Тадбир 26-28 апрел кунлари бўлиб ўтадиган IV Халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида ўтказилмоқда.
Анжуман халқимизнинг миллий ўзлиги ва қадимий маданиятини ифодаловчи бахшичилик санъатини илмий-назарий асосда ўрганиш, уни халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш ва ёш авлодга етказиш мақсадида ташкил этилган.
Анжуманда Россия, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлардан таниқли фольклоршунос олимлар иштирок этмоқда. Карл Реичел, Фикрат Туркман, Ҳикмат Гулиев, Оғуз Меҳмет Ожал, Эункюнг Оҳ каби етакчи мутахассислар бахшичилик санъати тарихи ва долзарб масалалари ҳақида маъруза ўқимоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон олий таълим ва илмий муассасалари вакиллари ҳам анжуманда фаол қатнашмоқда.
Фестивал ва ижодий дастурлар
Халқаро анжуман доирасида IV Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг тантанали очилиш маросими ўтказилиши режалаштирилган. Унда ўзбекистонлик ва хорижлик бахшилар, эпик ижодкорлар миллий анъаналарни жонли ижрода намоён этади.
Анжуман якунида бахшичилик санъатини ривожлантириш ва халқаро миқёсда тарғиб этишга қаратилган резолюция қабул қилинади. Унда:
- Бахшилик меросини чуқур тадқиқ этиш;
- Ҳудудий эпик мактабларни ўрганиш;
- Ёш бахшиларни қўллаб-қувватлаш;
- Халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш;
- Миллий қадриятларни глобал майдонда тарғиб қилиш масалалари белгилаб олинади.
Тадбир доирасида “Бахши айтимлари” номли янги тўплам тақдимоти ўтказилади, “Янги Ўзбекистонда бахшичилик санъати” мавзусидаги мақолалар тўплами нашр қилинади ва иштирокчиларга топширилади.
Бундан ташқари, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида хорижий илмий марказлар ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланиши кўзда тутилган.








