Хизмат кўрсатиш соҳаси 1,9 маротаба ўсди

    2017-2022 йилларда Ўзбекистонда хизмат турларини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ва уларнинг натижаси таҳлил қилинди.

    Хизмат кўрсатиш соҳасининг ривожланиши иқтисодий ўсиш, аҳоли, айниқса ёшлар бандлигини таъминлаш ва турмуш фаровонлигини оширишда катта аҳамиятга эга.

    Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари ўтказган таҳлил натижаларига кўра, 2022 йил якунлари бўйича Ўзбекистонда хизматлар соҳаси ЯИМнинг 41,5 фоизини ташкил этди ва 2017-2022 йилларда соҳанинг реал ўсиш кўрсаткичи 1,9 маротаба ошди.

    Сўнгги йилларда республикада хизмат кўрсатиш соҳасини қўллаб-қувватлаш ва жадал ривожлантириш борасида муҳим қадамлар қўйилди. Хусусан:

    - “Электрон ҳукумат” тизими такомиллаштирилди ва умумий электрон давлат хизматлари сони 368 тага етди (2019 йилда — 173 та), улардан 242 таси тадбиркорлар учун мўлжалланган;

    - бизнесни рўйхатга олиш осонлаштирилди ва хизматлар соҳасидаги кичик тадбиркорлик субъектлари сони 2,2 баробар кўпайди (2017-йилда 128 мингта, 2022-йилда 325 мингта);

    - АКТ инфратузилмаси қарийб 6 баробар (оптик толали алоқа линиялари узунлиги 2017 йилдаги 20,3 минг километрдан 2022 йилда 118 минг километрга етди) ва логистика тизими 1,2 баробар яхшиланди (ташилган юклар 2017 йилдаги 1146,2 миллион тоннадан 2022 йилда 1398,9 миллион тоннага етди).

    Замонавий хизматларни ривожлантиришда соҳага хусусий секторни жалб қилишнинг рағбатлантирилиши ўз самарасини берди ва таҳлил қилинган йилларда қуйидаги ўзгаришлар қайд этилди:

    - молия хизматлари 5,1 маротаба ошди. Хусусий ва хорижий банкларнинг соҳага жалб қилиниши уларнинг рақобатбардошлигини оширди ва 2022 йилнинг 1 декабрь ҳолатига кўра, HHI индекси 1016 гача пасайди (2018 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 1520 га тенг бўлган);

    - ахборот ва алоқа соҳасидаги хизматлар 2,8 маротаба ошди. Халқаро маълумотларни узатиш тармоғининг ўтказувчанлик имконияти 2022 йилда 1800 Гбит/с гача ошди (2017 йилда 64,2 Гбит/с);

    - таълим соҳасидаги хизматлар 2,5 маротаба ошди. Хусусий мактабгача таълим муассасалари сони 833 тага (2017 йилда 250 та эди), давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим муассасалари сони 1313 тага (2018 йилда 250 та), оилавий мактабгача таълим муассасалари сони 20676 тага (2018 йилда 579 та), нодавлат умумтаълим муассасалари сони 194 тага (2017 йилда 39 та), нодавлат олий таълим муассасалари сони 55 тага (2018 йилда 1 та), хорижий олий таълим муассасалари сони 30 тага (2017 йилда 7 та) етди;

    - соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар 2,8 маротаба ошди ва ҳозирги кунда 7320 та хусусий тиббиёт муассасаси (улардан 5823 таси амбулатория, 1497 таси стационар) фаолият юритмоқда (2017 йилда 4000 та эди).