Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашда илмий салоҳият ҳамда амалий фаолият уйғунлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида

    Ҳужжатлар 20 май 2022 5718

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ–60-сон фармони билан тасдиқланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини жадал амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги кўрсаткичларини яхшилашга йўналтирилган ислоҳотларни амалга ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга мамлакат илмий салоҳиятини кенг жалб этиш ва лойиҳавий бошқарувнинг халқаро стандартларидан фойдаланиш, давлат хизматчиларининг соҳадаги билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида:

    1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4210-сон қарори билан республикадаги тадқиқот институтларига (кейинги ўринларда – халқаро рейтинг ва индекслар бириктирилган илмий ташкилотлар) алоҳида халқаро рейтинглар бириктирилганлиги ва уларнинг рўйхати тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

    2. 2022 йил 1 июндан бошлаб халқаро рейтинг ва индекслар бириктирилган илмий ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ–60-сон фармони билан тасдиқланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини (кейинги ўринларда – Тараққиёт стратегияси) амалга оширишга оид давлат дастурларига ўзларига бириктирилган устувор халқаро рейтинг ва индекслардан келиб чиқиб таклифлар ишлаб чиқилиши ҳамда тегишли вазирлик ва идораларга киритиб борилиши учун қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб жорий этилсин:

    устувор халқаро рейтинг агентликларининг йиллик ҳисоботлари эълон қилиниши билан тегишли халқаро рейтинг билан ишлаш учун масъул бўлган халқаро рейтинг ва индекслар бириктирилган илмий ташкилотлар 20 кун муддат ичида паст кўрсаткичли индикаторлар учун масъул давлат органларига ахборот-таҳлилий маълумотнома киритади;

    паст кўрсаткичли индикаторлар учун масъул давлат органлари Инновацион ривожланиш вазирлигига паст кўрсаткичли индикаторлар бўйича соҳа ва тармоқлардаги мавжуд тизимли хатоликларни бартараф этиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун илмий грантларга буюртма беради;

    Инновацион ривожланиш вазирлиги танлов асосида илмий грантлар ажратади;

    илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари лойиҳавий бошқарувнинг PMI PMBOK “Лойиҳаларни бошқариш бўйича билимлар жамланмаси” халқаро стандарти (кейинги ўринларда – PMI PMBOK халқаро стандарти) асосида паст кўрсаткичли индикаторлар бўйича соҳа ва тармоқлардаги мавжуд тизимли хатоликларни бартараф этиш лойиҳаларини ишлаб чиқади;

    Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашининг (кейинги ўринларда – Республика кенгаши) ишчи органлари (Молия ва Адлия вазирликлари) паст кўрсаткичли индикаторларга масъул давлат органлари бўйича соҳа ва тармоқлардаги мавжуд тизимли хатоликларни бартараф этиш лойиҳаларини Тараққиёт стратегиясини амалга оширишга қаратилган ҳар йиллик давлат дастурларига киритади;

    паст кўрсаткичли индикаторларга масъул давлат органлари давлат дастурига киритилган лойиҳаларни амалга оширади ҳамда Республика кенгашига лойиҳани амалга ошириш натижалари бўйича ахборот бериб боради.

    3. Устувор халқаро рейтинг ва индексларнинг таркибий индикаторлари доирасида мунтазам паст баҳоланиб келинаётган соҳа
    ва тармоқларни жадал ривожлантириш бўйича ўрта ва узоқ муддатли стратегияларни
    ишлаб чиқиш режаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    Халқаро рейтинг ва индекслар бириктирилган илмий ташкилотлар томонидан PMI PMBOK халқаро стандарти асосида ишлаб чиқилган таклифлар Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинг ва индекслар, уларнинг таркибий индикатори ва субиндикаторларидаги ўрнини яхшилашга қаратилган стратегия, концепция ва дастурлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда масъул давлат органлари томонидан биринчи навбатда инобатга олинсин.

    Вазирлик ва идораларнинг биринчи раҳбарлари Устувор халқаро рейтинг ва индексларнинг таркибий индикаторлари доирасида мунтазам паст баҳоланиб келинаётган соҳа ва тармоқларни жадал ривожлантириш бўйича ўрта ва узоқ муддатли стратегияларни ишлаб чиқиш режасида назарда тутилган вазифаларнинг амалга оширилиши учун шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилсин.

    4. Устувор халқаро рейтинг ва индексларнинг таркибий индикаторлари доирасида мунтазам паст баҳоланиб келинаётган соҳа ва тармоқларни жадал ривожлантириш бўйича ўрта ва узоқ муддатли стратегияларни ишлаб чиқишда қуйидагилар назарда тутилсин:

    мунтазам паст баҳоланиб келинаётган соҳа ва тармоқлардаги мавжуд тизимли хатоликларни аниқлаш ва хатловдан ўтказиш;

    халқаро рейтингларда мазкур индикаторлар бўйича энг юқори балл тўплаган ҳамда катта суръатлар билан ўсишга эришаётган мамлакатларда амалга оширилган ислоҳотларни ўрганиш;

    халқаро тажриба асосида паст кўрсаткичли индикаторлар бўйича тегишли соҳа ва тармоқлар кўрсаткичларини кескин оширишни кафолатловчи стратегиялар ҳамда стратегияларнинг таркибий дастур ва лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

    ишлаб чиқилган лойиҳа ва дастурларни йиллик давлат дастурларига киритиш ҳамда лойиҳаларни бошқаришни PMI PMBOK халқаро стандарти асосида амалга ошириш.

    5. 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида (кейинги ўринларда – Академия) давлат органларининг бошқарув кадрлари учун устувор халқаро рейтинг ва индекслар бўйича қисқа муддатли малака ошириш курслари (кейинги ўринларда – малака ошириш курслари) жорий этилсин.

    Белгилансинки:

    Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳар йили 1 январга қадар устувор халқаро рейтинг ва индексларнинг таркибий индикаторлари доирасида баҳоланадиган соҳалар бўйича малака ошириш курсларида иштирок этадиган давлат хизматчилари контингентини Академияга тақдим этади;

    малака ошириш курсларининг ўқув режа-дастури Академия томонидан ишлаб чиқилади ва Республика кенгашининг ишчи органлари билан келишилади;

    малака ошириш курсларининг ўқув-услубий материаллари Академия томонидан халқаро рейтинг ва индекслар бириктирилган илмий ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади;

    малака ошириш курсларига жалб этилган Академия профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимлари илғор хорижий тажриба билан танишиш ва илмий салоҳиятини янада ошириш учун нуфузли хорижий университетлар, илмий марказлар ҳамда халқаро ташкилотларга малака ошириш курслари ва стажировкага юборилади;

    давлат органлари ходимлари учун ўқув-услубий материалларни тайёрлаш, малака ошириш курсларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади;

    давлат органларининг ҳудудий тузилмалари бошқарув ходимлари учун малака ошириш курслари масофавий тарзда ташкил этилади;

    хўжалик жамиятлари ва бошқа ташкилотлар бошқарув кадрларининг устувор халқаро рейтинг ва индекслар бўйича малакасини ошириш харажатлари шартнома асосида буюртмачилар маблағлари ҳисобидан қопланади.

    6. Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашга масъул давлат хизматчиларига Академияда қуйидаги билим ва кўникмалар ўргатилишига алоҳида эътибор қаратилсин:

    давлат органлари фаолиятини глобал миқёсда баҳолаб борувчи тегишли устувор халқаро рейтинг агентликлари ва уларнинг фаолияти;

    рейтинг агентликларининг баҳолаш методикалари, мезон, индикатор ва субиндикаторлари;

    рейтинг агентликларининг йиллик ҳисоботларида мамлакатимиз соҳа ва тармоқларининг мунтазам паст баҳоланаётган субиндикаторлари ва уларнинг сабаблари;

    паст кўрсаткичли мезонлар бўйича глобал рейтингда пешқадам мамлакатлар ҳамда мазкур мезонлар бўйича ўз кўрсаткичларини тез суръатлар билан яхшилаб бораётган мамлакатларнинг тажрибаси ва амалга ошираётган ислоҳотлари;

    паст кўрсаткичли субиндикаторлар бўйича мамлакат соҳа-тармоқларидаги тизимли хатоликларни бартараф этиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш амалиёти.

    7. Республика кенгаши ишчи органлари (Т.Ишметов, Р.Давлетов) малака ошириш курсларини сифатли ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида Академияга қуйидагилар юзасидан кўмаклашиб борсин:

    устувор халқаро рейтинг ва индексларнинг таркибий индикаторлари ва субиндикаторлари бўйича соҳа ва тармоқлар кесимида ишлаб чиқилган лойиҳалар ҳамда уларнинг амалга оширилиши борасидаги маълумотларни ҳар чоракда тақдим этиб бориш;

    устувор халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш бўйича давлат органларининг малакали ҳамда тажрибали мутахассисларини ва хорижий экспертларни ташкил этиладиган малака ошириш курсларига жалб этиш;

    Академияда нуфузли хорижий университетлар ва илмий марказлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда устувор халқаро рейтинг ва индексларни амалиётга самарали жорий этишга қаратилган халқаро илмий-амалий анжуманлар ташкил этиш.

    8. Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинг ва индекслар, уларнинг паст кўрсаткичли индикатор ва субиндикаторларидаги ўрнини яхшилаш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи янги тартиб жорий этилсин:

    халқаро рейтинг ва индекслар бириктирилган илмий ташкилотлар – ҳар йили 1 январга қадар паст кўрсаткичли индикатор
    ва субиндикаторлар бўйича соҳа, тармоқ ҳамда ҳудудлардаги тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш бўйича йиллик режаларни ишлаб чиқиб, Республика кенгашининг ишчи органларига киритади;

    Республика кенгашининг ишчи органлари – халқаро рейтинг ва индекслар бириктирилган илмий ташкилотлар томонидан паст кўрсаткичли индикаторлар бўйича амалга ошириладиган тадқиқотларнинг йиллик режалари Республика кенгашининг навбатдаги йиғилишида атрофлича кўриб чиқилишини ташкил этади;

    Республика кенгаши – ўзининг навбатдаги йиғилишида халқаро рейтинг ва индекслар бириктирилган илмий ташкилотларнинг йиллик режаларини кўриб чиқади, шу жумладан, қўшма илмий тадқиқотларни ўтказишни назарда тутган ҳолда тасдиқлайди ёки қайта ишлаш учун қайтаради.

    9. Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Абдураҳмонов):

    ҳар йили 1 мартга қадар халқаро рейтинг ва индекслар бириктирилган илмий ташкилотларнинг Республика кенгаши томонидан тасдиқланган йиллик режалари ҳамда халқаро рейтинг ва индекслар бўйича мустақил изланувчиларнинг қўшимча талаби асосида илмий лойиҳаларнинг мавзулари портфелини шакллантирсин;

    Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган фундаментал, амалий тадқиқотлар ҳамда инновацион лойиҳаларга ажратилган маблағлар ҳақида ҳар чоракда Республика кенгашига маълумот киритиб борсин;

    дастурларни ишлаб чиқишга қаратилган илмий-тадқиқот лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш ва натижаларини қабул қилиб олиш бўйича тегишли илмий-техник кенгаш таркибига Республика кенгаши ишчи органларининг ҳамда масъул давлат органларининг ходимлари таркибидан вакилларни жалб этсин;

    Академияда малака ошириш курсларига жалб этиладиган илмий-педагогик кадрлар салоҳиятини янада оширишга кўмаклашиш мақсадида давлат сиёсати ва бошқаруви соҳасига оид устувор халқаро рейтинг ва индексларни тадқиқ этишга қаратилган илмий грантлар ажратишни назарда тутсин.

    10. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб молия вазири Т.А. Ишметов ҳамда адлия вазири Р.Қ.Давлетов белгилансин.

    Қарор ижросини назорат қилиш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

    Ўзбекистон Республикаси

    Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,

    2022 йил 18 май