Янги Ўзбекистон: очиқ ва эркин сайловлар

    Фикр 27 январ 2021 6464

    Сайловлар халқимизнинг ўз хоҳиш-иродасини билдириши, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокининг асосий шакли ҳисобланади. Сайловларнинг очиқ-ошкора ва шаффоф тарзда ўтишида ҳуқуқий асосларнинг ҳаётий ва халқчил тарзда ишлаб чиқилиши муҳим аҳамият эга.

    Бинобарин, мамлакатимизда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнлари халқаро нормалар ҳамда демократик принципларга тўла жавоб беришида миллий қонунчилик ва сайлов амалиётимизнинг ўрни беқиёс. Бу ўз навбатида, халқимиз учун сайлов жараёнларининг қонуний ва адолатли ўтишини тўла таъминлаш имконини оширади.

    Шу жиҳатдан, мамлакатимизда давлат хокимияти органлари ва институтларини сайловлар йўли билан ташкил этиш борасида халқаро нормалар ва андозаларга тўла мос келадиган тажриба шакллантирилди. Хусусан, Конституциямизда белгилаб берилган сайловга оид конституциявий тамойиллар асосида Сайлов кодекси қабул килинди.

    Лекин бугун замон тез ва шиддат билан ўзгараётганини ҳисобга олган ҳолда, воқеликнинг ортида эмас, балки унинг олдида юришимиз, тараққиётимиз ва демократик янгиланиш заминини белгилаб берадиган қонунларни ўз вақтида қабул қилишимиз, уларга ҳаёт тақозо этаётган ўзгартириш ва қўшимчаларни киритишимиз даркор.

    Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг жорий йил 25 январда бўлиб ўтган мажлисида муҳокама қилинган “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши сайлов жараёнларининг очиқ ва ошкора ўтишини таъминлаши муқаррар.

    Биринчи ўқишда кўриб чиқилган қонун лойиҳасининг муҳим хусусияти шундаки, унда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилиши ва уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юкланиши назарда тутилмоқда.

    Хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, шунингдек, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутиларда овоз беришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда. 2019 йилги парламент сайловларида ҳам мазкур амалиёт илк бор тажрибадан ўтказилган эди.

    Яна ҳам муҳим бир жиҳат борки, бу ҳақда алоҳида айтиб ўтиш айни муддаодир. У ҳам бўлса, сайлов натижаларини эълон қилиш муддатларининг асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилаётганидир. Зеро, эркин сайловлар нафақат ҳокимиятни шакллантириш тамойили, айни пайтда унинг халқ олдидаги масъулияти ифодаси ҳамдир.

    Булар ҳали ҳаммаси эмас. Қонун лойиҳасида фақат сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти учун ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида улар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек, Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби ҳам жорий этилмоқда.

    Аёнки, сайловларнинг декабрь ойида ўтказилиши сайловлардан кейинги сиёсий тадбирлар парламент биринчи мажлисини ўтказиш, Ҳукуматни шакллантириш, давлат раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси каби муҳим сиёсий жараёнлар янги йилнинг биринчи чорагига тўғри келмоқда. Бу эса Давлат дастурини қабул қилиш ва бошқа ислоҳотлар кечиктирилишига сабаб бўляпти.

    Агар хорижий давлатлар тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, асосан иқлими иссиқ бўлган жанубий яримшар давлатларида хусусан, Гана, Миср, Нигерия, ЖАР, Жазоир, Венесуэла, Доминика, Сан Марино каби мамлакатларда сайловлар декабрь ойида ўтказилишини кўрамиз. АҚШ, Швейцария, Испания, Уругвай, Чили, Босния, Иордания, Молдова давлатларида эса сайловлар октябрь-ноябрь ойларида бўлиб ўтади.

    Шу нуқтаи назардан бир қатор омилларни инобатга олиб Президент сайловининг октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши оқилона қарордир. Биринчидан об-ҳаво мўътадил бўлса, иккинчидан айни шу вақтда сайловчилар ва кузатувчилар учун қулай шароит вужудга келади. Сабаби сайловда халқимиз ўзининг хоҳиш-иродасини, юксак сиёсий онги ва фаол фуқаролик позициясини яққол намоён этади.

    Хулоса ўрнида айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик талабларига тўла риоя қилинган ҳолда ўтказилишига шубҳа йўқ. Зотан, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши сайловолди ташвиқот тадбирларини ўтказиш ва оммавий тадбирларни ташкиллаштириш, энг муҳими, сайловларнинг адолатли ўтказилишига замин яратади.

    Фахриддин САМАТОВ,

    Олий Мажлис Қонунчилик

    палатаси депутати,
    O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates