Хорижий ҳамкорларнинг Ўзбекистон Президенти ва халқига Наврўз байрами муносабати билан табриклари

    Ҳукумат 21 март 2023 3807

    Наврўз байрами муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, етакчи халқаро ташкилотлар раҳбарлари, таниқли дин ва жамоат арбобларидан қутловлар келмоқда.

    Табиат уйғониши ва янгиланишидан дарак берувчи, шарқий янги йил бошланишини англатувчи Наврўз байрами муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, етакчи халқаро ташкилотлар раҳбарлари, таниқли дин ва жамоат арбобларидан Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаклари билдирилган қутловлар келмоқда.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

    Ҳурматли Шавкат Миромонович!

    Наврўз байрами муносабати билан Сизга ва бутун Ўзбекистон халқига самимий табрикларим ва энг эзгу тилакларимни қабул қилгайсиз.

    Қардош халқларимиз қадим-қадимдан ушбу айёмни уйғунлик ва ҳамжиҳатлик тантанаси, беминнат ёрдам ва бахт-саодат рамзи сифатида алоҳида шукуҳ билан нишонлайдилар. Наврўзнинг файзли қалбларимизга илиқлик бағишлаб, кунлари дўст мамлакатларимизга фаровонлик ва қут-барака олиб келсин.

    Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан мустаҳкам дўстлик ва яхши қўшничиликка асосланган Қозоғистон-Ўзбекистон стратегик шериклиги ва иттифоқчилиги бундан буён ҳам қардош халқларимизнинг фаровонлиги йўлида жадал ривожланиб боришига ишонаман.

    Ушбу имкониятдан фойдаланиб, ҳурматли Шавкат Миромонович, Сизга Ўзбекистоннинг порлоқ келажаги ва равнақи йўлида бошлаган барча ишларингизда муваффақиятлар, халқингизга эса омонлик ва фаровонлик тилайман.

    Наврўз ҳар бир хонадонга тўкинлик ва бахт келтирсин!

    Ҳурмат билан,

    Қасим-Жомарт Тоқаев,

    Қозоғистон Республикаси Президенти

    ***

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

    Ҳурматли Шавкат Миромонович!

    Наврўз байрами билан Сизни чин дилдан қутлайман.

    Янги йил бошланиши рамзи, тинчлик ва ҳамжиҳатликка чақириқ бўлган Наврўз айёми қардош халқларимизга барака ва фаровонлик келтирсин.

    Жорий йил давлатларимиз учун тараққиёт йили бўлишига ишонаман. Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муштарак маънавий қадриятлар, дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган кўп қиррали муносабатлар изчил ривожланаверсин.

    Муҳтарам Шавкат Миромонович, Сизга мустаҳкам соғлик, давлатчилик фаолиятингизда муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва порлоқ келажак тилайман.

    Ҳурмат билан,

    Садир Жапаров,

    Қирғиз Республикаси Президенти

    ***

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

    Муҳтарам Шавкат Миромонович!

    Наврўз халқаро байрами кириб келгани муносабати билан эзгу тилакларимни изҳор этиб, Сизни ва юртингизнинг дўст халқини самимий муборакбод этаман.

    Ушбу қадим айёмнинг бунёдкорлик руҳи ва маънавий илдизлари бугунги замонда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

    Наврўзга хос бўлган дўстлик ва биродарлик, ўзаро англашув, ҳурмат ва кўмак анъаналари бизни тинчликни янада мустаҳкамлашга, халқларимизнинг фаровон ҳаёти ва келажагини таъминлашга биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни йўналтиришга давъат этмоқда.

    Ишончим комил, мамлакатларимиз янги орзу-ниятлар билан, Наврўзнинг ўчмас қадриятларига амал қилган ҳолда, стратегик шериклик ва иттифоқчилик доирасида яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини бундан буён ҳам кенгайтириб борадилар ва ривожлантирадилар.

    Баҳорнинг ушбу қувончли кунларида Сизга, ҳурматли Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик ва муваффақиятлар, биродар Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва барқарор равнақ тилаб қоламан.

    Наврўз муборак!

    Ҳурмат билан,

    Эмомали Раҳмон,

    Тожикистон Республикаси Президенти

    ***

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

    Ҳурматли Шавкат Миромонович!

    Сизга ва қардош Ўзбекистон Республикаси халқига Наврўз халқаро байрами муносабати билан самимий табрикларим ва энг эзгу тилакларимни йўллаш мен учун шараф.

    Табиат уйғониши, янгиланиш ва бунёдкорлик даракчиси бўлган Наврўз ўзида умуминсоний қадриятлар – тинчликсерварлик, инсонпарварлик ва яхши қўшничиликни мужассам этади. Умумий меросимиз бўлмиш ушбу айём халқларимизни яқинлаштиришда муҳим ўрин тутади ва давлатларимиз ўртасидаги ишончли муносабатларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

    Ушбу файзли байрам Сизга ва юртингизнинг бутун халқига қувонч, бахт-саодат ва фаровонлик олиб келсин!

    Чуқур ҳурмат ила,

    Сердар Бердимуҳамедов,

    Туркманистон Президенти

    ***

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

    Муҳтарам Шавкат Миромонович!

    Сизни ва қардош Ўзбекистон халқини ўз номимдан ва Озарбайжон халқи номидан кириб келган Наврўз байрами билан муборакбод этаман.

    Табиатдаги абадий уйғунликни ифода этувчи ушбу миллий байрам халқларимизнинг инсоният маданиятига қўшган қимматли ҳиссасидир. Янгиланиш, ёшариш ва гўзаллик рамзи бўлмиш ушбу айём қалбларни нурга тўлдириб, ўзаро англашув, дўстлик ва ҳамжиҳатликни тараннум этади.

    Сизнинг 2023 йил 1-3 март кунлари Озарбайжонга, Боку шаҳрига Қўшилмаслик ҳаракати Мулоқот гуруҳининг COVID-19 га қарши курашиш бўйича саммитида иштирок этиш учун амалга оширган ташрифингизни юксак қадрлайман, ўзаро ишонч руҳида ўтган учрашувимизни мамнуният билан эслайман.

    Бой маънавий меросга эга қардош халқларимиз фаровонлиги йўлида ҳамда шериклигимиз ва ҳамжиҳатлигимизни асраб-авайлаш, доимо мустаҳкамлаб бориш мақсадида биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни давом эттиришимизга ишончим комил.

    Ушбу қутлуғ кунларда Сизга ва оилангизга мустаҳкам соғлик ва бахт-саодат, биродар Ўзбекистон Республикасининг равнақи йўлидаги олий давлатчилик фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман.

    Ҳурмат билан,

    Илҳом Алиев,

    Озарбайжон Республикаси Президенти

    ***

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

    Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу,

    Наврўз байрами муносабати билан Сиз, Жаноби Олийларига самимий табрик ва эзгу тилакларимизни йўллашдан беҳад мамнунмиз.

    Фурсатдан фойдаланиб, Аллоҳ таолодан Сиз, Жаноби Олийларига сиҳат-саломатлик ва бахт-саодат, қардош Ўзбекистон халқига тараққиёт ва фаровонлик тилаб қоламиз.

    Жаноби Олийлари, Сизга бўлган юксак эҳтиромимни қабул қилгайсиз.

    Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд,

    Саудия Арабистони Подшоҳи

    ***

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

    Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу,

    Жаноби Олийлари, Наврўз байрами муносабати билан энг холис табрикларим ва эзгу тилакларимни йўллашдан бахтиёрман.

    Сиз, Жаноби Олийларига сиҳат-саломатлик ва бахт-саодат, Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва фаровонлик тилаб қоламан.

    Жаноби Олийлари, Сизга бўлган юксак эҳтиромимни қабул қилгайсиз.

    Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд,

    Саудия Арабистони Валиаҳди, Вазирлар Маҳкамаси Раиси

    ***

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

    Эсар Наврўз шамоли еллари ёрим кўчасидан,

    Ёқ эй кўнгил чироғини истасанг гар мадад ундан.

    Этакдан ғам ғуборин қоққани чиққин далаларга,

    Кириб гулзор аро ўрган ғазал ёзмоқни булбулдан.

    (Ҳофиз Шерозий)

    Табиатнинг уйғониши ва хижрий-шамсий 1402 йилнинг бошланиши, қадимий Наврўзнинг кириб келиши муносабати билан Сиз, Жаноби Олийлари ва мамлакатингизнинг азиз халқини чин юракдан муборакбод этишдан бениҳоя мамнунман.

    Баҳор она ер ва табиатнинг ўзгариш палласи, янгиланиш ва қайта жонланиш фасли, тафаккур аҳлининг борлиқ оламнинг улуғвор табиий жилваларидан бирини мушоҳада айлаш воситасида ўз Парвардигорларининг жамолини кўриш томон интилишларидан бир нишонадир. Бир неча минг йиллик тарихга эга бўлган бой маданият ва цивилизация рамзи ҳамда меҳр-муҳаббатга тўла кўҳна удум бўлмиш Наврўз эса ишқ-муҳаббатни эсга солувчи, ям-яшиллик ва мусаффоликдан хабар берувчи, қалбларни уйғотувчи ҳамда Яратганнинг завол топмас куч-қудратидан белги берувчи бир ҳодисадир.

    Кутлуғ Наврўз шарофати билан одамларимизда ва уларнинг қалбларида улкан ўзгаришлар юз беради. Наврўздан илдиз олган азалий тарихий-маданий муштаракликлар воситасида мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро дўстона муносабатларни ривожлантириш ва чуқурлаштириш орқали халқларимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида қадам ташлаймиз, деб умид қиламан. Бу йўналишда Эрон Ислом Республикаси минтақа ва жаҳонда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш мақсадида Наврўз маданий минтақасининг барча мамлакатлари билан янада кўпроқ ҳамкорлик қилишга тайёрдир.

    Қодир Эгамдан Сиз, Жаноби Олийларига соғлик ва муваффақият, дўст ва биродар Ўзбекистон Республикаси халқига эса бахт-саодат ва фаровонлик ато этишини сўраб, янги йилнинг барча учун хайр-баракага тўла бир йил бўлишини тилаб қоламан.

    Иброҳим Раисий,

    Эрон Ислом Республикаси Президенти

    ***

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

    Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу,

    Сиз, Жаноби Олийларига ўз саломларимизни ва самимий тилакларимизни мамнуният билан йўллаб, Сизга омад ва зафарлар тилаймиз.

    Наврўз байрами муносабати билан Аллоҳ Таолодан ушбу йилни хайр-барака йили қилишини, биродар юртингиз ва халқингиз ривожи йўлида қилаётган барча саъй-ҳаракатларингиз амалга ошишини ҳамда Сизга узоқ умр ва бахт-саодат ато этишини сўраб қоламиз.

    Байрамингиз муборак бўлсин!

    Самимий эҳтиромлар ила,

    Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум,

    Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими

    Шунингдек,

    Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған,

    Грузия Президенти Саломе Зурабишвили,

    Ироқ Республикаси Президенти Абдуллатиф Рашид,

    Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев,

    Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳусрав Нозирий,

    Кавказ мусулмонлари идораси раиси, шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода ва бошқалар табрик йўллаган.

    Қутловлар келиши давом этмоқда.