Хитой билан чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳасидаги ҳамкорлик янги йўналишларда ривожлантирилади

    Бизнес 14 июн 2022 1330

    Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ф.Н.Арзиев ва «Ўзчармсаноат» уюшмаси раиси Ф.А.Бобоев ўртасида доимий равишда ташкил этиб келинаётган онлайн учрашувларда икки давлат ўртасида чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати, шунингдек ушбу йўналишда савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилиб, келгусидаги режалар келишиб олиняпти.

    Шунингдек учрашувларда Уюшма ва Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси билан бирга юртимиздаги кичик саноат ва эркин иқтисодий саноат зоналарида инвестицион лойиҳаларни амалга оширишни кенгайтириш, бу жараёнларга Хитойлик инвесторларни фаол жалб этиш юзасидан йўл хариталарини ишлаб чиқиш борасида ишлар ташкил этиляпти.

    Бугунги кунда Ўзбекистонда Хитой сармояси иштирокида тайёр чарм, пойабзал, спорт пойабзаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган умумий қиймати 35 миллион доллар бўлган 9 та инвестицион лойиҳалар амалга оширилди. Шундан 23,5 миллион доллар Хитойлик инвесторлар томонидан киритилган тўғридан-тўғри инвестициядир.

    2022-2023 йилларда мазкур давлат билан умумий қиймати 32,6 миллион доллар бўлган сунъий чарм, пойабзал тагликлари, қолип ва картонлар, тайёр чарм, аёллар пойабзали, пойабзал ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳалар амалга ошириляпти.

    Шунингдек, 2021 йилда чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳасидаги 30 дан ортиқ корхоналар томонидан Хитой Халқ Респуликасига қарийб 61,0 миллион доллар қийматига эга маҳсулотлар экспорти амалга оширилган бўлса, жорий йил январь-май ойларида ушбу давлатга соҳа корхоналарининг экспорти 24,1 миллион долларни ташкил қилди.

    Бугунги кунда «Ўзчармсаноат» уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси билан бир қатор чора-тадбирлар белгилаб олинган. Жумладан:

    1. Ўзбекистон Республикасининг ХХРдаги элчихонаси билан ҳамкорликда жорий йил 13-15 август кунлари бўлиб ўтадиган «Чарм, пойабзал ва пойабзал материалларининг 26-Халқаро кўргазмаси»да фахрий меҳмон сифатида 72 квадрат/метр майдонда «Ўзбекистон» чарм-пойабзал саноати миллий стенди билан иштирок этиш ва бу орқали соҳанинг экспорт салоҳиятини намойиш этиш ва инвестицион лойиҳаларни таклиф этиш. Шунингдек, Хитой бозорида ўзбек чарм маҳсулотларини кенг намойиш этиш мақсадида белгиланган миллий андозалардан келиб чиққан ҳолда стенднинг ишлаб чиқилган дизайни, Ўзбекистон-Хитой чармсаноат форуми учун «Ўзчармсаноат» уюшмасининг иштирокчилари рўйхати ва тақдимот материалларини етказилишини ташкил этиш.

    2. «Ўзчармсаноат» уюшмаси ҳамда ХХРнинг чарм-пойабзал саноати уюшмаси (China Leather Industry Association) билан учрашув ташкил этиб, ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолаш.

    3. Ўзбекистон ва ХХР ўртасида бўлиб ўтиши режалаштирилаётган навбатдаги Ҳукуматлараро комиссияси ташрифига пухта тайёргарлик кўриш.

    4. Тегишли тадбирларни ўз вақтида ва самарали ташкил этиш мақсадида ҳар ойда бир маротаба чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳасига бағишланган онлайн видео-конференция мулоқотларини ўтказиб бориш.

    Ўзбекистон-Хитой ўртасида чарм-пойабзал саноатида кооперация алоқаларини ривожлантириш, ташқи савдо айланмасини янада ошириш мақсадида янги воситалар ва механизмларни ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш юзасидан қарорлар қабул қилинди. Бу ўз навбатида давлатларимиз ўртасида саноатни ва савдо-иқтисодий алоқаларни янада рағбатлантиришга хизмат қилади, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates