«Янги Андижон» шаҳридаги бинолар Япониянинг кўп қаватли зилзилабардош уйлари асосида қурилади

    Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида жорий йил 23-27 ноябрь кунлари Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов бошчилигида делегациянинг Японияга амалий сафари амалга оширилди.

    Сафар давомида делегация аъзолари Япония Ер ресурслари, инфратузилма, транспорт ва туризм вазирлиги, «Шимидзу Қурилиш корпорацияси», «АОИКАЙ МЕДИКАЛ КОРПОРЕЙШН» шифохонаси, Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университети раҳбарлари билан икки томонлама музокаралар ўтказишгани баробарида Сугинами шаҳридаги ўрта мактаб фаолиятини ҳам ўрганишди.

    Япония Ер ресурслари, инфратузилма, транспорт ва туризм вазирининг ўринбосари Амано Юсуке билан бўлиб ўтган музокаралар чоғида Андижон вилояти ва Япония ўртасида қурилиш соҳасида икки томонлама алоқаларни ўрнатиш, тўрт минг гектарда барпо этилаётган «Янги Андижон» шаҳридаги биноларни Япониянинг кўп қаватли зилзилабардош уйлари асосида лойиҳалаштириш ва қуриш масалалари муҳокама қилинди.

    Мулоқот якунлари бўйича томонлар «Янги Андижон» шаҳри лойиҳаолди ҳужжатларини япон тарафи билан онлайн тарзда муҳокамаларини ташкил этиш ва бу жараёнга япон мутахассисларини жалб этишга келишиб олинди.

    «Шимидзу Қурилиш корпорациси»нинг глобал стратегик ривожланиш бошқармаси директори ўринбосари Такуей Ито билан ўтказилган музокараларда «Янги Андижон» шаҳрини бунёд этишда компаниянинг тажрибасини қўллаш ва корпорация мутахассисларини Андижон вилоятига юбориш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

    Ўзбекистон вакиллари, шунингдек, «Шимидзу Қурилиш корпорациси»нинг Технологик маркази фаолияти билан ҳам танишдилар. Сафар давомида Токио қишлоқ ҳўжалиги ва технологиялар университетида вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Андижон давлат университети билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича қатор муҳим таклифларни билдирди. Ўз навбатида, япон томонидан Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан барча жабҳаларда алоқаларни йўлга қўйишдан манфаатдорлик маълум қилинди.

    Андижон вилояти делегацияси «АОИКАЙ МЕДИКАЛ КОРПОРЕЙШН» компанияси шифохонаси фаолияти билан ҳам танишди. Ушбу корпорация билан «Янги Андижон» шаҳрида тиббиёт ва ўқув марказларини ташкил этиш, Андижон вилоятида ҳамширалар тайёрлаш, уларни Японияга малака оширишга юбориш каби масалалар бўйича келишувларга эришилди.

    Сафар давомида ҳоким Шуҳрат Абдураҳмонов мамлакатимиз элчихонасида Японияда ишлаётган Андижон вилоятидан келган ватандошлар билан учрашув ўтказди.

    Ватандошларнинг Андижон вилоятида япон ҳамкорлар билан лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифларининг амалга оширилиши учун барча зарур шароитлар яратиб берилиши маълум қилинди.