Хавфсизлик талабларини бузган 28 нафар ходимга чора кўрилди

    "Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси топшириғи билан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари, қайта ишлаш корхоналарнинг саноат ва экология хавфсизлиги ва меҳнат хавфсизлиги ҳолати бўйича мониторинг назорат текшируви ўтказилди.

    “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари ва қайта ишлаш корхоналарнинг саноат ва экология хавфсизлиги, соғлиқни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги ҳолати бўйича мониторинг назорат текшируви (4-босқич) ўтказилди.

    Хусусан, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида жойлашган Шўртан газ кимё мажмуаси, Муборак ва Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари, "Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари" МЧЖ, “Гиссарнефтгаз” ва “Кўкдумалоқ-газ” қўшма корхоналари, “Uzbekistan GTL” МЧЖ, Муборак газни қайта ишлаш заводи, “Муборак нефтгазсув таъминот” МЧЖ, ЎзҲҚ, “Қарши нефть база” МЧЖ, “Термиз нефть база” МЧЖ ва уларга қарашли АЁҚШларнинг саноат ва экология хавфсизлиги, соғлиқни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги ҳолатлари ўрганилди.

    Ўтказилган назорат текширув натижаларига асосан саноат хавфсизлиги йўналишида 187 та, меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси йўналишида 181 та, ёнғин хавфсизлиги йўналишида 81 та, электр хавфсизлиги йўналишида 32 та, атроф-муҳит муҳофазаси йўналишида 22 ҳамда хавфсизлик маданиятини ривожлантириш ва риск билан ишлаш йўналиши бўйича 34 та камчиликлар аниқланди.

    Текширув натижаларига кўра, саноат ва экология хавфсизлиги, соғлиқни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги ҳолати бўйича бир қанча камчиликларга йўл қўйган 28 нафар ходимларга чора кўрилди.

    Мониторинг жараёнида бошқарма ва корхона мутахассисларига ишларни ташкиллаштириш, саноат ва экология хавфсизлиги, соғлиқни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги, энергетика ва механика йўналишларида амалий ёрдам берилмоқда.

    Ўрганишлар натижасида юзага келган камчилик ва номувофиқликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар тузилди. Чора-тадбирларнинг ўз вақтида бажарилиши юзасидан бошқарма ва корхоналар масъул ходимларига топшириқлар берилди.

    “Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати