Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ғалабанинг асосий омиллари сифатида юртимизда туризм соҳасида юритилаётган очиқлик сиёсат, виза режимининг соддалаштирилиши, маданий меросни сақлаш, тарихий шаҳарларни ободонлаштириш каби кўплаб ислоҳотларни эътироф этди.
Шу ўринда Хива шаҳрининг тарихий қиёфаси тикланиши, реставрация ва консервацияга оид амалга оширилган ишлар, қолаверса, электр устунларнинг демонтаж қилингани, сайёҳларнинг катта оқимини қабул қилиш учун яратилган шароитлар, инфратузилманинг яхшилангани, 5 юлдузли меҳмонхона қурилиши ҳамда бутик-отель ва хостеллар қурилиши фаол давом этаётгани алоҳида қайд этилди. Бундан ташқари, туризм ва унга ёндош соҳалар тадбиркорлари учун яратилган қулай шароитлар юқори баҳоланди.
«Ислом дунёсининг туризм пойтахти йили доирасида Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида ИҲТга аъзо 57 давлатнинг туризм вазирлари ва туристик маъмуриятлари раҳбарларининг йиғилиши юқори даражада ўтказилади. Шу билан бирга, Ислом олами ва зиёрат туризми салоҳиятини очиб берувчи илмий-амалий анжуманлар, фотокўргазмалар ва арт-экспозициялар бўлиб ўтади», – деди Ўзбекистон делегацияси раҳбари – Бош вазир ўринбосари, Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов.
Ислом дунёсининг туризм пойтахти номинациясига 5 давлатдан шаҳарлар номзоди қўйилган бўлиб, булар:
Абу-Даби (БАА);
Шанлиурфа (Туркия);
Лаос (Нигерия);
Душанбе (Тожикистон);
Хива (Ўзбекистон).
Сўнгги йилда бу шаҳарлар орасида номинацияда ғолиблик учун шиддатли кураш кузатилди. Шунга қарамай, Ўзбекистоннинг бу йўналишда олиб борилган саъй-ҳаракатлари натижасида Хива шаҳрининг «Ислом дунёсининг туризм пойтахти» мақомини олишига доир қарорга келинишига эришилди, деб хабар беради Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати.
Таъкидлаш жоизки, ғалабага эришиш йўлида Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги 2019 йилдан буён тизимли равишда иш олиб боряпти, яъни бу орада Хива шаҳри номзоди киритилиб, ИҲТга аъзо давлатлар билан тегишли ишлар олиб борилган – ИҲТ давлатларининг туристик маъмурияти раҳбарлари билан онлайн учрашувлар, музокаралар ва тақдимотларнинг ўтказилиши шулар жумласидандир.