Янги очилган “Шарқий Хатар” конидаги иккита газ қудуғи ишлаб чиқаришга қўшилди

    Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли янги очилган “Шарқий Хатар” конидаги 1-, ва 2-сонли геологик қидирув газ қудуқларидан қазиб олинадиган табиий газни “Қумли” газни дастлабки тайёрлаш қурилмасига етказиш мақсадида узунлиги 11 км диаметри 168х6 мм қувур ўрнатилиб, ишга туширилди.

    Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати хабар қилди.

    Таъкидланишича, ушбу газ коллектор ва геологик қидирув қудуқларининг ишга туширилиши натижасида “Қумли” конлар гуруҳидан кунлик қўшимча 100 минг куб метр табиий газ қазиб чиқаришга эришилди.

    Лойиҳани амалга оширишда сарф харажатларни қисқартириш мақсадида қурилиш-монтаж ишларига Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг махсус бригадаси жалб қилинди. Зарур бўлаган қувурлар ҳамда ускуналар “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ички имкониятларидан фойдаланган ҳолда етказиб берилди. Бунинг натижасида қувур ва ускуналарни ҳарид қилиниши учун сарфланиши зарур бўлган пул маблағларини тежаб қолинишига эришилди.

    Маълумот учун: “Шарқий Хатар” газ конденсат тузилмаси 1997 йилда очилган бўлиб, Бухоро вилояти Қоракўл туманида жойлашган. Кондаги чуқур бурғилаш ишлари 2019 йилда бошланган. 2 та қудуқда олиб борилган геологик қидирув бурғилаш ҳамда синов ишларидан сўнг карбонат ётқизиқларидан саноат миқёсида газ олишга муваффақ бўлинди ва ушбу тузилма кон деб топилди. 2020 йилнинг январ ҳолатдаги карбонат ётқизиқлари XV-1 қатлам бўйича коннинг дастлабки оператив заҳираси (С1-категория бўйича) 280 млн куб метр газ ва 6 минг тонна конденсатни ташкил қилди.