Халққа нафи тегадиган тадбиркор ишидан ҳам, ҳаётидан ҳам мамнун бўлади

    "Янги Ўзбекистон" газетасининг шу йил 22 октябрь сонида журналист Кумуш Абдусаломованинг "Халққа нафи тегадиган тадбиркор ишидан ҳам, ҳаётидан ҳам мамнун бўлади" номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Ҳудудларда тадбиркорликни жадал ривожлантириш ва аҳоли бандлигини ошириш мамлакатимиз тараққиётини таъминловчи устувор вазифалар сирасига киради. Зеро, бугун ишбилармонлар қўллаб-қувватланмаса, уларга муносиб шароит яратилмаса, шаҳар ва туманларнинг маҳаллий бюджети кўпаймайди.

    Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси бу ҳаётий ҳақиқатни яхши англаган ҳолда, тадбиркорлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ишсиз, банд бўлмаган аҳоли учун янги иш ўринларини кўпайтириш мақсадида юртимиз бўйлаб қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда.

    Жумладан, ҳудудларда маҳаллабай ўрганишлар олиб бориб, интилувчан, халқимиз учун хизмат қилишга, янги иш ўринлари яратишга тайёр, шижоатли, бизнес йўлида таваккал қилишдан чўчимайдиган ишбилармонларни излаб топиб, уларга ўз йўналишлари бўйича турли мини ускуналар ва жиҳозларни қулай ижара шартлари асосида етказиб бермоқда.

    Ушбу лойиҳа тадбиркорни банкка бориш, навбатларда туриш, гаровга қўйиш ва ортиқча қоғозбозликдан қутқаради. Амалга оширилаётган лойиҳа доирасида юртимиз бўйича 1 минг 400 та иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Қолган имконият ва қулайликлар ҳақида тадбиркорларнинг ўзидан эшитган маъқул.

    Нодира ХУДОЙБЕРДИЕВА, Андижон вилояти Асака туманидаги “IXLOS MEGA TEX” МЧЖ раҳбари:

    — Тадбиркорлик фаолиятимни уйда 4 та тикув машинасида трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан бошлаганман. Жамоат ишлари жамғармаси ҳақида биринчи маротаба вилоят бандлик бош бошқармаси раҳбаридан эшитдим. Аввалига бундай қулай ижара шартларида ишлаб чиқариш ускунаси олишимга ишонмадим. Аммо жараён тезлашиб кетди. Менга айнан керак бўлган тикув машинаси, дазмол тез орада келтириб берилди. Банкдан кредит олганимда ойлаб кутган бўлардим, тўлайдиган фоизим ҳам бундан юқори бўларди. Фаолиятим давомида энг баланд марра — минг кишилик иш ўрни яратиш, ишлаб чиқарган маҳсулотимни юз фоиз экспорт қилиш.

    Феруза БЕКМИРЗАЕВА, Наманган вилояти Уйчи туманидаги “NAMFAYZ TEXTILE” МЧЖ раҳбари:

    — Фаолиятимни 2011 йили тикувчилик йўналиши бўйича банк кредити ҳисобидан бошлаганман. Тадбиркор учун энг муҳими — муҳит. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган гап оддий гап эмас. Ҳақиқатан ҳам, биз бирор муаммога дуч келсак, тақиллатиб борадиган эшигимиз бор. Жамғармадан жиҳозларни ижарага олишда ҳеч қандай қийинчиликка дуч келмадим. Жамғарма томонидан бериладиган жиҳозларни ижарага олиб иш бошлаган афзал экан.

    Мен учун энг баланд чўққи ишсиз аёлларни бандлигини таъминлаб, халқимиз фаровонлигига ҳисса қўшиш. Ҳозир қишки мавсум учун ички бозорга кийим-кечак етказиб бериш билан бандман. Юртимизда тадбиркорларга яратилаётган имкониятлардан мамнунман.

    Наргис ЭШДАВЛАТОВА, Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги “Имонахон Фахриддиновна” оилавий корхонаси раҳбари:

    — Иш фаолиятимни 11 йил олдин аёллар учун гўзаллик салони очишдан бошлаганман. Шу йил апрель ойидан келин либослари ва чойшаблар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдим. Кейинроқ ишимни кенгайтириб, хориждан кўрпа ишлаб чиқарадиган ускуна сотиб олдим. Ҳозир маҳсулотимга ички бозорда талаб юқори. Бирданига янги йўналишда иш бошлаш мен учун бироз қийин бўлди. Аммо ўзимга бўлган ишонч туфайли ҳаммасини енгиб ўтдим.

    Чунки ҳар бир ишбилармон давлат бераётган ёрдамдан, имтиёздан тез оёққа туриб оляпти. Тадбиркор учун, энг муҳими, ишлаб чиқарган маҳсулотига талаб кучли бўлиши, харидоргир бўлиши, узлуксиз сотилиши деб ўйлайман. Энди бўлди, деб тўхтаб қолмоқчимасман. Ҳозир куртка ишлаб чиқаряпмиз. Фақат шу лойиҳа устида бош қотиряпман.

    Умида СУЛТОНОВА, Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги “Султонова Умида Исмоиловна” ЯТТ раҳбари:

    — Тадбиркорлик фаолиятимни 15 йил аввал қандолатчилик маҳсулотлари етказиб беришдан бошлаганман. 2018 йилдан бери якка тартибдаги тадбиркор сифатида заргарлик буюмлари, тўйлар учун сарпо қутилари ишлаб чиқара бошладим. Тадбиркорлар ассоциацияси аъзосиман. Вестминстер тадбиркорлик ўқув курсини тамомладим. Бир қатор танловларда иштирок этдим.

    2021 йил январь ойида “Аёл кулса” меҳрибонлик дастури асосида тадбиркорлик ўқув курсларига асос солдим. Ўзим иккинчи гуруҳ ногирониман. Мен каби ногиронлиги бор аёлларга қанчалик қийинлигини яхши биламан, айниқса, уларнинг фарзандлари ҳам бўлса. Шунинг учун уларга касб-ҳунар ўргатиш, даромадли қилиш ҳақида ўйлаб қолдим. Ҳозир 40 нафар хотин-қиз ҳам ўқиб, ҳам ишлаб тадбиркорлик сирларини эгалламоқда. Улардан 20 нафари касаначилик асосида ўз ишларини бошлади. Бу лойиҳа орқали ногиронлиги бўлган аёлларни боқимандаликдан ва тушкунликдан олиб чиқмоқчиман.

    Фаолиятимни бошлабманки, ишим фақат кенгайган, даромадим ошган ва тўсиқлар камая борган. Шу натижанинг ўзи юртимизда тадбиркорлар учун муҳит қандай эканини кўрсатади. Жамоат ишлари жамғармаси билан ҳамкорлик қилиб, тикувчилик цехи ҳам очдим. Иш ўринлари кўпайди. Булар учун фақат ва фақат шукр қилиш мумкин.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates