Янгиҳаётда янги тажриба

    Туркиянинг “гебзи” форматида замонавий савдо ва саноат зонаси ташкил этилмоқда.

    Пойтахтимизнинг тобора чирой очаётган сўлим гўшаларининг бирида ўтган йили янги мақсад, янги марраларни кўзлаб ташкил этилган Янгиҳаёт туманида бугун ислоҳотлар авжида. Ҳудуднинг ҳар бурчагида катта-катта иншоотлар, баланд тураржойлар, йирик савдо ва саноат зоналари қурилиб, бирин-кетин фойдаланишга топширилмоқда.

    Туманни 2021—2023 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастури доирасида амалга оширилиши режалаштирилган 54 та йирик инвестицион лойиҳаларнинг бари аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда одамларни иш билан таъминлашга қаратилган.

    Президент фармони асосида жорий йилнинг февраль ойида тамал тоши қўйилган “Tashkent Index” савдо ва саноат зонаси ана шундай йирик инвестицион лойиҳалардан бири. Туманнинг 71 гектар майдонида қад ростлаётган мажмуанинг умумий қиймати 116,0 миллион АҚШ долларга тенг. Замонавий кўринишга эга лойиҳа инвестор “Mimar group” МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда.

    — Янгиҳаёт тумани Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир туманлари ва Тошкент вилоятининг Зангиота, Қуйичирчиқ, Янгийўл ва Ўртачирчиқ туманлари ҳудудларидан ер ажратиш ҳисобига ташкил этилган бўлиб, айни пайтда бу жойда 147 540 аҳоли истиқомат қилади, — деди туман ҳокимининг Инвестиция ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари Хотам Ташпўлатов. — Ҳудуднинг инвестицион салоҳияти юқори. Бу эса қисқа вақтда кўплаб ишларни амалга ошириш имконини беради. Хусусан, 2021—2023 йилларда умумий қиймати 8,1 триллион сўмлик 54 лойиҳанинг 41 таси жорий йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Инвестицион лойиҳалар натижасида тумандаги 14 мингдан зиёд аҳолининг бандлиги таъминланади. Бундан ташқари, 2023 йилда қуриб битказилиши кутилаётган “Tashkent Index” савдо ва саноат зонаси каби лойиҳалар ҳудуддаги 3000 тадан ошиқроқ тадбиркорлик субъектлари учун кенг имкониятлар эшигини очади.

    Йирик ва замонавий саноат зонасидан 3 мингдан ортиқ маиший хизмат дўконлари, 7500 ўринли автотураргоҳ, 120 та кичик ва ўрта ишлаб чиқариш корхоналари ўрин олади. Кенг майдон бўйлаб қад ростлайдиган мажмуалар икки қаватдан иборат бўлиб, бинонинг биринчи қавати савдо дўконлари, иккинчи қавати эса ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш учун мўлжалланмоқда. Лойиҳа негизида 10 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. Саноат зонаси фаолияти йўлга қўйилгач, йилига 60-80 миллиард сўм солиқ тушумлари давлат бюджетига тушади.

    Саноат зонасини барпо этишда жаҳон тажрибаси асосида илғор технологияларни қўллашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳудуд юртимиз тажрибасида янгилик бўлган Туркиянинг “гебзи” форматида ташкил этиляпти. Унга кўра, барча ишлаб чиқариш, сотиш ва хизмат кўрсатиш жараёнлари шу ҳудуднинг ўзида, логистика харажатларисиз амалга оширилади. Бунинг учун зонада ҳамма коммунал тармоқлар, чиқиндиларни утилизация қилиш, ёнғин ҳавфсизлиги, қўриқлаш хизматлари ҳамда бино ёнида Сергели темир йўл станцияси, божхона омбори мавжуд. Ҳудуднинг инфратузилмаси ҳам зарур талабларга жавоб беради. Шунингдек, саноат зонасининг ўзида автовокзал ташкил этилиб, вилоят ва туманлараро автобуслар қатнови йўлга қўйилиши мақсад қилинган.

    Жорий йилнниг 8 апрель куни Президентимиз ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мазкур саноат объекти имкониятларига урғу бериб, инфратузилма мавжуд бўлган бошқа ҳудудларда ҳам 20—50 гектардан майдонда ана шундай савдо ва саноат зоналарини қуриш бўйича кўрсатмалар берди. Боиси, ушбу йўналишда Янгиҳаёт туманида бошланган янги тажриба бошқа ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантиришга ҳам сезиларли ҳисса қўшади.

    Ана шундай йирик инвестицион лойиҳаларнинг ишга туширилиши аввало, тумандаги аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади. Айни пайтда Янгиҳаёт туманида 1208 та оила “Темир дафтар”, 1393 та хотин-қиз “Аёллар дафтари” ҳамда 1337 та фуқаро “Ёшлар дафтари” рўйхатида туришини инобатга олсак, юқоридаги лойиҳалар орқали минглаб инсонларни доимий даромад манбаи билан таъминлаш мумкин.

    Шу мақсадда тумандаги 210 гектар ер майдонида Индустриал Технопарк ташкил этиш ишлари ҳам бошлаб юборилган. Хўжаучқун, Жалойир ва Гулзор маҳаллалари билан туташган ерда барпо этилаётган Технопаркда иш бошлаш учун шу кунга қадар қиймати 6 триллион сўмлик 120 дан ортиқ лойиҳалар таклифи келиб тушган. Бу ерда асосан ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш, йигит-қизларнинг стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш кўзда тутилмоқда.

    Мазкур лойиҳалар орқали туманнинг экспорт салоҳиятини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Саноат зонасида экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, 2021 йил учун белгиланган 6,1 миллион АҚШ долларлик режани ортиғи билан бажариш режалаштирилган.

    Замонавий лойиҳалар билан илғор ҳаёт тарзига қадам қўйган Янгиҳаёт тумани аҳолисининг мақсадлари бисёр. Барча соҳаларда ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қаратилган инвестицион лойиҳалар эса ана шу мақсадлар рўёбига йўл очмоқда.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates