Чақириқлар асосан Миср, Туркия, Саудия Арабистони каби мамлакатлардаги диний таълим муассасаларига ўқишга боришга даъват этилмоқда.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хабар беришича, ушбу эълонларда таълим масканлари гўёки «қонуний» ёки «расмий» сифатида кўрсатилсада, амалда улар Ўзбекистон Республикаси тегишли идоралари томонидан тан олинмаган ҳамда ўша мамлакатлардаги ноқонуний ёки рухсатсиз фаолият юритувчи ўқув марказлари ҳисобланади. Бу ўринда «расмий диний таълим» иборасидан асосан кўпроқ талабгорларни жалб этиш мақсадида фойдаланилмоқда.
"Хавотирли жиҳати шундаки, бундай чақириқлар, кўпинча, диний ақидапарастлик ва мутаассиблик ғояларини сингдириш, ёшларимизни нотўғри йўлга бошлаш ва уларнинг дунёқарашига салбий таъсир кўрсатиш хавфини ўзида мужассам этади", — дейилади қўмита хабарида.
Шу сабабли, ота-оналар фарзандларининг кимлар билан мулоқот қилаётганига, интернетда қандай маълумотларни ўқиётганига ва қандай таклифларга жавоб бераётганига эътиборли бўлишлари сўралди.
Фуқароларга расмий диний таълим фақатгина Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимдаги таълим муассасаларида берилиши, турли шахсларнинг тарғиботига учмасликни эслатган ҳолда, диний билимларни ўрганишга бўлган эҳтиёжларини ушбу таълим муассасалари имкониятлари орқали қондиришни тавсия этилди.
Таъкидланишича, ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида 4 та олий ва 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасалари фаолият кўрсатиб келмоқда. Шу билан бирга, 2018 йилдан буён ҳудудлардаги 28 та «Қуръон ва тажвид» курсларида 77 мингга яқин фуқаро таълим олди.
Диний идоранинг «муслим.тв» интернет платформасида барча ёш тоифалари учун мўлжалланган онлайн Қуръони тажвиди дарслари ташкил этилган.
"Шу ўрнида таъкидлаш лозимки, хорижий диний таълим муассасалари дипломлари Ўзбекистон ҳудудида диний соҳада фаолият юритиш учун асос бўлмаслиги, таълимдан сўнг ишга жойлашишда ноқулайликлар келтириб чиқариши мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
Азиз ота-оналар! Фарзандингиз тақдирига бефарқ бўлманг. Уларга маънавий соғлом муҳитда, мамлакатимизда мавжуд хавфсиз таълим масканларида илму маърифат бериш — фарзандлар келажагини асрашнинг энг тўғри ва ишончли йўлидир", — дейилади хабарда








