Янги уй – янги орзу ва умидлар рўёби

    Шу йил Наврўз байрами арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Чирчиқ шаҳридаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечирганди. Ўшанда давлатимиз раҳбари шаҳарнинг “Шодлик” маҳалласида қурилган 4 та 16 қаватли уй қурилиши билан ҳам танишган, Тошкент вилоятида илк бор Чирчиқда қад ростлаётган бундай кўп қаватли уйлар, энг аввало, ногиронлиги бор, уй-жойга муҳтож аҳолига берилиши ҳақида топшириқлар берган эди.

    Орадан тўрт ой ўтиб, мустақиллигимизнинг 30 йиллик шодиёнаси арафасида узоқ йиллар ўз уйи бўлишини орзу қилиб яшаган, бу орзусига қандай етишни билмай, сарсон юрган юртдошларимиз шу уйларда янги ҳаёт бошлади.

    Ўзбекистонда қарийб 25 йил мобайнида кўп қаватли уйлар деярли қурилмади ҳисоб. Лекин аҳоли нуфуси кўпая борди. Натижада мамлакатда уйсиз аҳоли сони ортаверди. Бу, ўз навбатида, кўплаб маиший муаммоларни келтириб чиқарди. Ота-бола, дўсту ёр ўртасида меҳр-оқибат ришталари узилди. Чунки уй масаласи ҳаёт-мамот масаласига айланиб қолганди. Бу, айниқса, шаҳарлашув жараёнида жуда жиддий фожиа эди.

    Кейинги 5 йилда мамлакат бўйлаб жадал қурила бошлаган кўп қаватли уйлар, биринчи навбатда, унга муҳтож, кам таъминланган, ногиронлиги бор юртдошларимизга берилиши яқин қариндошлар ўртасида муносабатларнинг тикланишига ҳам сабаб бўлди...

    Дарҳақиқат, мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган хайрли ташаббуслардан бири — кўп қаватли уйларнинг қад ростлаши бўлди. Бу орқали уйга эҳтиёжманд кўплаб оилаларнинг орзуси ушалди. Маошини ижара учун топширган аҳолига ҳам қулайлик яратилдики, эндиликда улар шу маблағни ипотека кредити асосида олинган уйга йўналтирмоқда. Яхши томони, уй ўзига қолади. Ватан ичра кичик ватанли бўлиш эса аҳолига хотиржамлик улашмоқда, бахту саодат сари йўл очмоқда.

    Бу жараёнда Чирчиқ шаҳри ҳам кундан-кун ривожланиб, тараққиёт сари юз тутаётгани ҳақида гапириш ўринли. Шунга мувофиқ, ҳудуд аҳолиси сони ҳам ортиб бормоқда. “Шодлик” маҳалласида қад ростлаган тўртта 16 қаватли уй аҳолининг ўсиб бораётган талабини таъминлашга хизмат қилади. Мазкур уйларда жами 288 та хонадон мавжуд.

    — Президентимизнинг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида шаҳримизда 408 хонадонли 8 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган, — дейди Чирчиқ шаҳар ҳокими ўринбосари Рустам Тошхўжаев. — Қувонарлиси, 16 қаватли уйларнинг қад ростлаши шаҳримиз чиройига чирой қўшиш баробарида, аҳолимиз учун муносиб совға бўлди. Айни пайтда 128 хонадондан иборат ана шундай 2 та кўпқаватли уй фойдаланишга топширилди. 160 хонадонли яна 2 та уй эса йил охиригача аҳоли кўчиб кириши учун тайёр ҳолатга келтирилади. Бундан ташқари, ҳудудимизда аҳоли эҳтиёжини ҳисобга олиб, 120 хонадондан иборат 4 та 5 қаватли уй қурилиши ҳам режалаштирилган. Шу кунларда бу уйларнинг 3 тасида ички ва ташқи пардозлаш ишлари олиб бориляпти. Битта уйда қурилиш ишлари якунига етмоқда. Тез кунларда барча хонадонлар ўз эгаларига топширилади.

    Бугун бу уйларга кўчиб ўтган юртдошларимиз ўз ҳаётидан мамнун, тақдиридан рози. Айниқса, ногиронлиги бор ҳамда уй-жойга муҳтож аёлларга, ўз соҳасида алоҳида ўрнак кўрсатаётган ёш оилаларга ҳам шу уйлардан жой ажратилгани, имтиёз яратилгани бугунги ислоҳотлар самарасидир, десак муболаға бўлмайди. Уйли бўлган юртдошларимиз “бу имтиёзлар ҳаётимизда туб бурилиш ясади”, дея эътироф этмоқда.

    Дилдан дилга кўчаётган қувончлар чексиз

    Биз Динора Муродованинг эшигини қоқдик. Мақсадимизни эшитиши ҳамоноқ қувонч ёшларини тутиб туролмади. Бир кулиб, бир йиғлаб, бизни уйига таклиф қилди. Бир-бир хоналарга кўз ташладик. Кенг ва шинам хоналар дид билан таъмирланган, жиҳозланган. Айвонга чиқдик. 15-қаватдан ям-яшил шаҳар кафтдек кўриниб туради. Шаҳарга туташ адирлар, адирлар поёнидаги муҳташам тоғлар кўнгилга ҳузур бағишлайди. Динора опани янги уй билан табрикладик, тилаклар билдирдик.

    Динора Муродова шаҳардаги 2-мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи бўлиб ишлайди. Турмуш ўртоғи бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этгач, унинг ҳаёти ўзанидан чиқди. 10 ёшли Малика, 8 ёшли Аидани бағрига босганича изиллаб қолаверди. Боз устига юраги остида яна бир митти юракча уришни бошлаган эди. Дадасидан яна бир ёдгор Гулнур туғилгач, дарди бироз енгиллашди.

    Бироқ шу орада улар яшаб турган уй сотувга қўйилди. 3 нафар қизи билан Динора опа кўчада қолди. Уларга ажратилган бироз маблағ ижара учун сарфланди. Чирчиқ шаҳар ҳокимлигига бир неча марта ариза билан мурожаат қилди. 16 қаватли уйнинг қад ростлаши Динора Муродова каби уйга эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган кўплаб оилаларга имконият эшигини очди. Давлат томонидан уй суммасининг 10 фоизи субсидия асосида тўлаб берилди.

    — Бу уйга кўчиб ўтгунча қандай яшадим, эслагим ҳам келмайди, — дейди Динора опа. — Оилада икки фарзандмиз: акам ва мен. Мен турмушга чиққач, онам ва акам оиласи билан Қозоғистонга кўчиб кетди. Бу ерда бориб тақиллатадиган эшигимиз йўқ эди. Яқинларимнинг олдига кетай десам, туғилиб ўсган юртимни кўзим қиймади. Қолаверса, турмуш ўртоғимнинг хоки шу ерда. Ижарама-ижара сарсон ҳаёт кечирдик.

    Ана шундай кунларнинг бирида ҳокимиятдан қўнғироқ қилишди. Имтиёз билан янги қурилаётган кўп қаватли уйдан хонадон олишимиз мумкинлигини айтишди. Рости, ўша пайтдаги қувончимни сўз билан таърифлаб беролмайман. Давлат томонидан уйнинг бошланғич тўлови тўлаб берилди. Акам ҳам қараб турмади, фарзандларидан орттириб ёрдам қилди. Мана, энди бизнинг ҳам ўз уйимиз бор. Ҳозир яна қўшимча иш қидиряпман. Чунки фарзандларимнинг келажаги учун кўпроқ ҳаракат қилишим керак. Ижарада яшаётган кезларимиз топганимни келтириб бировнинг қўлига тутқазардим. Баъзан бу алам қиларди. Энди эса ўз уйим бор-ку, деган тасалли бор. Бу уй — қоронғу ҳаётимда нур каби пайдо бўлди ва йиқилган жойимда ўрнимдан туришимга, ҳаётимни давом эттиришимга куч берди.

    Бугун ҳар бир инсон тақдири эътиборда. Ўтган йилдан бошлаб боқувчисини йўқотгани, фарзандлари ёшлиги инобатга олиниб Д.Муродова “Шодлик” МФЙ томонидан “Темир дафтар”га рўйхатга олинди. Шаҳар ҳокимлиги, маҳалла фаоллари оила ҳолидан мунтазам хабар олиб турибди.

    Янги уйли бўлган 2-гуруҳ ногирони Нафиса Воҳидованинг ҳам бугун қувончи ичига сиғмайди...

    Нафиса кўзида нуқсон билан туғилган. Ўшанда онаси ҳали шифокорга чопди, ҳали табибга. Кетма-кет жарроҳлик амалиётларидан сўнг қизалоқнинг кўриш қобилияти ҳар ҳолда ижобий томонга ўзгарди. Бироқ даволаш амалиёти ва муолажалар учун яшаб турган уйларини сотишга мажбур бўлишди. Уларнинг ҳам куни ижара уйларда ўтди. Онасининг топгани оила эҳтиёжига етмагани туфайли Нафиса ҳам ишга кирди. Чирчиқ шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасидан ўз ўрнини топди.

    Давлат томонидан ажратилган субсидия уларнинг жонига оро кирди: янги уйга кўчиб ўтишди.

    — Биз уй олиш учун кўп ҳаракат қилдик. Бироқ ҳаракатларимиз зое кетди. Кредит суммаси жуда қиммат эди. Шу ўринда ҳукуматимиз ёрдамга келди. Бу уйнинг бошланғич маблағи эса, давлатимиз томонидан тўлаб берилди. Ипотека кредити 20 йилга тақсимланди. Онам иккаламиз ҳаракат қилсак, аста-аста тўлаб борсак бўлади. Муҳими, энди уйимиз бор. Ҳар тонг кўз очганимда, бировнинг уйидаман, ҳозир эшик тақиллатиб келиб қолади, деган хавотирдан йироқман.

    Бу уйда яшовчилар орасида тақдири мана шундай мураккаб юртдошларимиз яна бор. Уларнинг аксарияти уйсиз қийналган, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган. Бироқ давлатимиз томонидан ўз вақтида, ўз ўрнида берилган кўмак ва эътибор туфайли улар яна ҳаётга қайтди. Янги уй янги орзуларни, эзгу ниятларни амалга оширишига имкон беради. Чунки муқаддас саналадиган оиланинг ўз мустақил қўрғони бўлса, барча ниятлар албатта ижобат бўлади.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates