Хорижда салоҳиятли мутахассислар тайёрлаш: талаб, танлов ва самара

    Ҳар қандай соҳа ривожи моддий маблағ, замонавий технология, илғор ишлаб чиқариш тизими, халқаро алоқалар каби муҳим омилларга боғлиқ бўлса-да, билимли, малакали, жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган мутахассислар бунда асосий ўрин эгаллайди. Шу боис, тараққий этган мамлакатлар таълим тизимида ана шундай иқтидорларни тайёрлаш устувор вазифа сифатида белгиланган.

    “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори ўринбосари Одилжон САТТОРОВ мухбиримизнинг хориждаги нуфузли таълим муассасаларида мутахассислар тайёрлаш жараёни, номзодларни танлаш талаблари, бу борада яратилаётган имкониятлар, хорижий олимлар ва профессорларни истиқболли тармоқларга жалб этиш, уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш борасидаги саволларига жавоб берди.

    — Аввало, жамғарманинг мақсад ва асосий вазифалари ҳақида қисқача сўзлаб берсангиз. Бу жамғарма фаолияти борасида ўқувчиларга кенгроқ тасаввур беради.

    — Дунё тараққиёти узлуксиз таълим, малака ошириш, тажриба алмашиш ва илғор ғояларни татбиқ этиш асосига қурилган. Шу тамойилдан келиб чиққан ҳолда, ёшларни хориждаги нуфузли таълим муассасаларида ўқишга саралашни ташкил этиш, хорижий олимлар, ўқитувчилар, муҳандислар ва бошқа мутахассисларни таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларига, айниқса, янги, истиқболли тармоқларга жалб этиш, уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланишни таъминлаш вазифаларимизнинг асосини ташкил этади.

    Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “Эл-юрт умиди” жамғармасига 2021 йилдан бошлаб мутахассисларни хорижда тайёрлаш мақсадида магистратура ва докторантура таълим дастурлари бўйича ўқитишга ўтган йилларга қараганда беш баробар кўп ўрин ажратиш вазифаси юклатилган.

    Мазкур тизим бўйича хорижда таълим олишни истаганлар, аввало, рўйхатдан ўтади ва улар учун махсус танлов ўтказилади. Танлов талабларига жавоб берган номзодлар ўқишга юборилади.

    2021 йил 1 апрелдан 1 майга қадар 350 ўринга мўлжалланган танлов эълон қилдик. 3810 нафар номзод онлайн платформадан рўйхатдан ўтган бўлса, уларнинг 196 нафари танловнинг 2-босқичига тавсия этилди. Бу босқич суҳбат тарзида ташкил этилди.

    — Президентимиз куни кеча Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида “Ёш кадрларни ҳар томонлама ўллабқувватлаш ва тарбиялашга қаратилган сиёсатимизни қатъий давом эттирамиз. Бунинг учун вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ҳар йили ҳоким, вазир, идора ва банк раҳбарларига камида 2 нафардан ёш номзод захирасини тасдиқлайди. Жорий йилдан бошлаб бундай иқтидорли ёшларимиз “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағлари ҳисобидан чет элларда стажировка ўтайди”, дея алоҳида таъкидлади. Бу вазифани бажариш бўйича жамғарманинг имконияти қай даражада?

    — Дарҳақиқат, сиз айтган маросимда давлатимиз раҳбарининг “Бизнинг томиримизда ана шундай улуғ боболаримиз қони оқар экан, уларнинг муносиб ворислари бўлиш, улар каби юксак мақсадлар сари интилиб яшаш барчамизнинг эзгу бурчимиздир”, деган гаплари бизларни янада руҳлантирди. Бинобарин, мамлакатимиз ёшларини, жумладан, вазир, ҳоким, идора ва банк раҳбарларига камида 2 нафардан захирага олинган ёш номзодни хорижий давлатлардаги энг нуфузли олий таълим, илмий-тадқиқот муассасалари, компания ва ташкилотларда ўқитиш, билим, кўникма ва тажрибасини ошириш учун етарли имкониятга эгамиз.

    Бу йигит-қизлар чет элда таҳсил олиб, Ватанимизга қайтиб келгач, олган билими, орттирган тажриба ва кўникмасини ўз фаолиятида кенг қўлласа, иқтисодиётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида катта ўзгаришлар юз беради. Янги инновациялар жорий этилади. Бу эса халқимиз турмуш фаровонлигини оширишда ёшларнинг фаоллиги ва ўрни қай даражада эканини намоён этади.

    — Жамғарма томонидан ёшларнинг хорижга жўнатилиши қандай талаб ва мезонларга асосан амалга оширилади? Саралаш ва баҳолаш жараёнларида шаффофлик, очиқлик қандай тартиб ва қоидалар билан таъминланган?

    — Аввало, номзод Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши керак. Бакалавриат таълим дастурига 25 ёшгача, магистратура таълим дастурига 20 ёшдан 45 ёшгача ва докторантура таълим дастурига 22 ёшдан 45 ёшгача номзодлар ҳужжат топширишлари мумкин.

    Олдинги йилларда танлов тўртта — магистратура, докторантура, стажировка ва малака ошириш дастурлари асосида ташкил этиларди. Саралашнинг ўзи ҳам тўрт босқичда ўтказилган. Янги тартибга мувофиқ, саралаш энди икки босқичда амалга оширилади. Бу эса номзодларнинг вақти ва маблағини тежашга хизмат қилади.

    Биринчи навбатда, ҳужжат топширишда номзод хорижий олий таълим муассасасига ўқишга шартли ёки шартсиз қабул қилинганлигини тасдиқловчи таклифнома хати, мазкур университетлар QS, THE, ARWU ва US News and World Report рейтингларида жаҳондаги “энг илғор 300 таълим муассасаси” рўйхатида бўлиши лозим. Агар университет бу рейтингдан жой ололмаган бўлса, маълум бир фанни ўқитиш бўйича энг яхши юзта таълим муассасаси (Топ-100) сифатида қайд этилган бўлиши керак. Номзод ана шу “энг илғор 300 та таълим муассасаси”дан “ўқишга қабул қилиндингиз” деган мазмундаги таклифнома олган, хорижий тилни билиш бўйича CEFR В2 даражасидаги сертификатга эга бўлиши шарт.

    Биз илгари номзод хорижий тилни қанчалик билиши юзасидан имтиҳон ташкил этар эдик. Энди бунга зарурат йўқ, чунки номзоднинг қўлида чет тилини билишини тасдиқловчи сертификат бор. Илгари хорижий олий таълим муассасасига қабул қилишда номзодлар эссе ёзарди. Ҳозир бу ҳам бекор қилинди.

    Ҳужжатлар тўлиқ ўрганилиб, кейинги босқичга тавсия этилган номзодларни вазирликлар, Фанлар Академияси, Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази мутахассислари, соҳа олимлари, хорижлик экспертлар, психологлардан иборат комиссия аъзолари суҳбатдан ўтказади. Суҳбат жараёни тўлалигича видеотасмага ёзиб олинади ва жавоблар комиссия томонидан баҳоланади. Агар номзод баҳоларга норозилик билдирса, апелляцияга бериши мумкин. Апелляция жараёни ҳам видеотасмага ёзиб олиниб, тегишли хулосалари балларда белгилаб берилади.

    Жамғарма Васийлик кенгаши қарори билан энг юқори балл тўплаган номзодлар “Жамғарма стипендиати” деб эълон қилинади ва унга тегишли сертификат топширилади.

    — Ностандарт, янгича фикрлайдиган айрим ёшлар юртимизда ўз ўрнини тополмай, хорижга интилмоқда. Қизиғи, ўша ёқда ўз фаолиятини йўлга қўйиб, қолиб кетганлар оз эмас. Буни қандай изоҳлайсиз? Уларни юртимизда ишлашга рағбатлантириш учун маълум бир тизим йўлга қўйилганми?

    — Шу ҳақда сўз борганда, кўпчиликнинг кўз олдига 1997–2003 йилларда фаолият олиб борган “Умид” жамғармаси келади. Чунки у орқали хорижда таҳсил олган айрим ёшлар қайтиб келиб, кейин яна чет давлатларга кетиб қолган. Шу ўринда таъкидлашни истардимки, 2000 йилларда хорижда ўқиб келган номзодларга бўлган муносабат, эътибор ёки мансаб пиллапояларидаги ўзгаришлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган эди. Ўша йиллардаги ҳолатни 2021 йилдаги билан солиштирганда осмон билан ерча фарқ бор. Давлатимиз раҳбари топшириқлари билан стипендиат хорижий олий ўқув юртида таҳсил олиб қайтганидан кейин у билан тизимли ишлаш механизми йўлга қўйилган. Бу ижобий ўзгаришлар мамлакатимизда инфратузилманинг анча ривожлангани, иқтисодиётнинг тобора тараққий этаётгани, кенг қамровли ислоҳотлар самараси, ойлик маошларнинг қайта кўриб чиқилгани, кадрларнинг доимий мониторинг қилиб борилиши, хуллас, иқтидорли ёшлар, мутахассислар билан ишлаш тизимли йўлга қўйилгани билан боғлиқ.

    Бугунги кунда юртимизда кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирок этадиган замонавий, инновацион фикрлайдиган ёшлар, кадрларга эҳтиёж катта.

    “Эл-юрт умиди” жамғармаси ярим йилдан кўпроқ вақт мобайнида 1000 нафардан ортиқ мутахассисни хорижда малака ошириш, стажировка, магистратура ва докторантура таълим дастурлари асосида тайёрлади. Уларнинг барчаси ҳозирги кунда мамлакатимизга қайтиб келиб, турли вазирлик ва идораларда, олий таълим муассасаларида фаолият юритмоқда.

    — Хорижлик, жумладан, ватандош бўлган малакали мутахассисларни янги, истиқболли тармоқларга жалб этиш, уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича қандай таклифлар ишлаб чиқилди ва тадбирлар амалга оширилди?

    — “Эл-юрт умиди” жамғармасининг энг асосий вазифаларидан бири Ўзбекистон маданий, илмий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли, дўстона муносабатларни ривожлантириш мақсадида хорижда истиқомат қилаётган, чуқур билим ва профессионал тажрибага эга бўлган иқтидорли олим ва эксперт-ватандошлар билан мулоқот ўрнатишдан иборат. Ана шу мақсадда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳузурида ватандош экспертлар кенгаши ташкил этилган. АҚШ, Канада, Буюк Британия, Германия, Бельгия, Жанубий Корея, Австралия, Япония ва бошқа давлатларда фаолият олиб бораётган 25 нафар ватандош профессорларни ушбу кенгашга жалб қилдик. Ҳамкорликда турли лойиҳаларни амалга ошириш, таклифларни соҳаларда қўллаш бўйича фикрлар алмашилди. Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида кредит-модуль тизимини жорий этиш, унинг афзалликлари, тизимнинг асосий қоидалари, АҚШ ва Европа моделларининг ўзига хос хусусиятлари ва унинг фарқли жиҳатлари, меъёрий-ҳуқуқий асосига доир маълумотлар шулар жумласидандир.

    Айни пайтда Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда хорижий давлатларда фаолият олиб бораётган ватандошларнинг электрон реестри шакллантирилган. Унга 5 мингдан ортиқ ватандошларимиз ҳақида маълумот киритилган. Базани катта илмий ва амалий тажрибага эга, йирик халқаро компанияларда ишлаётган етук олим ва мутахассислар ҳақидаги маълумотлар билан бойитиш устида ишлар олиб борилмоқда.

    — Фаолиятингиз бевосита хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликка боғлиқ. Бу борада қандай ишлар қилиняпти?

    — Келгусида иқтидорли ёшларнинг хорижда таълим олиши, малака ошириши учун фақат давлат бюджети маблағларига қараб қолиш керак эмас. Эндиликда турли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳам стипендиялар эълон қилмоқчимиз, шунингдек, уларнинг стипендияларини олишга муносиб лойиҳалар бўйича ишлаяпмиз.

    Жумладан, Жанубий Кореядаги Сежонг университетининг Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун стипендиясини қўлга киритдик. Шунингдек, Франциянинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси, “Кампюс-Франс” ташкилоти ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси ўртасида келишув имзоланди. Унга мувофиқ, мамлакатимиз мутахассислари ва ёшлари учун ҳамкорликда стипендия эълон қиламиз, бир қисм маблағларни Франция томони қоплаб беради. Яқинда Германиянинг “DAAD” ташкилоти раҳбарлари билан Zoom орқали учрашув ўтказдик. Унда ҳам Германия билан ҳамкорликда юртимиз фуқаролари учун стипендиялар устида иш олиб боряпмиз. Бир сўз билан айтганда, фақат бюджет маблағи орқали стипендия эълон қилиш эмас, хорижий ҳамкорлар билан ёшларимизнинг чет элларда таҳсил олишини рағбатлантириш лойиҳалари устида ишланмоқда. Жумладан, Буюк Британиянинг British Council ташкилоти билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйганмиз. Ҳамкорлик доирасида грантлар ажратилиши, маблағлардан катта чегирмалар бериш бўйича музокаралар олиб бориляпти. Шу тизим асосида таълим олган ёшлар, мутахассислар хорижда таҳсил олиб, Ўзбекистонга қайтиб келиб, турли вазирлик ва идораларда ўз меҳнат фаолиятларини олиб боришлари лозим бўлади.

    Туб ўзгаришларни бошдан кечираётган юртимиз интеллектуал салоҳиятга эга, аҳди қатъий, шижоатли ва билимли қатламга таянади. Мамлакат илмий салоҳиятини ошириш, аждодларга муносиб ворисларни тайёрлаш масъулияти “Эл-юрт умиди” жамғармасининг олдига катта вазифаларни қўймоқда. Зеро, жамғармадан кутилаётган натижа, умидлар ҳам катта.

    P/S. Газета саҳифаланаётганда жорий йилги танловнинг дастлабки босқичи натижалари эълон қилингани ҳақида хабар келди. Унга кўра, 78 нафар номзод Жамғарма Васийлик кенгаши томонидан “Жамғарма стипендиати” деб эътироф этилди. Уларнинг 31 нафари бакалавриат, 38 нафари магистратура ва 9 нафари докторантура таълим дастури асосида АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Испания, Австрия, Бельгия, Канада, Австралия ва бошқа давлатларда таҳсил олиш имкониятини қўлга киритди. Қувонарлиси, бакалавриат таълим дастури бўйича 13 нафар Президент мактаби, 8 нафар умумтаълим мактаби, 8 нафар академик лицей ва 2 нафар касб-ҳунар коллежи ўқувчилари хорижий давлатларда таҳсил олиш имкониятини қўлга киритди. Бу юртимизда Президентимиз бошчилигида Учинчи Ренессансга қўйилаётган пойдевор ғоят мустаҳкам эканидан далолатдир.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Рисолат МАДИЕВА суҳбатлашди

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates