Янги қонун ҳокимиятлар бўлиниши тамойилини амалда таъминлайди

    Фикр 29 сентябр 2020 2014

    Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётган бугунги янгиланишлар жараёнида барча соҳа ва тармоқларда шиддаткор замон талабига ҳамоҳанг ислоҳотлар изчил ва тизимли равишда, жадал давом эттирилмоқда.

    Мазкур ҳаётбахш ўзгаришлар кейинги вақтларда ҳокимият вакиллик органлари, хусусан, парламент ислоҳотларида ҳам ўз аксини топмоқда.

    Депутатларнинг сайлов округларидаги сайловчилар билан ҳамкорлигининг шакллари ва усуллари, ижро этувчи ҳокимият органларига мавжуд муаммоларни ҳал этишда кўмаклашиш, ҳудудларда таъсирчан парламент назоратини амалга оширишнинг замонавий механизмлари ­ҳаётимизга тобора чуқур кириб келмоқда. Айниқса, парламент назоратини юритишнинг янги шакли — ҳукуматнинг ҳар чораклик ҳисоботини эшитиш халқ ноиблари фаолияти самарадорлигини ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

    Ўз навбатида, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг фаолияти ҳам янгича мазмун-моҳият билан бойитилди. Парламент аъзолари маҳаллий кенгашларнинг ишида доимий асосда иштирок эта бошлади. Сенаторлар ва барча даражадаги депутатларнинг ўзаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари билан узоқ йиллар давомида ўз ечимини кутиб ётган кўплаб муаммолар ечим топмоқда.

    Натижада депутатлар бугун сайловчилар манфаатларини чинакам ифода этувчи халқ вакиллари сифатида майдонга чиқишга интилаётир. Жамият ва халқ ҳаётига дахлдор долзарб масалалар бўйича очиқ баёнотлар, дадил позициялари билан чиқаётган депутатлар сафи кенгайиб бормоқда.

    Албатта, бу борада ҳаётга жорий этиб борилаётган чора-тадбирлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган ғоялар билан бевосита боғлиқ. ­Ўзбекистоннинг яқин истиқболдаги тараққиёт йўлини белгиловчи бош устувор ҳужжат саналган мазкур стратегия асосида ҳар йили қабул қилинаётган давлат дастурларида ҳам парламент ва маҳаллий вакиллик органлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган қатор ислоҳотлар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда.

    Шу маънода, Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили давлат дастурида ҳам Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорлигини янада кучайтириш масалаларига алоҳида ўрин берилгани бежиз эмас. Шундан келиб чиқиб, бу йилдан бошлаб Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторлар ҳудудлардаги маҳаллий кенгашларга масъул этиб бириктирилиб, уларда “сенаторлар хоналари” ташкил этилди.

    Президентимизнинг Олий Мажлисга ­Мурожаатномасида бу борадаги янгиланишлар изчил давом этиши, вилоят ва туман ҳокимлари ўз дастурлари ва уларнинг ижроси тўғрисида вилоят кенгашларида ҳисобот берадиган тизим жорий қилиниши таъкидланиб, бу борадаги ишларнинг самарасини ошириш мақсадида маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида кенгаш сўрови институтини жорий этиш таклиф этилди.

    Ана шу мақсадда Олий Мажлис Сенатига, Адлия вазирлигини жалб этган ҳолда, ҳокимларнинг ваколатларини қайта кўриб чиқиш ва уларга хос бўлмаган ҳамда бир-бирини так­рорлайдиган функцияларни тегишли органларга ўтказишни таъминлаш бўйича таклиф тайёрлаш вазифаси топширилди.

    Дарҳақиқат, мамлакатимизда кейинги йилларда маҳаллий кенгашлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратиб борилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Жумладан, ҳоким, ҳоким ўринбосарлари, прокуратура, адлия, ички ишлар, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимлари ва бошқа идоралар раҳбарларининг кенгашлар олдида ҳисобот бериб бориш амалиёти қонун билан мустаҳкамлаб қўйилди.

    Бироқ маҳаллий вакиллик органлари фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш вазифаси ҳокимликларнинг ташкилий-назорат гуруҳлари томонидан амалга ошириб келинаётгани халқ депутатлари кенгашларининг янада фаол ишлашига муайян маънода халақит бериб келаётганди.

    Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили давлат дастури доирасида ишлаб чиқилиб, жорий йил 14 сентябрь куни Президентимиз томонидан имзоланган “Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан ­Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун ушбу муаммолар ечими йўлида муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Бинобарин, маҳаллий кенгашларнинг доимий асосда ишлайдиган котибиятлари ташкил этилиши фаолият самарадорлигини оширишга туртки бўлади.

    Мазкур қонун билан “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонунларга кенгаш котибиятига оид нормалар билан боғлиқ ўзгартиш­лар киритилди.

    Жумладан, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунда халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгаши фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш вазифасини ҳокимликлар аппаратидан тегишли халқ депутатлари кенгаши котибияти зиммасига ўтказиш белгиланди. Котибият юридик шахс ҳисобланиши ва унинг фаолияти тегишли маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилиши, котибият тузилмаси, штатлари, ходимларининг меҳнат ҳақи миқдори ва моддий-техник таъминоти, шунингдек, уларнинг ишлаши учун зарур харажатларни тегишли халқ депутатлари кенгаши томонидан тасдиқланиши, котибият ходимларининг меҳнатга оид муносабатлари маҳаллий кенгашларнинг ваколат муддатига боғлиқ бўлмаслиги белгилаб қўйилди. Котибият давлат герби ва ўз номи туширилган муҳрига ҳамда бланкига эга бўлиши, котибиятнинг намунавий низоми ва намунавий тузилмаси Олий Мажлис Сенати Кенгаши томонидан тасдиқланишига оид нормалар мустаҳкамланди.

    Шунингдек, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, эндиликда халқ депутатлари кенгаши депутатини ҳужжатлар, зарур ахборот ва маълумот материаллари билан таъминлаш, шунингдек, депутатлик фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича мутахассисларнинг маслаҳатларини уюштириш вазифаси вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари зиммасидан халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгаши котибиятига ўтказилади.

    Шу билан бирга, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 17 августдаги “Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, эксперимент тариқасида ташкил этилган халқ депутатлари Тошкент шаҳри ва туманлар кенгаши котибиятлари икки йил давомида синов тариқасида фаолият юритиб келгани ва ўз самарасини кўрсатгани ушбу қонун қабул қилинишида тамал тоши бўлди.

    Бу фикримизнинг далили сифатида биргина ушбу йилнинг саккиз ойи мобайнида халқ депутатлари Тошкент шаҳри ва туманлар кенгашлари фаолиятига назар ташласак, 66 марта ҳоким ўринбосарлари, бош бошқарма, бошқарма бошлиқлари ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотлари эшитилди. Жорий йил иккинчи чораги якуни бўйича эса халқ депутатлари туман кенгашлари томонидан 130 та сессия ўтказилиб, уларда раҳбар-мутасаддилар 471 марта ҳисобот тақдим этган.

    2020 йилнинг олти ойида халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши депутатлари томонидан 360 га яқин депутат сўрови юборилган бўлиб, уларнинг 20 га яқини кенгаш сессияларида атрофлича муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган.

    Бу ўринда биргина амалий мисолни келтириб ўтишнинг ўзи етарли. Жорий йил 24 июль куни халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгашининг саноат, транспорт, қурилиш, алоқа ва аҳолига хизматлар кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссияси ташаббуси билан ўтказилган сессияда пандемия бўйича пойтахтдаги вазият атрофлича муҳокама қилиниб, Тошкент шаҳри Давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси бошлиғи ҳамда Тошкент шаҳри Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази раҳбарининг коронавирусга қарши курашиш, бу борадаги мавжуд аҳволни ўнглаш юзасидан амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботлари эшитилгач, депутатлар томонидан ҳар икки раҳбарнинг фаолияти қониқарсиз, ўзлари эса вазифасига нолойиқ, деб топилди.

    Демоқчимизки, мазкур қонун билан маҳаллий вакиллик органлари фаолиятига бевосита кўмаклашувчи тузилмани ташкил қилиш орқали, биринчи навбатда, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари томонидан давлат бошқаруви органларининг фаолияти устидан таъсирчан ва натижадор депутатлик назорати амалда таъминланишига эришилади. Зеро, бу амалиёт эксперимент тариқасида Тошкент шаҳри мисолида ўзини оқлади.

    Президентимизнинг “Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида”ги фармонида, шунингдек, Сенатга халқ депутатлари Тошкент шаҳри ва туманлар кенгашларига Тошкент шаҳри ва туманлари ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан самарали депутатлик назоратини ташкил этиш ҳамда амалга оширишда кўмаклашиш, Сенатга кўриб чиқиш учун киритилаётган масалаларни халқ депутатлари кенгашлари йиғилишларида муҳокама қилиш амалиётини жорий этиш, халқ депутатлари кенгашлари мурожаатлари бўйича ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини ўз мажлисларида кўриб чиқиш тавсия этилганди.

    Таъкидлаш жоизки, мазкур масалаларда ҳам Сенат билан Тошкент шаҳри ва туманлари кенгашлари ўртасида изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, кўплаб муҳим масалалар биргаликда муваффақиятли ҳал этилмоқда.

    Мухтасар айтганда, маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида ушбу янги институтнинг жорий этилиши маҳаллий кенгашлар фаолиятини ахборот-таҳлилий, ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа жиҳатдан таъминлаш, доимий комиссияларнинг назорат соҳасидаги ваколатларини самарали амалга оширишга кўмаклашиш, маҳаллий ижроия ҳокимияти, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа идоралар раҳбарлари ва мансабдор шахсларининг ҳисоботлари эшитувини ташкил қилишга яқиндан кўмаклашиш имконини яратди.

    Шу билан бирга, маҳаллий кенгашлар депутатлари томонидан юридик ва жисмоний шахсларни қабул қилиш билан боғлиқ ишларни ташкил этиш, мурожаатларнинг ҳисобини юритиш ва уларнинг ижросини назорат қилиш, маҳаллий кенгаш фаолиятига оид тадбирлар тўғрисидаги хабарлар тайёрланишини ва оммавий ахборот воситаларида чоп этилишини, маҳаллий кенгашнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилишини ташкил этиш ҳамда маҳаллий кенгаш ва унинг доимий комиссиялари қарорлари лойиҳаларининг Конституцияга ва бошқа қонунларга, шунингдек, юридик техника талабларига мувофиқлигини кўриб чиқиш, мазкур ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш, норматив-ҳуқуқий тусга эга қарорларнинг маҳаллий кенгаш муҳокамасига киритилишидан олдин тегишли адлия бош­қармаларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилишини ташкил қилиш ишларини янада осонлаштиради.

    Хулоса қилиб айтганда, маҳаллий кенгашлар ҳузурида котибиятларнинг ташкил этилиши ҳокимиятлар бўлиниши тамойилини амалда рўёбга чиқаради, яъни ижро этувчи ва қонун чиқарувчи ҳокимият фаолиятини алоҳида олиб бориши натижасида ҳокимлик­лар иши устидан депутатлик назорати самарадорлиги ортишига хизмат қилади.

    Дилором ТОШМУҲАМЕДОВА,

    Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates