“Яллама”да янги божхона терминали фойдаланишга топширилди

    Тошкент вилоятининг Чиноз туманида жойлашган “Яллама” чегара божхона постига туташ ҳудудда янги замонавий божхона терминали ишга туширилди.

    “Яллама” божхона пости республикамиздаги энг йирик автомобиль ўтказиш пункти ҳисобланади. Бундай терминаллар дунё амалиётида мавжуд бўлиб, улар юкларни вақтинча сақлаш омборлари деб аталади.

    20 гектар майдонни эгаллаган “Яллама” божхона терминалида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан божхона, банк, логистика, тезкор лаборатория, фитосанитар, ветеринар, санитар-эпидемиологик, экологик, мувофиқликни баҳолаш каби барча хизматлар “Ягона дарча” тамойили асосида кўрсатилади.

    Шунингдек, бу ерда бир вақтнинг ўзида 500 та юк автомобилларини сиғдира олиш имкониятига эга ҳамда бепул WI-FI билан таъминланган автотураргоҳ, 5000 квадрат метр майдонда ёпиқ ҳамда 3836 квадрат метр майдонда очиқ божхона омборлари, расмийлаштирув зали, давлат назорати органлари учун хизмат хоналари, савдо дўконлари ҳамда бошқа бино ва иншоотлар мавжуд.

    – Бу божхона постидан асосан, Европа, Хитой, Россия ва Қозоғистондан келган юклар кириб-чиқади, – дейди Давлат божхона қўмитаси бўлим бошлиғи Аъзамжон Эргашев. – Авваллари импорт товарларни расмийлаштириш муддати 3 кунгача чўзиларди. Жараён бевосита терминал орқали амалга оширилса, сарфланадиган вақт 1 кунгача қисқаради. Экспортга эса 16 соатдан ортиқ вақт кетарди. Терминал омбори чегарага туташ ҳудудда бўлгани учун бу вақт ҳам 5 баробарга қисқариб, ҳужжатларни расмийлаштиришга 3 соат кифоя қилади. Бундан ташқари, тадбиркорлар харажатлари ҳам камаяди. Чунки бир жойдан туриб барча ҳужжат ишларини битириш қулай. Қолаверса, бу ерда амалга оширилган кўрик ҳамма жойда тан олинади. Мазкур божхона постида бир кунда ўртача 400 та автотранспорт воситаси ҳаракатланади. Лекин бу имкониятни 1000 тагача кенгайтириш мумкин. Мазкур терминал асосан юкларни ортиш, тушириш ва сақлаш учун қурилди. Ҳудудда маъмурий бино ҳам бўлиб, барча давлат хизматлари бир жойда кўрсатилади. Тадбиркор битта жойга келиб ҳужжат топширади, шу ернинг ўзида юкини божхона расмийлаштирувидан ўтказади ва тўғри бозор ёки ўзининг корхонасига олиб кетади.

    Бундан ташқари, божхона терминали энг замонавий техник воситалар, жумладан автотарози, автомобиллар рақамини аниқлаш ва видеокузатув тизимлари, замонавий компютер техникалари ва бошқа қурилмалар билан жиҳозланган.

    Энг муҳим янгиликлардан бири шундаки, божхона терминали ҳудудида 10 та штат бирлигидан иборат божхона пункти ташкил этилди. Энди шундоққина чегара божхона постидан товарларини олиб кирган ёки олиб чиқиш истагидаги ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари шу ернинг ўзида сутканинг исталган вақтида ташқи савдо юкларининг божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга оширишади.

    Божхона терминалининг ишга тушиши натижасида тадбиркорларнинг расмийлаштирув ва сертификатлаштириш учун сарфланадиган вақт ва ҳаражатлари тежалади, тирбандликлар бартараф этилади, божхона қонунбузарлик ҳолатларининг олди олинади.

    Энг асосийси мазкур ҳудудда яшовчи 50 дан зиёд аҳоли доимий иш ўрни билан таъминланди.

    Янги барпо этилган божхона терминалида яратилган шарт-шароитлар авваламбор тадбиркорларга қулай ва ваколатли идораларга самарали назоратни ташкил этишга хизмат қилади.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates