Хотин-қизлар учун меҳнат шароитларини яхшилаш доимий эътиборда

    Мамлакатимизда 18 ноябр 2021 1000

    17 ноябрда Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда қўмита аъзолари, экспертлар гуруҳи, бир қатор вазирлик ва идоралар масъуллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

    Йиғилишда «Оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

    Сенаторлар таъкидлаганидек, Қонун 2021 йил 19 майдаги давлат раҳбарининг «Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

    Қонун билан «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасига тегишли ўзгартириш киритилмоқда. Яъни унда «Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази» ўрнига «Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази»ни киритиш назарда тутилмоқда.

    Шу билан бирга, «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонунларга ҳам тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда

    Таклиф этилаётган Қонун қабул қилиниши зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид белгиланган вазифа ва функцияларнинг аниқ ва мақсадли бажарилиши ҳамда ижро интизомини таъминлайди. Қонунларни қўллаш амалиётида ноаниқликлар юзага келиши ҳолатининг олдини олади.Бундан ташқари, мажлисда қўмита томонидан енгилсаноат ва чармсаноат корхоналарида хотин-қизлар учун қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратилганлиги, меҳнатига муносиб иш ҳақи тўланиши, меҳнатни муҳофаза қилиниши, меҳнат муносабатлари билан боғлиқ масалаларда иш берувчиларнинг ижтимоий масъулияти ўрганилгани маълум қилинди.

    Қайд этилганидек, бугунги кунда республика енгил саноат тизимида 7,4 мингдан ортиқ корхонада 360 мингдан зиёд фуқаролар ишлайди. Уларнинг 70 фоиздан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади. Бунда 100 нафардан ортиқ хотин-қизлар ишловчи корхоналар сони 258 тани ташкил этмоқда. «Ўзчармсаноат» уюшмасига аъзо 13 та корхонада 50-100 нафар аёл фаолият юритмоқда.

    Мазкур корхоналарда ходимларни бепул озиқ-овқат билан таъминлаш, талаб даражасидаги меҳнат шароитлари яратишга алоҳида аҳамият қаратилган.

    Шундай бўлсада, енгилсаноат ва чармсаноат тизими корхоналарида иш берувчилар томонидан хотин-қизлар учун қулай, хавфсиз меҳнат шароитларини яратишда қонун ҳужжатларида белгиланган талабларнинг бузилишга йўл қўйилган.

    Жумладан, Меҳнат кодекси талабларига зид равишда корхонада иш берувчи ва ходимлар ўртасида жамоа шартномаси тузилмаган. Уч ёшгача фарзанди бўлган аёлларни ишга қабул қилинишида синов муддатини қўллаш ва уларга 1 соатга қисқартирилган иш кунини белгиламаслик, ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга ҳар йили уч иш кунидан кам бўлмаган муддат билан ҳақ тўланадиган қўшимча таътил бермаслик ҳолатлари кузатилган.

    Шунингдек, ходимларга иш даврида уларнинг хоҳишига кўра, йиллик таътилнинг энг оз муддатидан (ўн беш иш кунидан) ортиқча қисми учун пуллик компенсация тўланмаслик, жамоа шартномаларида ходимларга умумий иш стажига қараб қўшимча таътиллар берилиши белгиланган бўлсада, амалда ушбу таътиллар берилмаслиги ва ички меҳнат тартиб-интизоми қоидалари, лавозим йўриқномаларни ишлаб чиқмаслик ҳолатларига йўл қўйилган.

    Йиғилишда аниқланган шу ва бошқа бир қатор камчиликлар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш учун Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборилиши лозим деб топилди. Мазкур парламент сўровини юбориш бўйича якуний қарор Сенатнинг йигирма биринчи ялпи мажлисида қабул қилинади, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates