Хорижда ишлаётган фуқароларни суғурталаш тизимини такомиллаштириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди

    Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва бошқа таваккалчиликларни суғурта қилиш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жамоат муҳокамасига қўйилди.

    Ҳужжатда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг хорижий давлатларга вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқароларни соғлиғи ва ҳаётини ихтиёрий суғурта қилиш тизимини жорий этиш ҳақидаги таклифига розилик берилиши белгиланган.

    Қарор лойиҳасига кўра, суғурта компанияларига меҳнат мигрантлари учун имтиёзли тарифлар бўйича янги суғурта маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш тавсия этилади. Улар қуйидагиларни ўз ичига олади:

    • хорижда вақтинча меҳнат фаолияти даврида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш;
    • ишга жойлашиш учун патент ёки бошқа рухсатнома берилмаслиги хавфини суғурталаш;
    • меҳнат мигрантларига берилган транспорт ва бошқа харажатлар учун кредитларнинг қайтарилмаслиги таваккалчилигини суғурталаш;
    • Ўзбекистонда ихтиёрий тиббий суғурта полиси бериш ёки хориждаги ассистанс хизматлари орқали тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини жорий этиш.

    Шунингдек, суғурта қопламасини суғурта бадали тўланган валютада тўлаш, ҳамда меҳнат мигрантларининг ҳаётини узоқ муддатли суғурта қилиш механизмларини йўлга қўйиш назарда тутилган.

    Жумладан,

    • агар суғурта қилинган шахс вафот этса ёки меҳнатга лаёқатини йўқотса (I ёки II гуруҳ ногиронлиги) — суғурта суммаси тўлиқ тўланади;
    • агар у белгиланган ёшга етса — суғурта суммасига қўшимча равишда суғурта ташкилотининг инвестиция даромадидан улуш берилади.

    Шу билан бирга, ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва бошқа таваккалчиликларини суғурталаш тартиби алоҳида низом билан тасдиқланиши кўзда тутилган.