Химмотолог-мутахассислардан қачон, қандай воз кечилган эди?

    Фан 17 феврал 2021 1893

    Бундан ўттиз йилча бурун бир даврада мендан химмотолог қандай касб эгаси, у шифокорми, кимёгарми, муҳандисми, деб сўраб қолишди.

    Мен ҳазиллашиб, у “шифокор”, фақат транспорт воситаларининг “диетолог-шифокори”, деб жавоб бердим. Ва уларга химмотолог ибораси нимани англатиши, тарихи, бугуни ва келажаги ҳақида тушунтирдим.

    Суҳбатдошларим бунга қизиқиб қолиб, ҳатто бир-иккитаси шундай мутахассисликни танласак бўларкан, келажаги бор экан, деган фикрни билдиришди.

    Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан таълим соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бугунги давр биз, профессор-ўқитувчилардан барча долзарб масалаларни ечиш, замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлашда таълим жараёнини фан, ишлаб чиқариш ва инновация билан уйғунлаштирган ҳолда олиб боришни тақозо этмоқда.

    Шу боис, янги Ўзбекистон учун янги йўналишлардан бири бўлган химмотология фани бўйича бакалаврлик таълимини тиклаш, шунингдек, магистрлар тайёрлашни ҳам йўлга қўйиш лозим, деб ҳисоблаймиз.

    Инсоният тараққиёти ва фаровонлигини энергия манбаларисиз, биринчи навбатда, анъанавий нефть маҳсулотлари, қолаверса, муқобил, қайта тикланувчи ресурсларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу ўринда химмотология фани ва унинг амалиётга жорий этилиши тарихига назар ташласак.

    Давр маҳсули ўлароқ, ўтган асрнинг 50-60 йилларида фан ва техникада янги изланишлар — ёнилғи ва мойлаш маҳсулотларидан самарали фойдаланиш назарияси ва амалиётидан иборат илмий йўналиш — химмотология фани вужудга келди.

    Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йиллар ҳамда совуқ уруш сиёсати туфайли собиқ иттифоқда илк бор химмотология фани билан шуғулланадиган ҳарбий илмий-тадқиқот институти ташкил этилди. Бу йўналиш ўз таркибига бир нечта фан ва соҳани бирлаштирди.

    Чунки химмотолог мутахассис ҳам техника тузилиши ва ундан фойдаланишни, ҳам улар учун қўлланиладиган ёнилғи, мой, махсус суюқликларда юз берадиган ўзгаришлар, уларни ташиш, сақлаш ва қўллашни оқилона ташкил этишга доир билимларга эга бўлиши лозим эди.

    Химмотология олий таълимга машинасозлик, нефтни қайта ишлаш, физик ва коллоид кимё, ейилиш ва занглаш назариялари, гидравлика қонунлари ҳамда экологик таъсирларни ўз ичига олган фанлар мажмуаси сифатида кириб келди.

    Бугунги кунда халқ хўжалигининг қўплаб тармоқлари самарадорлиги, техника воситалари ишончлилиги ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари сифатига боғлиқлиги сир эмас.

    Мамлакатимизда химмотология фани пойдеворини қўйишда академиклар О.Салимов, О.Лебедев, С.Негматов, С.Қодиров, А.Жалилов, профессорлар А.Муталибов, А. Беленький, Ў.Икрамов, Қ.Шарипов, Ш.Абдуллаев, Б.Ҳамидов, Ш.Сайдаҳмедов ва Э.Саидаҳмедов катта ҳисса қўшган.

    Ва уни айни пайтда Тошкент давлат транспорт университети профессор-ўқитувчилари Ю.Шодиметов, Б.Базаров, А.Барханаджян, Н.Мўминжонов, З.Алимова, Р. Ҳакимов ва А.Собиржонов муносиб давом эттирмоқда.

    ХХ аср охирида Буюк ипак йўли марказида жойлашган Ўрта Осиё минтақасида бир нечта мустақил давлатлар вужудга келди. Табиийки, ҳар бир мамлакат ўз имконияти, иқтисоди, ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб, мустақил ривожланиш йўлини танлади.

    Бу, ўз навбатида, асрлар давомида шаклланган алоқаларнинг узилиши, ҳатто бутун минтақани бирлаштирган қадимий Буюк ипак йўлига маълум маънода тўсиқ бўлди.

    Айни пайтда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан “Бир макон, бир йўл” тамойили доирасида ана шу қадимий карвон йўли босқичма-босқич тикланмоқда. Бу йўлдан энди турли модель ва маркалардаги автомобиль, поезд ва бошқа транспорт “карвон”лари ўтиши, шубҳасиз.

    Йўл ёқасида уларга хизмат кўрсатувчи сервис корхоналар, мотеллар, катта-кичик устахоналар, ёнилғи қуйиш шохобчалари, мой алмаштириш нуқталарини жойлаштириш ва уларнинг самарали ишлашини ташкил этиш лозим бўлади.

    Сўнгги ўн йилда автомобиль маркалари, уларга қуйилаётган ёнилғи- мойлаш маҳсулотлари тури кўпайди, сифати ва нарх-навоси бир-биридан фарқ қилади. Мамлакатимизда кўпроқ ўзимизда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар, қўшни давлатларда эса, асосан, Россия, Хитой, Япония ва Корея Республикасидан олиб келинган автомобиллар кўпая бошлади.

    Шу боис, бугунги кунда автомобиль “таомнома” (меню)сини танловчи ва тайёрловчи — химмотологларга талаб ва эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Қолаверса, Учинчи Ренессансга пойдевор қўйилаётган бугунги кунда кенг соҳалар, ноанъанавий йўналишларда комплекс изланишлар олиб боришга лаёқатли ёшларни тайёрлаш олдимизда турган муҳим вазифа саналади.

    Тошкент давлат транспорт университетининг ташкил этилиши химмотология фани бўйича изланишларни янада кенгайтириш, нафақат автомобиль, балки темир йўл транспорти, аэропортлар, машина-трактор парклари ҳамда Марказий Осиё давлатларида фаолият кўрсатаётган минглаб ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари таъминоти корхоналари учун ҳам мутахассис кадрлар тайёрлашга имкон беради.

    Бундан 10-15 йил олдин университетни битирган сўнгги магистр химмотологларнинг ярмига яқини PhD диссертациясини ёқлаб, мамлакатимиз илмий-ўқув муассасаларида, “Ўзстандарт” агентлиги, Фанлар академияси институтларида фаолият кўрсатмоқда.

    Транспорт воситалари учун нефть маҳсулотлари билан бирга муқобил энергия манбаларини кўпайтириш, уларни қўллашда ёнғин ва экологик хавфсизликни камайтириш, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари анатомияси ва компонентларининг нано ўлчамлардаги таъсир механизми ҳамда техникалар тузилиши ва уларнинг эксплуатацияси бўйича билимга эга, транспорт воситалари учун махсус “таомнома”лар тайёрловчи мутахассислар — муҳандис-химмотологларни диетолог-шифокорларга менгзаш мумкин.

    Айни пайтда университетимиз қошида химмотолог ва экологлар клубларини ташкил этяпмиз. Улар нафақат олим ва талабаларимиз, балки ана шу соҳа ва мутахассисликка қизиққанлар, жумладан, чет элликлар учун ҳам очиқ бўлишини истаймиз.

    Бундан ташқари, клубларимизга ўсимлик шаклидаги тикланувчи энергия манбаларини ўстирадиган ва уларни қайта ишлайдиган мутахассисларни ҳам таклиф этамиз. Чунки юртимизнинг барча гўшасида таркибида мой, эфир, каучук каби моддаларга бой бўлган ўсимликларни етиштириш имконияти мавжуд. Мазкур жараённи таҳлил қилиш, қайта тикланувчи манбалардан келажакда ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари олишни ўрганиш ва йўлга қўйиш, лаёқатли мутахассислар тайёрлаш бугунги куннинг долзарб вазифасига айланди.

    Айни шу мақсадда соҳалараро илмий лаборатория ташкил этиш, агрономлар, кимёгар-технологлар ва транспорт муҳандисларини бир жойга жамлаб, уни дастлабки даврда молия билан таъминлаш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги кўмаги зарур бўлади.

    Сифатли яратилган ва танланган ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, турли хил техник суюқлик ҳамда эксплуатация материаллари транспорт воситаларининг узоқ муддат ва самарали ишлашига кафолат вазифасини ўтайди.

    Абутолиб СОБИРЖОНОВ,

    Тошкент давлат транспорт университети

    транспорт энергетик қурилмалари кафедраси доценти,

    техника фанлари номзоди

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates