Янги қонун: ишонч, хотиржамлик ва дахлдорлик ҳисси

    Қарийб тўрт йил мобайнида 108 мингдан зиёд юртдошимизнинг орзуси ушалди. Бу ватанли бўлиш, Ўзбекистонда тенг ҳуқуқли яшаш, ўз уйида доимий рўйхатдан ўтиш нияти эди.

    Қарийб тўрт йил мобайнида 108 мингдан зиёд юртдошимизнинг орзуси ушалди. Бу ватанли бўлиш, Ўзбекистонда тенг ҳуқуқли яшаш, ўз уйида доимий рўйхатдан ўтиш нияти эди. Бугун улар бахтиёр кайфиятда юртимиз тараққиёти йўлида меҳнат қилмоқда. Халқчил ислоҳотлардан миннатдор. Президентимизнинг ташаббуси билан амалга татбиқ этилган фуқаролик масалаларига оид қонунчилик такомиллаштирилгани ҳали яна кўплаб ватандошларимиз ҳаётида туб бурилиш ясаши табиий.

    Гап шундаки, мамлакатимизда фуқаролик масаласига, паспорт тизими ислоҳотларига доир яна бир муҳим тарихий ҳужжат – 28 йил амалда бўлган, бугунги замон талабларига жавоб бермайдиган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонун 2020 йил 13 март куни янги таҳрирда қабул қилинди ва 15 сентябрдан тўлиқ кучга кирди.

    – Мазкур қонун билан қандай янги тартиблар жорий этилди?

    Алишер ҲАМРОЕВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари:

    – 2020 йил 24 январда Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида фуқаролик масалаларига оид қонунчиликни такомиллаштириш зарурлигини алоҳида таъкидлаган, хусусан, мамлакатимизда узоқ вақтдан буён яшаб келаётган, лекин Ўзбекистон фуқароси ҳуқуқий мақомига эга бўла олмаётган юртдошларимизнинг бу муаммосини қонуний ҳал этиш бўйича вазифаларни белгилаб берган эди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 25 октябрдаги “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам бу масалага эътибор қаратилганди.

    Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги янги қонун 10 боб, 58 моддадан иборат бўлди.

    Эндиликда мамлакатимизда узлуксиз 5 йил яшаган хорижий давлат фуқаролари, агар хорижий давлат фуқаролигидан чиқишни расмийлаштирган бўлса, шунингдек, яшаш гувоҳномасига эга фуқаролиги йўқ шахсларга умумий тартибда, хорижий давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланган ватандошларга соддалаштирилган тартибда Ўзбекистон фуқаролиги тақдим этилади. Алоҳида ҳолларда Президент ташаббуси билан ҳам фуқаролик берилади.

    Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги йўқотилишига асос сифатида хорижда яшовчи шахснинг узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмаслик муддати 3 йилдан 7 йилга узайтирилди.

    Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш шарти сифатида давлат тилини мулоқот учун етарли даражада билиш бўйича талаблар киритилди. Бу энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Аввало айтиш жоизки, фуқаролик беришда давлат тилини билишга талаб қўйиш халқаро тажрибада ҳам кузатилади. Мантиқан ёндашганда эса қайсики юртда доимий яшаш истагини билдириб, фуқароликка қабул қилинган шахс давлат тилида мулоқот қилишни билмаса, қандай яшайди ахир?! Албатта, қонунда фуқароликка қабул қилинаётган шахс давлат тилини мукаммал билиши талаб этилмайди, шунчаки мулоқот даражасида билса бўлди. Бу мезонни Вазирлар Маҳкамаси белгилайди ва талаблар тест шаклида баҳоланади.

    Қонун билан эр-хотиннинг никоҳдан кейин 1 йил биргаликда яшаш шарти ҳамда шу муддатда ажрашиб кетишса доимий рўйхатдан чиқариб юборилиш тартиби ҳам бекор қилинди. Эндиликда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштириш чоғида фарзандни отаси ёки онасининг доимий яшаш жойи бўйича автоматик тарзда Ички ишлар вазирлиги “Манзил” тизими орқали рўйхатга олиш механизми яратилди. Шунингдек, оилага тарбияга олинган (патронат) шахсларни тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш имконияти яратилди.

    Яшаш жойи бўйича доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан яшаш муддати 10 кундан 15 кунга узайтирилди. Доимий яшовчи ҳамда яшаш гувоҳномасига эга чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг хорижга кетиши учун ҳужжатларини расмийлаштириш тартиби соддалаштирилиб, кўриб чиқиш муддатлари чет эл фуқаролари учун 7 иш куни, фуқаролиги бўлмаган шахслар учун 15 кун этиб қисқартирилди. Шу вақтгача чет эл фуқароларига кетиш ҳужжатлари 1 ой, фуқаролиги бўлмаган шахсларга 2 ой давомида расмийлаштирилар эди.

    Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида доимий пропискага эга бўлган Ўзбекистон фуқаролари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларда кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкаси бекор қилинди. Рўйхатга туриш учун фуқаро эмас, уй-жой мулкдори ўзига қулай ва яқин бўлган ички ишлар органига бориб, шу куннинг ўзида фуқаронинг доимий рўйхатга олинишини расмийлаштириши мумкин бўлади.

    Янги қонунда фуқаролик масалаларига доир ишларни юритиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ваколат доирасига бевосита тегишли бўлмагани сабабли Парламент ваколатлари қонун ҳужжатида акс эттирилмаган. Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги қонун ижроси назоратини “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги қонун ҳужжатларига асосан “Парламент назорати” шаклида амалга оширади.

    Вазирлар Маҳкамаси эса ўз ваколат доирасида “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги қонуннинг 8-19-моддалари асосида давлат бошқаруви тизимга кирувчи идораларнинг фуқаролик тўғрисидаги ишларни юритиш фаолиятини ташкил этиш чораларини кўради.

    – Фуқароликни бериш ва доимий рўйхатга қўйиш тартиби қай тарзда амалга оширилади? Бунинг учун қандай ҳуқуқий асос ва ҳужжатлар талаб қилинади?

    Улуғбек МУХАМЕДОВ: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи:

    Аввало, янги қонундаги энг асосий янгиликлардан бири сифатида – 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистонга кириб келган ва доимий яшаш учун рўйхатдан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда мазкур қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон фуқароси, деб тан олинишини айтиш мумкин. Юртимизда яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган 95 минг 857 шахсдан 49 минг 228 нафари 1995 йилнинг 1 январига қадар доимий рўйхатдан ўтган. Янги қонун билан эса қолган 50 мингга яқин юртдошимизнинг фуқаролик билан боғлиқ муаммоси ҳал этилиши учун яхши имконият пайдо бўлди.

    2016 йилга қадар 482 фуқаролиги бўлмаган шахсга фуқаролик берилган бўлса, 2016 йил декабрь ойидан буён Президентимизнинг 58 Фармони билан 16 мингдан ортиқ юртдошимиз Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлди. Тошкент шаҳрида 68 минг 649, Тошкент вилоятида 23 минг 623 Ўзбекистон фуқароси доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинди.

    Янги қонун билан фуқароликни бериш, доимий рўйхатга қўйиш тизимидаги ўзгаришлар, бунинг учун талаб этиладиган ҳуқуқий асос ва зарур ҳужжатлар, қайси идорага ва қай тартибда мурожаат қилиш масаласи бугун кўпчиликни қизиқтираётгани табиий.

    Фуқароликка қабул қилиш учун Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар доимий истиқомат жойларидаги ички ишлар органлари орқали мамлакат Президенти номига фуқароликка қабул қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади.

    Икки нусхадаги ариза-сўровномага хорижий фуқароликдан чиққанлик тўғрисида гувоҳлик берувчи ҳужжат (фуқаролиги бўлмаган шахслардан ташқари), икки нусхада таржимаи ҳол, кун кечиришнинг қонуний манбалари мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат (иш жойидан маълумотнома ёки иш ҳақи, пенсия, нафақа, диведендлар ва кун кечиришнинг бошқа манбалари кўрсатилган бошқа ҳужжат), тўртта фотосурат, икки нусхада оиласининг таркиби тўғрисида иш жойидан маълумотнома, давлат божи тўланганлиги ёки уни тўлашдан озод қилинганлиги ҳақидаги ҳужжат илова қилинади.

    Чет элда доимий яшовчи шахслар эса Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш юзасидан ўзлари яшаб турган мамлакатдаги дипломатия ва консуллик муассасаларимиз орқали Ўзбекистон Республикасининг Президенти номига ариза ва тегишли ҳужжатлар билан мурожаат этадилар.

    Ўзбекистон фуқароларига яшаш жойи бўйича доимий рўйхатни расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиётидан воз кечилиб, доимий рўйхатга эга бўлиш ҳолати рақамлаштирилди.

    Электрон доимий рўйхатга олинишни расмийлаштиришда аввалги яшаш жойидан рўйхатдан чиқиш механизми бекор қилинди. Шунингдек, ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий рўйхатни расмийлаштиришдан олдин мудофаа ишлари бўлимларига ҳарбий ҳисобдан чиқиш ва ҳарбий ҳисобга туриш учун бориш тартиби бекор қилиниб, ушбу жараённи идоралараро электрон маълумот алмашинуви дастури орқали амалга ошириш йўлга қўйилди. Масалан, фуқаро Сурхондарё вилояти Денов туманида доимий рўйхатга эга бўлса, Тошкент шаҳрининг қайсидир туманига рўйхатга қўйиш учун аввалги манзилига яна қайтиб бориб, ҳарбий хисобдан ва доимий рўйхатдан чиқиши шарт эмас. Бу жаарён янги манзилга рўйхатга қўйиш учун мурожаат этган миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси томонидан идоралараро электрон маълумот алмашинуви тизими орқали автоматик тарзда амалга оширади.

    Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни ички ишлар органларининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматлари томонидан доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш ва рўйхатдан чиқариш тартиблари ҳам соддалаштирилди. Жумладан, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга қўйганлик ҳамда бошқа кўрсатилган хизматлар учун ундирилган давлат божи биллинг тизими орқали амалга оширилмоқда Эслатиб ўтамиз, шу вақтгача қонунчиликда давлат божи тўланганлиги ҳақидаги квитанцияни тақдим этиш тартиби мавжуд эди.

    Бошқа давлатлардан келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни расмийлаштиришда штамп босиш амалиётидан воз кечиб, ўрнига QR-CODE билан ҳимояланган қайд варағини бериш ҳамда вақтинча рўйхатга олиш электрон тизими яратилди.

    Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни расмийлаштиришда Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматларига бориш мажбурияти бекор қилинди. Бунга қадар уй эгаси билан чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ҳам келиши керак эди. Шунингдек, уларни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш ва рўйхатдан чиқариш жараёнлари рақамлаштирилди. Бунда чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар тегишли ҳужжатларни қоғоз шаклида йиғиб келиб тақдим этиши шарт бўлмайди.

    Республиканинг бошқа минтақаларида доимий яшовчи ҳамда яшаш гувоҳномасига эга чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вилоятларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби соддалаштирилди. Энди доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш учун мурожаат этган фуқаро тасдиқланган рўйхатга тушмаган бўлсада, фақат уй эгасининг розилиги етарли бўлади Шу вақтгача қонунчиликда фақатгина доимий рўйхатга олиниши лозим бўлган шахсларнинг тасдиқланган рўйхатига киритилган фуқароларгина доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиши мумкин эди.

    Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий рўйхатдан ўтказишда унинг туғилганлик ҳақидаги, никоҳ тузилганлиги ҳақидаги, ўлим ҳақидаги гувоҳномаларни (агар ушбу гувоҳномалар Ўзбекистонда берилган бўлса) ҳамда кадастр ҳужжатларини талаб қилиш тартиби ҳам бекор қилинди.

    Бир сўз билан айтганда, мамлакатда амалга жорий этилган фуқаролик масалаларига оид янги тизим янгиланаётган Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда имижини янада юксалтириш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, юртдошларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши йўлидаги муҳим ислоҳотлардан яна бири бўлди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates