқислиги билан боғлиқ вазият йилдан-йилга тобора мураккаблашиб бормоқда. Охирги 10 йилда, мамлакатимизда сув ҳажми 12 фоизга, 2019 йилга нисбатан эса ўтган 2020 йилда 15 фоизга камайган.

    Шундай бир шароитда, янги Ўзбекистонда ўсиб бораётган аҳоли сони, иқтисоди ҳар йили электр энергиясига бўлган эҳтиёжни тобора ошириб боради. Экспертларнинг ҳисоб-китобига кўра, 2030 йилга келиб, тармоқ ишлаб чиқариш қувватини 25 000 МВт га ёки йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 120 миллиард соатга етказиш талаб этилади.

    Яқин тарихга эътибор қаратадиган бўлсак, 1991-2018 йилларда, яъни 27 йил мобайнида, Ўзбекистонда электр энергияси ҳосил қилиш бор-йўғи 25 фоизга ўсган. Толлимаржон, Навоий, Тошкент, Тахиатош, Сирдарёдаги иссиқлик электр станциялари модернизация қилинди, янги энергоблоклар ўрнатилди, Тўрақўрғон ГРЭС ишга туширилди. Бу йўналишдаги йирик лойиҳаларнинг давом эттирилаётгани энергетикага бўлган эътибор ва талабнинг нечоғлиқ катталигини намоён этади.

    Мустақиллик йилларининг 27 йили давомида (2018 йилгача) 5 та гидроэлектр станцияси топширилган бўлса, сўнгги 3 йил ичида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ташкил этилгандан буён 6 та кичик, 5 та микро ГЭС умумий ҳисобда 11 та ГЭСларнинг барпо этилиши Жамиятнинг соҳага қўшаётган салмоқли ҳиссасини кўрсатиб турибди.

    Юртимизда 430 дан ортиқ каттаю кичик дарёлар мавжудлиги, уларнинг умумий узунлиги 127 минг километрни ташкил этиши мактаб ўқувчисига ҳам яхши маълум. Айниқса, кичик дарёлар электр энергиясини ҳосил қилишда беминнат манба ҳисобланди. Табиатнинг мазкур инъомидан фойдаланиш учун уларда кичик ГЭСлар қуриш энг самарали йўналишлар сирасига киради. Қолаверса, олис масофадаги ва етиб бориши қийин, узатиш линияларини етказиш имконияти чекланган ҳудудларда бундай электр станциялари жуда асқотади. Кичик дарёлар, каналлар, сув омборларидан тушадиган сув  ўзанлари бунинг учун қулай манба саналади.

    МикроГЭС халқаро стандартларга кўра, асосан қуввати 0,1 кВтдан 1000 кВтгача бўлган гидроэнергетик қурилма бўлиб, у турбина, тасмали ва редукторли узатмалар ҳамда асинхрон генератордан иборат. Гидротурбиналар тез оқим туфайли қувват ҳосил қилади. Сув қанча тезроқ оқса, у ҳам шунча кўпроқ электр қувватини ишлаб чиқаради, қурилиш жараёнида ва фойдаланиш даврида табиий ландшафт ва атроф-муҳитни бузмайди. Сув сифатига салбий таъсир кўрсатмайди, яъни, асл табиий хусусиятини йўқотмайди. Ихчам ГЭСлар ҳар жиҳатдан фойдали ва нисбатан арзон электр энергияси ишлаб чиқаришда қўл келади.

    2017 йилга келиб, мамлакатимизда дарё ва сув омборлари ёнида 36 та каттаю кичик гидроэлектр станция фаолият кўрсатарди. Энг ачинарлиси, уларнинг аксарияти ўтган асрнинг 50-60-йилларида барпо этилган, техник жиҳатдан ва маънан эскирган эди.

    Ана шундай мураккаб бир пайтда, 2017 йилнинг май ойида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти ташкил этилиб, унинг зиммасига 2017-2021 йиллар давомида янги ГЭСларни бунёд этиш, мавжудларини модернизация қилиш вазифаси юклатилди. Ана шу жараёнда, тизимдаги бутун хўжаликлар хатловдан ўтказилди.

    Илмий ва амалий таҳлиллар янги ГЭСларни қуришда ҳам, мавжудларини модернизация қилишда ҳам наинки минтақада, балки жаҳон андозаларига мос технологиялардан фойдаланиш самарали эканлигини кўрсатди. Яна бир муҳим жиҳат, ушбу ишларга халқаро молиявий муассасаларнинг узоқ муддатли имтиёзли маблағларини жалб этишга ҳам алоҳида аҳамият қаратилишидир.

    2018 йилда Жиззах вилоятида Зомин сув омборида 200 кВт қувватга микро иншоот, 2019 йилда юртимизда айни Наврўз айёмлари давом этаётган кезда Туябўғиз сув омбори қошида ишга туширилган кичик ГЭС бу борада рўёбга чиқарилган дастлабки лойиҳалардан бўлди. Туябўғиз ГЭС жуда қисқа фурсатда —  ўн тўрт ой давомида қуриб битказилди. Илгарилари бундай станцияни барпо этиш учун камида уч йил вақт сарфланар эди. ГЭСнинг умумий қуввати 11,4 МВтга тенг бўлиб, ҳар бир жараён “ақлли” (“smart”) электрон қурилмалар томонидан бошқарилади Бу, йилига ўртача 41,2 миллион кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқариб, 1 минг 600 та хонадоннинг электр қувватига бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлайди, деганидир.

    2017-2019 йиллар давомида “Шаҳрихон ГЭСлар каскади” унитар корхонасига қарашли 2 та ГЭС, “Қодирия ГЭСлар каскади” таркибидаги ГЭС-3, “Қуйи Бўзсув ГЭСлар каскади” нинг ГЭС-14 ва “Тошкент ГЭСлар каскади”даги ГЭС-9 сингари иншоотларда олиб борилган модернизация ишлари муваффақиятли тарзда амалга оширилди.

    — Модернизациянинг асосий мақсади иншоотнинг электр энергияси ишлаб чиқариш қувватини ошириш, электротехник, гидромеханик ва гидротехник қурилмаларининг ишончли ишлашини таъминлашга қаратилади. Бу борада қандай ишлар амалга ошириляпти?

    — Биргина рақамга эътибор қаратайлик. Модернизация жараёнида эски ГЭСларни замонавий ускуналар билан тубдан қайта жиҳозлаш натижасида уларнинг қуввати камида икки баравар ортади. Шунингдек, бир қатор станцияларда мавжудлари ёнига қўшимча равишда янгилари ҳам ўрнатилмоқда. Натижада, яна ўн минглаб аҳолини, корхона ва хизмат кўрсатиш субъектларини узлуксиз электр қуввати билан таъминлаш имконияти юзага келяпти.

    2020 йилда умумий қуввати 118,3 МВт бўлган 6 та янги қурилиш ва модернизациялаш лойиҳалари фойдаланишга топширилди, қўшимча 543 миллион кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилишга эришилди. Мавжуд лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида 88 та янги ишчи ўрни яратилди.

    Табиийки, пандемия сабаб дунёда ишлаб чиқариш ва инвестиция оқимининг кескин камайишининг рўй бериши “Ўзгидроэнерго” АЖнинг ҳам режаларига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмасдан қолмаяпти. Айрим лойиҳаларни бироз кечикишига сабаб бўляпти.

    Мурожаатномада таъкидланганидек, “яшил иқтисодиёт” билан боғлиқ саноат тармоқлари, шу жумладан, “яшил энергетика”нинг иқтисодиётимиз “драйверлари”га айланиши учун етарли шароитлар мавжуд. Бунга шамол электр станцияларини барпо этиш борасида амалга ошириладиган лойиҳалар яққол мисол бўла олади.

    Яна бир маълумот, жамиятимиз томонидан 2017 йилда республикада биринчи марта Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида қуввати 750 кВт бўлган шамол электр станцияси фойдаланишга топширилди.

    “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан 2021 йилда умумий қуввати 993,0 МВтга тенг бўлган 16 та, 2022 йилда 931,2 МВтлик 15 та, 2023 йилда 1 002,2 МВтдан иборат 18 та янги инвестициявий лойиҳалар устида иш олиб борилиши режалаштирилмоқда.

    — Яна бир устувор йўналиш бу — иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни жорий этишда давлат компанияларини трансформация қилишни жадаллаштириш масаласи. Шунинг учун жорий йилдан барча давлат корхоналарини ислоҳ қилиш дастури амалга оширилмоқда. Шу жумладан, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ҳам халқаро молия бозорига чиқиб, давлат кафолатисиз маблағ жалб қилиш имкониятига эга бўлади.

    Мутахассисларнинг билим ва малакаси, электр станцияларнинг техник имкониятлари, уларни мустақил трансформация қилиш учун етарли эмаслиги ҳисобга олинган ҳолда, бу жараёнга халқаро нуфузли банклар ҳамда тан олинган компанияларни кенг жалб этиш кўзда тутилмоқда.

    Аслида, бу жуда тўғри йўл. Бу борада, энг аввало, “ISO 50001 энергетика менежмент тизимлари” халқаро стандартини татбиқ этиш қўл келади. Чунки, мазкур тизим энергия самарадор ва тежамкорликни таъминлашга қаратилган дунёдаги энг мақбул услубни ўзида мужассам этган. Ушбу талаб 60 дан ортиқ мамлакатнинг энергетика менежменти экспертлари томонидан ишлаб чиқилган ва бу билимларнинг кундалик фаолиятга татбиқ этилиши энергия самарадорлиги ва экологик тамойиллар мувофиқлигини таъминлаган ҳолда, харажатларни қисқартиради.

    Президентимизнинг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ таркибидаги унитар корхоналарда “ISO 50001 энергетика менежмент тизимлари” халқаро стандартини жорий этиш бўйича саккиз босқичли чора-тадбирлар амалга оширилди. Бу ишлар сертификатлаштириш бўйича масъул ҳисобланган “Management Certification” халқаро ташкилоти ҳамда “Ўзстандарт” агентлиги мутахассислари билан ҳамкорликда олиб борилди.

    Бундан ташқари, 2020 йил март-апрель ойлари мобайнида 13 та электр ишлаб чиқариш корхонасида аудит ўтказилиб, аниқланган камчиликлар мазкур жараён якунига қадар бартараф қилинди, зарурий тузатишлар киритилди. Пировардида, мамлакатимизда биринчи марта Тошкент, Самарқанд, Шаҳрихон, Ўрта Чирчиқ, Қуйи Бўзсув, Чирчиқ ГЭСлар каскади унитар корхоналари ва бир қатор ГЭСлар O`zDSt ISO 50001:2019 “Энергетика менежменти тизими. Қўллаш бўйича талаб ва йўриқномалар” миллий мувофиқлик стандартлари ҳамда шу борадаги халқаро сертификатларга эга бўлди.

    Жамиятнинг молиявий барқарорлиги ва инвестицион жозибадорлигини аниқлаш мақсадида 2020 йил июнь ойида жаҳонга машҳур, халқаро бозорда Ўзбекистоннинг евробондларини жойлаштиришга катта ҳисса қўшиб келаётган “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги билан шартнома имзоланди.

    Агентлик томонидан Жамиятнинг нафақат молиявий-иқтисодий ҳолати ўрганилди, балки унинг корпоратив бошқарув тизими, бизнес стратегияси, ички норматив ҳужжатларнинг юритилиши ва бошқа йўналишлар чуқур таҳлил қилинди. Бунинг натижасида, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ республикамизда ишлаб чиқарувчи корхоналар орасида биринчилардан бўлиб “Fitch Ratings” халқаро кредит рейтингининг “B+” (барқарор) даражасига сазовор бўлди.

    Мазкур рейтинг “Ўзбекгидроэнерго” АЖни жаҳоннинг нуфузли инвестиция бозорларига аниқ ва равшан бизнес стратегиясига, шаффоф молиявий ҳисоботларига ва кучли корпоратив бошқарув тизимига эга дастлабки ўзбек ишлаб чиқарувчи корхонаси сифатида танитди. Бу, ўз навбатида, Мурожаатномада эътироф этилганидек, келгусида “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг иқтисодий барқарорлигини янада оширишга хизмат қилади, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда хорижий кредитларни давлат кафолатисиз тўғридан-тўғри жалб қилиш, ўз евробондларини Лондон фонд биржасига жойлаштириш имкониятини беради. Айни кезда, халқаро сифат кафолати дунёнинг ҳар қандай инвестори учун инвестиция эшикларини очади.

    Жамият ушбу ютуқ ва муваффақиятлар билан чегараланиб қолмаcдан, рейтинг даражасини янада ошириш ва уни барқарор сақлаб қолиш йўлидаги фаолиятини изчил давом эттиради.

    Шу билан бирга, юқорида қайд этилган истиқболли лойиҳаларнинг амалга оширилиши юртимиздаги юз минглаб хонадонларни нурафшон этади, кенг аҳоли қатламларининг маиший эҳтиёжларини қондиради, кўплаб бизнес ва тадбиркорлик субъектлари учун янги иш ўринларини яратилишига хизмат қилади.

     “Янги Ўзбекистон” мухбири 

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ суҳбатлашди