Япония Ўзбекистоннинг истиқболли лойиҳаларига қизиқиш билдирди

    Жорий йил 30 июлда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) президенти Ш.Китаока ўртасида видеомулоқот ўтказилди.

    Мулоқот давомида Ўзбекистоннинг энергетика, қишлоқ хўжалиги ҳамда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш соҳаларидаги лойиҳалар батафсил ўрганиб чиқилди. Ўзбекистонда мева ва сабзавотчилик соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун Япония молия институтининг қўшимча маблағларини жалб қилиш истиқболлари алоҳида муҳокама этилди.

    Шунингдек, янги лойиҳалар доирасидаги маблағлар Ўзбекистон иқтисодиётини амалий қўллаб-қувватлашга, хусусан, маҳсулотлари энг кўп талаб қилинадиган тармоқларда саноат ишлаб чиқаришини фаоллаштиришга, кичик ва хусусий бизнеснинг фаоллигини қўллаб-қувватлашга ҳамда ташқи савдони рағбатлантириш ва янги иш ўринларини яратишга йўналтирилиши таъкидланди.

    Ўзбекистон томони минтақавий аҳамиятга эга, хусусан, инфратузилмани такомиллаштириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган истиқболли лойиҳаларнинг амалга оширилишида Марказий Осиё давлатлари ва (USDFC) АҚШ Халқаро молия корпорацияси иштирокида ташкил этилиши режалаштирилган Инвестиция жамғармаси билан биргаликда Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) ҳам эҳтимолий иштирокини кўриб чиқиш ташаббуси билан чиқди.

    Видеомулоқот якунида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида янги лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш учун Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш масаласи бўйича келишиб олинди, деб хабар беради Инвестициялар в ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.