Янги Ўзбекистонда фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи қай даражада таъминланган?

    Мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ҳамда адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришда фуқароларнинг мурожаатларига доир қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилиш, уни такомиллаштириш энг устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-моддасида "Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул" эканлиги белгилаб қўйилган.

    Бинобарин, фуқароларнинг давлат органлари ва мансабдор шахсларга мурожаатлари айнан инсон ҳуқуқлари устуворлиги, ҳар бир шахснинг давлат ҳимоясида эканлиги тўғрисидаги конституциявий принципларни амалга оширишни кафолатлашга қаратилган.

    Фуқароларнинг мурожаат этиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида мустаҳкамланиб, унга кўра, ҳар бир шахс бевосита ўзи ёки жамоа тарзида давлат органларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадир. Гарчанд, Асосий қонунимизда фуқароларнинг мазкур ҳуқуқи сиёсий ҳуқуқлар қаторига киритилган бўлса-да, ўз моҳиятига кўра, у нафақат сиёсий, балки шахсий, иқтисодий ва ижтимоий хусусият ҳам касб этади. Зеро, фуқаронинг ушбу ҳуқуқдан фойдаланиши айни пайтда унинг шахсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини амалга оширишга ёки ҳимоя қилишга қаратилган бўлиши мумкин. Фуқаро давлат органига ариза билан мурожаат этганида ўз хоҳиш-истаги, эрки, иродасини ифода этиш, таклиф билан мурожаат этганида давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этиш, шикоят билан мурожаат этганида эса бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш имкониятлари мавжуд бўлади.

    «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни фуқароларнинг давлат органлари ва муассасаларига ариза, таклиф ва шикоят билан мурожаат этишга оид конституциявий қоидани амалга оширишни таъминловчи асосий норматив ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланиб, давлат органларининг фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш, кўриб чиқиш ва ҳал этиш билан боғлиқ ҳуқуқ ва мажбуриятлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солади. Қонунда фуқаролар мурожаат этиш ҳуқуқининг кафолатлари, хусусан, фуқароларнинг мурожаат этиш ҳуқуқи ихтиёрийлик асосида амалга оширилиши, фуқаролар мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланаётганда камситишга йўл қўйилмаслиги, фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишнинг мажбурийлиги, фуқароларнинг мурожаатлари муносабати билан аён бўлиб қолган маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмаслиги, фуқароларнинг мурожаат этиши муносабати билан уларнинг хавфсизлиги кафолатлари, шунингдек, фуқароларнинг ариза, таклиф ва шикоятлар бериш, ҳамда уларни кўриб чиқиш тартиби, мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органларининг фуқароларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини бузганлик учун жавобгарлик ўз ифодасини топган.

    Шуни ҳам айтиш керакки, мазкур Қонун фуқароларнинг давлат органлари ва муассасаларига, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига бериладиган мурожаатларини кўриб чиқиш ва ҳал қилишга оид қоидаларни мустаҳкамлайди. Бироқ, ушбу Қонуннинг амал қилиш доираси юқорида назарда тутилган субъектлар билан чекланмайди, балки Конституция ва қонунларнинг устуворлиги тамойилидан келиб чиққан ҳолда, жамоат бирлашмалари, мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча корхона, муассаса, ташкилотлар учун ҳам амал қиладиган умумий қоидаларни белгилайди. Ушбу Қонунда белгиланган тартиб асосида мурожаат этиш ҳуқуқидан Ўзбекистонда истиқомат қилувчи барча фуқаролар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам фойдаланишлари мумкин. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликка эга ҳамда қонун олдида тенг ҳисобланиб, улар мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланаётганда жинси, ирқи, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига қараб камситиш тақиқланади.

    Фуқаро бирор-бир давлат органига нафақат ёзма, балки оғзаки ариза, таклиф ва шикоят билан ҳам мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Фуқароларнинг оғзаки мурожаати унинг ёзма тарздаги мурожаати билан бир хил аҳамиятга, яъни мақомга эга. Бунинг мазмуни шундан иборатки, мурожаат қандай шаклда қилинганидан қатъи назар, албатта, қабул қилиниши ва кўриб чиқилиши шарт. Мурожаат қилишда оғзаки ёки ёзма шаклдан фойдаланиш фуқаронинг ҳуқуқи ҳисобланади ва унга мурожаат шаклини ўзгартириш бўйича талаб қўйилиши мумкин эмас. Қонун фуқароларнинг давлат органларига ихтиёрий ва эркин мурожаат этиш ҳуқуқини кафолатлайди. Бу бирор-бир шахснинг фуқарони давлат органларига ариза, таклиф ёки шикоят билан мурожаат қилишга мажбурлаши, ёки бундай мурожаатдан воз кечишига ундаши, шунингдек, мурожаатга қарши қаратилган ҳаракатларда иштирок этишга мажбурлаши каби хатти-ҳаракатларнинг ғайриқонунийлигини англатади.

    Таъкидлаш жоизки, фуқаролар ўзларининг давлат органларига мурожаат этиш ҳуқуқларини амалга оширишда бошқа шахслар, жамият ва давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмасликлари шарт. Бундай мажбурият Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20-моддаси мазмунидан келиб чиқади. Унга кўра, ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахслар, жамият ва давлатнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига зарар етказмаслиги лозим. Ушбу қоидани бузган шахс, шунингдек, фуқаронинг туҳмат ва ҳақоратдан иборат ариза, таклиф ёки шикоят берганлиги, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишга сабаб бўлади. Фуқаро мурожаатини кўриб чиққан давлат органи мурожаат муаллифига мурожаатни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида хабар бериши лозим. Айни пайтда, фуқаро мурожаат қилишда унинг шаклини (оғзаки ёки ёзма) танлаш ҳуқуқига эга бўлгани ҳолда, мурожаатни кўриб чиққан давлат органи ва унинг мансабдор шахси ҳар қандай ҳолатда ҳам фақат ёзма жавоб бериш мажбурияти сақланиб қолади.

    Фуқароларнинг мурожаатлари давлат органларида белгиланган тартибда умумлаштирилиб, таҳлил этиб борилиши, айниқса муҳимдир. Зеро, мурожаатларнинг таҳлили фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек, жамият ва давлат манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаш ва ўз вақтида бартараф этиш, амалиётда такрорий мурожаатлар кўпайишининг олдини олишда катта аҳамият касб этади. «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг 22-моддасида фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқувчи давлат органлари ариза, таклиф ва шикоятларни умумлаштиришлари ҳамда таҳлил этиб боришлари белгиланган. Бу, ўз навбатида, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.

    Нодир Муҳиддинов,

    ТДЮУ Ихтисослаштирилган
    филиали ўқитувчиси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates