Хотин-қизлар меҳнат муҳофазасида йўл қўйилган камчиликлар санаб ўтилди

    Мамлакатимизда 18 ноябр 2021 1001

    Ялпи мажлис биринчи иш кунида Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан Енгил саноат ва чарм саноати корхоналарида хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳолати ўрганилгани юзасидан ахборот ўқиб эшиттирилди.

    Қайд этилганидек, бугунги кунда республика енгил саноат тизимида 7,4 мингдан ортиқ корхонада 360 мингдан зиёд фуқаро ишлайди. Уларнинг 70 фоиздан ортиғи хотин-қизлар ташкил этади. 100 нафардан зиёд хотин-қизлар ишловчи корхоналар сони 258 та. «Ўзчармсаноат» уюшмасига аъзо 13 та корхонада 50-100 нафар аёл фаолият юритади.

    Мазкур корхоналарда ходимларни бепул озиқ-овқат билан таъминлаш, талаб даражасидаги меҳнат шароитлари яратишга алоҳида аҳамият қаратилган.

    Шундай бўлсада, енгил саноат ва чармсаноат тизими корхоналарида иш берувчилар томонидан хотин-қизлар учун қулай, хавфсиз меҳнат шароитларини яратишда қонун ҳужжатларида белгиланган талабларнинг бузилишига йўл қўйилган.

    Жумладан, Меҳнат кодекси талабларига зид равишда корхонада иш берувчи ва ходимлар ўртасида жамоа шартномаси тузилмаган. Уч ёшгача фарзанди бўлган аёлларни ишга қабул қилинишида синов муддатини қўллаш ва уларга 1 соатга қисқартирилган иш кунини белгиламаслик, ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга ҳар йили уч иш кунидан кам бўлмаган муддат билан ҳақ тўланадиган қўшимча таътил бермаслик ҳолатлари кузатилган.

    Шунингдек, ходимларга иш даврида уларнинг хоҳишига кўра, йиллик таътилнинг энг оз муддатидан (ўн беш иш кунидан) ортиқча қисми учун пуллик компенсация тўланмаслик, жамоа шартномаларида ходимларга умумий иш стажига қараб қўшимча таътиллар берилиши белгиланган бўлсада, амалда ушбу таътиллар берилмаслиги ва ички меҳнат тартиб-интизом қоидалари ҳамда лавозим йўриқномаларини ишлаб чиқмаслик ҳолатларига йўл қўйилган.

    Шунингдек, корхона ишчи-ходимлари дастлабки тиббий кўрикдан ўтказилган бўлсада, даврий тиббий кўриклар ташкил этилмаган. Корхона маблағлари ҳисобидан ҳомиладор аёлларни тиббиёт муассасалари (сиҳатгоҳлар) ёки корхонага тегишли санаторий-профилакторийда бепул даволатиш ишлари ташкил этилмаган.

    Корхонадаги мавжуд иш ўринларини Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 сентябрдаги 263-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ аттестациядан ўтказмаслик ҳолатларига йўл қўйилган.

    Натижада оғир, ноқулай, зарарли ёки хавфли ишларда банд бўлган хотин-қизларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва компенсациялар белгиланмай, иш жойларида меҳнат шароитларини назорат қилиш талаб даражасида ташкил этилмаган.

    Шунингдек, ходимлар иш учун зарур бўлган якка тартибдаги ва жамоавий ҳимоя воситалари билан таъминланмаган.

    Тизимда хотин-қизлар учун зарур меҳнат шароитларини яратиш, улар меҳнатини муҳофаза қилиш масалалари фақат иш берувчининг ихтиёрида бўлгани боис Меҳнат кодексида белгиланган талаблар бажарилмасдан қолган. Бунинг оқибатида корхоналарда бахтсиз ҳодисалар содир бўлиб, ўлим ҳолатлари ҳам кузатилган. Хотин-қизлар орасидан Меҳнат муҳофазаси бўйича вакил сайланмаган.

    Бундан ташқари, хотин-қизлар учун зарур меҳнат шароитларини яратиш, меҳнатини муҳофаза қилишда қонун ҳужжатлари ижросига масъул бўлган давлат ва маҳаллий ҳокимият идоралари фаолияти талаб даражасида эмас.

    Соҳаларда хотин-қизлар учун зарур меҳнат шароитларини яратиш масалаларида нодавлат-нотижорат ташкилотлари, шу жумладан халқаро меҳнат ҳуқуқ ташкилотлари имкониятларидан самарали фойдаланиш ва яна бир қатор камчиликлар аниқланган.

    Юқоридагиларни инобатга олиниб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 12-моддаси ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасига асосланиб, Сенат томонидан енгил саноат ва чарм саноати корхоналарида хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориладиган бўлди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates