Хонадонлар чароғонлиги, аҳоли фаровонлиги манбаи

    Ривожланган давлатлар энергетика тизимида умумий қувватнинг 40-60 фоизи қайта муқобил энергия ҳисобига тўғри келади.

    Бугунги кунда дунёда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш миқёсини кенгайтириш тобора долзарб масалага айланмоқда. Энергия ресурсларига бўлган талабнинг ошаётгани, углеводород хомашёси захираларининг камайиб бораётгани янги муқобил энергия манбаларини топишни ва жорий этишни тақозо этмоқда.

    Сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, энергетика соҳасини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари яратилди

    Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиянинг ўртача йиллик миқдори 69-72 миллиард кВт/соатни ташкил этиб, 2030 йилгача ушбу кўрсаткични 2 баробарга ошириш назарда тутилмоқда. Энергетика соҳасига бозор механизмларини жорий этиш натижасида давлат-хусусий шериклик асосида қиймати 7,4 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган жами 19 та лойиҳа амалга оширилиб, шундан бугунги кунгача 12 та лойиҳа бўйича тегишли битимлар имзоланган.

    2020 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори дунё бўйича ўртача 29 фоизни ташкил этган. Ривожланган давлатлар энергетика тизимида эса, умумий қувватнинг 40-60 фоизи қайта муқобил энергия ҳисобига тўғри келади. ҚТЭМлар юқори даражада фойдаланилаётган давлатларда асосан гидроэнергиядан фойдаланиш катта улушга эга ва айрим мамлакатларда бу жиҳат 100 фоизга фойдаланиш деб баҳоланади.

    Энергетика вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган “2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергияси билан таъминлаш концепцияси”га биноан 5 ГВт қуёш фотоэлектр ва 3 ГВт шамол электр станциялари қурилишини амалга ошириш орқали саноат кўламидаги ҚТЭМ электр станциялари миқдорини ошириш режалаштирилган. Гидроэнергетика ресурсларимиқдорини яқин истиқболда 15 фоизга, ҚТЭМ ҳисобидан ишлаб чиқариладиган умумий электр энергияси улушини эса, 25 фоиздан зиёдроққа етказиш мақсад қилинган.

    Мазкур режалар, ўз навбатида, янги электр тармоқлари қурилиши ва эскиларини янгиланиши, энергетика тизимини рақамлаштириш, мослашувчан энергия манбаларини қуриш ва эски иссиқлик электр станциялари портфелини янгилаш, Марказий Осиё минтақавий энергетика тизимларини мувофиқлаштириш ва кадрларнинг касбий тайёргарлигини ошириш каби ишлар билан бир вақтда бажарилмоқда.

    Ўзбекистон муқобил энергетикасига инвестициялар киритиш истагида бўлган хорижий ва маҳаллий сармоядорларнинг қизиқиши ортиб боряпти. Мисол учун, Қораўзак туманида 100 МВт шамол электр станцияси қуриш лойиҳасига 70 та компания қатнашишга ҳужжат топширган, Шеробод қуёш фотоэлектр станциясида қуриш танловида қатнашиш учун 54 та компания ва консорциумлардан таклифлар келиб тушган.

    Шунингдек, энергия самарадорлик ва кичик ҳажмдаги “яшил энергия” лойиҳаларига ҳам сармоя қилиш истагида бўлганлар сони кўпаймоқда. Бироқ, электр энергиясини сотиш нархи ва хусусан сотиб олиш тарифи ушбу лойиҳалардан манфаатдорлик масалаларини қайта кўриб чиқишни тақозо этяпти. Шу боис Энергетика вазирлиги томонидан Европа тараққиёт ва тикланиш банкининг техник кўмагида “Economic Consulting Associates Limited” компанияси билан янги тариф методикасини ишлаб чиқиш ишлари олиб бориляпти.

    Давлат-хусусий шериклик асосида ҚТЭМ электр станциялари лойиҳаларини амалга оширишда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш долзарб масалалар сирасига киради. Уларнинг бу қуёш, шамол электр станцияларини барпо этиш бўйича ўтказилаётган танловларининг шаффофлигини таъминлашдаги техник кўмаги, айниқса, асқатмоқда. Бу инвестиция лойиҳаларининг жозибадорлигинни ва хорижий сармоядорларнинг қизиқишини орширгани ҳолда, танлов жараёнларининг тартибли ва шаффоф ташкил этилишига имкон яратмоқда.

    Мисол учун, 2019 йилда Халқаро молия корпорациясининг (ХМК) техник кўмагида ўтказилган қуёш фотоэлнетр станцияси қурилиши лойиҳаси (Solar scaling ) танловида Саудия Арабистонининг “Abu Dhabi future energy company - Masdar” компанияси ғолиб бўлган эди. “Masdar” томонидан Навоий вилояти Кармана туманида қуввати 100 МВт бўлган қуёш станцияси барпо этилиб, шу йилнинг 27 августидан ягона энергетика тизимига “яшил энергия” етказиб беришни бошлади. Ушбу ҚФЭС йилига 260 миллион кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга. Бу 80 миллион куб метр табиий газ сарф қилган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқарилишига тенг бўлган эквивалентдир. Мазкур лойиҳага 70 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестиция жалб қилинган.

    ХМК билан Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ва Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида хар бири 220 МВт қувватга эга бўлган ҚФЭС қуриш лойиҳалари учун ўтказилган танловлар якунланиб, ғолиблар билан шартномалар имзоланди. “Masdar” томонидан рекорд даражада паст бўлган 1 кВт.соат электр энергияси учун ўртача 1,6 АҚШ центи тариф миқдори таклиф этилган.

    Жорий йил Осиё тараққиёт банки (ОТБ) билан ҳамкорликда ўтказилган Сурхондарё вилояти Шеробод туманида ҚФЭС қуриш лойиҳаси танловида ҳам ушбу компания томонидан энг рақобатдош тариф таклиф этилиб, ғолиб бўлди. Шу йил август ойида ХМК билан Бухоро вилоятида 250 МВт, Наманган вилоятида 150 МВт ва Хоразм вилоятида 100 МВт ҚФЭС қуриш лойиҳаси танловлари эълон қилинди. Ҳозирги вақтда ОТБ билан Қашқадарё вилоятида 300 МВт ва Фарғона вилоятида 100 МВт муқобил энергия станциялари қуриш лойиҳаси учун танлов олди ўрганиш ишлари олиб бориляпти.

    Шамол электр станциялари (ШЭС) лойиҳалари танловлари Европа тараққиёт ва тикланиш банки билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. ШЭС қуриш лойиҳасининг биринчи фазаси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманида қуввати 100 МВт бўлган илк станция барпо этиш лойиҳаси танловининг ғолибини эълон қилиш жорий йил 16 сентябрь куни бўлиб ўтди. Тарифлар таклифини эълон қилиниши асосида ғолиб маълум бўлди. Унинг молиявий маълумотлари қайта текширилганидан сўнг расман эълон қилинади. Ушбу лойиҳанинг ишга тушиши йилига 350 миллион кВт.соат қўшимча электр энергияси ишлаб чиқариш учун имконият яратади.

    Ҳудудларда ўтказилган ўрганишлар хулосалари қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа режалар доирасида амалга оширилаётган ишлар натижадорлигини кучайтиришни кун тартибига қўймоқда. Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш асосида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш юзасидан инвестициявий жозибадорликни ошириш бўйича чора-тадбирларни ҳам фаоллаштиришни тақозо этяпти.

    ҚТЭМдан фойдаланишни ривожлантириш учун мавжуд ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, техник норматив тартибга солиш ҳужжатларини мукаммаллаштириш, стратегия ва методикаларни ишлаб чиқиш, илмий-техник ва кадрлар тайёргарлигини ошириш, шунингдек институционал ўзгаришларни амалга ошириш лозим бўлади.

    Юртимизда қайта тикланучи энергия манбаларидан фойдаланишнинг ривожланиши экологик муаммоларнинг олдини олишга, қазилма энергия ресурсларига бўлган талаб ўрнини қоплаш ва янги иқтисодий соҳа тараққиётини таъминлайди. Зеро, она табиат ўлкамизни ўзининг беминнат инъоми — оқар дарёлари, серқуёш кунлари ва шамолли ҳудудлари билан сийлаган, Бу бебаҳо неъматлардан самарали фойдаланиш юртимиз хонадонларини чароғон, аҳолини фаровон қилишга хизмат қилади.

    Носиржон АМИНОВ,

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates