Янгича руҳ ва янгича ёндашув билан

    Ўзбекистон учун 2022 йилнинг энг муҳим ва муҳокамалар марказида бўлаётган йил мавзуси бу — Бош қонунимизни ислоҳ қилишдир. Тузилган Конституциявий комиссия томонидан фуқароларнинг ўз таклиф ва мулоҳазаларини юбориши ва уларнинг қулай бўлиши учун турли платформалар ҳам яратилди.

    Қайд этилишича, бугунги кун ҳолатига кўра, Комиссияга фуқаролардан 60 мингдан ортиқ таклиф келиб тушган.

    Конституциявий комиссия томонидан тайёрланган таклифлар чуқур муҳокамадан ўтказилмоқда ва ҳозирда Қонунчилик палатасига киритиш босқичида турибди. Энди қонун, регламент асосида муҳокамалардан ўтказилади. Албатта янгиланган Конституция халқимизнинг келгуси фаровон ва обод ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамдир. Бугунги кунда мамлакатимизда кечаётган Президентимиз раҳбарлигидаги кенг кўламли ислоҳотлар янгича ёндашув ва янгича руҳ билан ҳаётимизнинг деярли барча жабҳаларини қамраб олган.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувини ҳам ушбу ислоҳотларнинг яна бир мантиқий давоми дейиш мумкин.

    — «Янгиланган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли Тараққиёт стратегиялари, умуман, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозим. Бир сўз билан айтганда, «Инсон қадри учун» ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган «Инсон-жамият-давлат» деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айлантиришимиз зарур. Яъни инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши керак»—деди ушбу мулоқотда Президентимиз.

    Шунингдек Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида янгиланган Конституцияда 4 та йўналиш устувор аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади. Хусусан, биринчи йўналиш инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқ ва манфаатлари масаласи этиб белгиланди. Иккинчи йўналиш эса Асосий қонунимизда «Ўзбекистон – ижтимоий давлат» деган ғояни мустаҳкамлаш дея қайд этилди. Чунки «инсон қадри» тушунчаси «ижтимоий давлат» тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ. Учинчи йўналиш эркин ва адолатли фуқаролик жамияти ривожланиши билан боғлиқ масала бўлса, тўртинчи йўналиш сифатида Ўзбекистонда инсонпарвар, демократик ҳуқуқий давлат қуриш масаласи сифатида белгиланди.

    Мамлакат раҳбари учрашув давомида «Миранда қоидаси»ни Конституцияга киритиш, бош Қомусимизга «Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмас», деб қатъий ёзиб қўйиш, «Ўзбекистон – ижтимоий давлат» деган ғояни мустаҳкамлаш, давлат иқтидорли ёшларни, уларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, доимо қўллаб-қувватлашини мустақил қоида сифатида белгилаш каби бир қатор муҳим таклифларни ўртага ташлади.

    Айтиб ўтиш керакки, асосий қонунимизнинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиш киритиш назарда тутилмоқда.

    Кундалик турмуш тарзимиз, мамлакатимизнинг келажаги билан боғлиқ барча долзарб жиҳатлар бу таклиф ва ўзгартишларнинг аксариятини қамраб олган дейиш мумкин. Шунингдек, Конституциявий ислоҳотларнинг кенг омма муҳокамасига қўйилиши ва халқнинг хоҳиш-иродасини инобатга олган ҳолда, референдум орқали қабул қилиш таклиф этилгани Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқаросини Ватан олдидаги бурч ва мажбуриятларига бефарқ бўлмасликка чақиради.

    Бош қонунга халқ эҳтиёжи ва замон талабидан келиб чиқиб ўзгартириш ёки унга қўшимчалар киритиш ҳар бир давлат тараққиётининг муайян босқичида юз бериши табиий жараён.

    Ривожланган мамлакатлар Конституциялари ҳам халқ иродаси ва талаби билан бир неча бор ўзгарган.

    Акмал Рўзитоев,

    Тошкент шаҳар ҳокимининг

    давлат тили бўйича маслаҳатчиси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates