Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш доирасида тадбир ўтказилди

    «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилганларни эъзозлаш – Ўзбекистон Республикаси ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири» мавзусида семинар бўлиб ўтди.

    Жорий йил 4 майда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси томонидан Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси таркибидаги «Шон-шараф» давлат музейида «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилганларни эъзозлаш – Ўзбекистон Республикаси ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири» мавзусида семинар бўлиб ўтди.

    Тадбир Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган фахрийларимизни қаҳрамонлиги ва тарихий хизматларини кенг жамоатчиликка етказиш, ёш авлодни ота-боболаримизга муносиб, Ватанга садоқатли инсонлар этиб тарбиялаш ҳамда Давлат раҳбаринниг 2021 йил 20 апрелда қабул қилинган «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги Фармони ва «Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғриси»ги Қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилди.

    Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, экспертлар, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Қуролли кучлар академияси ходимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

    Семинар аввалида уруш қатнашчиларини хотирлаб, масъуллар иштирокида гул қўйиш маросими ўтказилди.

    Иштирокчилар бугунги ёруғ, мусаффо осмонимиз софлигини, ҳозирги тинч, осуда ҳаётимизни таъминлаш учун букилмас ирода ва жасорат намунасини кўрсатган, Ватан учун жонларини фидо қилган мард ва жасур ота-боболаримизнинг матонатлари ҳақида сўз юритдилар.

    Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Кутбитдин Бурханов, давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги тарихимизни ўрганишда том маънода янги давр бошланганини, хусусан, 2020 йилга қадар уруш бошланган пайтда юртимиз аҳолиси 6 миллион 551 минг кишини ташкил этгани ва уларнинг 1 миллион 500 мингга яқини урушда иштирок этган, деб ҳисобланишини қайд этди. Янги топилган маълумотларга кўра, Ўзбекистондан 1 миллион 951 мингга яқин киши урушга сафарбар этилганини, ҳар уч нафар ўзбекистонликдан биттаси қўлига қурол олиб, фашизмга қарши жанг қилгани аниқланганини, демак 451 минг нафар юртдошларимизнинг номлари ва тақдири шунча йиллар давомида эътибордан четда қолиб келган дея айтиб ўтди.

    Шунингдек, ўша даврда «қулоқ» сифатида бошқа ўлкаларга сургун қилинган 59 мингдан ортиқ ватандошларимиз ҳам ҳаракатдаги армияга сафарбар этилганлиги аниқланди.

    Бундан ташқари, илгари 396 минг нафар Ўзбекистон фуқароси урушда халок бўлган, деб айтиларди. Аслида бу рақам 538 мингдан зиёд бўлган бўлса, 158 мингдан кўпроғи бедарак йўқолган.

    Олиб борилган илмий изланишлар натижасида орден ва медаллар билан мукофотланган Ўзбекистон вакилларининг сони бўйича ҳам ойдинлик киритилди. Илгари бу кўрсаткич 120 минг деб қайд этилар эди. Янги маълумотларга асосан Иккинчи жаҳон урушида 200 мингдан зиёд аскар ва офицерларимиз жанговар давлат мукофотлари билан тақдирлангани аниқланди. Жумладан, илгари 280 нафар деб ҳисоблаб келинган ўзбекистонлик Совет Иттифоқи Қахрамонларининг сони 301 та экани, 70 нафар юртдошларимиз учала даражадаги Слава орденига сазовор бўлгани ўз тасдиғини топгани тарихий ҳақиқатнинг юзага чиқишига олиб келгани таъкидланди.

    Қайд этилганидек, Ўзбекистон уруш майдонларига жуда катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, дори-дармон, кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берадиган муҳим таянч марказларидан бирига айланди. Ишлаб чиқариш корхоналари ҳарбий мақсадларда қайта ташкил этилди. Жумладан, кўп миллатли аҳолимизнинг фидокорона меҳнати билан ўша вақтдаги 300 га яқин ишлаб чиқариш корхоналарида ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Шу даврда фронт ҳудудларидан юртимизга 151 та завод кўчириб келтирилиб, қисқа фурсатда ишга тушрилди.

    Семинар давомида уруш қатнашчиларини эъзозлаш, уларга ҳурмат бажо келтириш ва ижтимоий таъминотини яхшилаш борасида қилинаётган ишлар хусусида сўз борди. Жумладан, Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 20 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги Фармони ҳамда «Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тғрисида»ги Қарорлари мазмун-моҳияти, унинг аҳамияти алоҳида эътироф этилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates