Япониянинг машҳур Михо музейида Ўзбекистон маданий меросига бағишланган кўргазма очилди

    Япониянинг жаҳонга машҳур Михо музейида “Цивилизациялар муштараклиги: Қадимий Марказий Осиёдан Шарқий Осиёга (Connecting Civilizations: From Ancient Central Asia to East Asia)” номли кўргазма очилди.

    Ушбу кўргазмада Бақтрия-Марғиёна археология мажмуига тааллуқли бўлган 130 дан ортиқ буюмлар тақдим қилинган бўлиб, улар орқали Марказий ва Шарқий Осиёнинг қадимдан ўзаро боғлиқ эканлиги, хусусан, бунда суғдийларнинг ўрни алоҳидалиги намойиш қилинган.

    Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Муҳсинҳўжа Абдураҳмонов мазкур кўргазманинг ташкил қилинганлиги учун музей маъмуриятига миннатдорлик билдирди ҳамда бундай тадбирлар икки мамалакат маданий-гуманитар алоқалари, хусусан, икки халқ ўртасидаги дўстлик алоқаларини ривожлантиришда юқори аҳамиятга эгалигини қайд этди.

    Шунингдек, жорий йил Ўзбекистон ва Япония дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг 30 йиллиги ва стратегик муносабатларнинг 20 йиллигини кенг нишонлаётганлиги ҳамда ўтган давр мобайнида икки мамлакат ўзаро ишонч, ҳурмат ва манфаатдорлик тамойиллари асосида барча жабҳаларда ўзаро алоқаларни ривожлантириб келаётганлиги мамнуният билан таъкидланди.

    Михо музейи директори Исао Кумакура коронавирус билан боғлиқ вазият туфайли 3 йиллик танаффусдан сўнг Марказий Осиё маданий меросига бағишланган бундай катта кўргазманинг ташкил қилинишидан мамнун эканлиги ҳамда ушбу тадбир орқали япон ҳамжамиятининг юртимиз ва унинг тарихига бўлган қизиқиши янада ортишига умид билдирди.

    Эслатиб ўтамиз, Михо музейи Япониянинг тарихий пойтахти – Киотодан унча узоқ бўлмаган ҳудудда жойлашган.

    Михо музейида Миср ва Месопотамиядан тортиб Хитойгача ҳамда қадимги Америка тамаддунига оид буюмлар тўпланган. Тўпламда, шунингдек, Марказий Осиё тарихига доир қадимги Бақтрия маданиятидан бошлаб илк ўрта асрлар даврига мансуб санъат намуналари салмоқли миқдорда мавжуд. Мазкур тўпламдаги энг қадимий буюмлар эрамиздан аввалги III минг йилликнинг охири – II минг йилликнинг бошларига оид бўлиб, улар Бақтрия-Марғиёна археология мажмуига тегишлидир.

    Марказий Осиёга доир тўпламдаги буюмларнинг асосий қисми милоддан аввалги I минг йилликда Окс (Амударё) воҳасидаги зардуштийлар санъатига тегишлидир. Милодий VI асрга оид тобут тахтаси бир мунча кейинги объектларга мансуб бўлиб, унда суғдларнинг турмуш тарзи акс этган.

    Михо музейи директори Исао Кумакура музей тарихи, фаолияти ҳамда кўргазма хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

    – Михо музейининг биноси Париждаги Лувр музейининг ойнали пирамидаси каби асарлари билан машҳур бўлган артитектор Ио Мин Пей томонидан лойиҳалаштирилган.

    Музей шаҳарлардан йироқда – ўрмон ичида яшил табиат қўйнида жойлашган бўлиб, унинг жойлашувининг фалсафий жиҳати – доимо қайта ташриф буюриш имкони мавжуд бўлган “Шафтоли водийси”ни яратишдан иборат бўлган.

    Бевосита бугунги кўргазма фаолиятига тўхталиб ўтадиган бўлсам, бизнинг музей бир неча йиллар давомида Марказий Осиё тарихига оид кўплаб қадимий буюмларни тўплаш имкониятига эга бўлганимизга қарамай, дунёдаги эпидемилогик вазият сабабли уларни тақдим қила олмадик. Шу жиҳатдан ҳам илк маротаба ташкил этилаётган “Цивилизациялар муштараклиги: Қадимий Марказий Осиёдан Шарқий Осиёга” кўргазмасининг очилиши биз учун юқори аҳамиятга эга.

    Михо музейи бош тадқиқотчиси Хажиме Инагакининг таъкидлашича, музей ташкил этилгандан кейин ўтган 20 йил ичида япон мутахассис ва олимлари томонидан қатор давлатларда археологик қазишмалар олиб борган ҳамда топилган артефактларнинг тадқиқоти амалга оширилиб, кўплаб тарихий парадоксларнинг ечимини топишга, музейда сақланаётган ва номаълум бўлган ёдгорликларнинг тарихини ўрганишга эришилган.

    Ушбу изланишлар ва ютуқлар бугунги Марказий Осиёга, хусусан, суғдийлар тарихи бағишланган кўргазмани ташкил этишда тамал тоши сифатида хизмат қилган.

    Кўргазмада 130 тага яқин экспонат тақдим қилинган бўлиб, улар орқали суғдийлар маданияти Бронза давридан Ўрта асрларга қадар цивилизация ривожида муҳим ўрин тутганини билиш мумкин

    Кўргазма жорий йил 11 декабрига қадар давом этади.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates